SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Дунёнинг турли давлатларида миллатлараро, этник ва диний асосдаги қарама-қаршиликлар, ички ва минтақавий можароларнинг авж олаётгани кузатилаётган даврда, уларни бартараф этиш учун маънавий юксаклик ва диний бағрикенглик қадимдан қарор топган. Ўзбекистоннинг ибратли тажрибасини муваффақият билан қўллаш мумкин. Бу турли динга мансуб халқларнинг кўп миллатли давлат шароитида тинчлик ва тотувликда яшай олиши тажрибасидир.

Ҳозирги шароитда глобаллашув жараёни мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётгани аён бўлмоқда. Ана шу жиҳатдан олганда, халқимизнинг маънавий оламини бундай таҳдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб бир замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холис ва мустақил фикрга эга бўлиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасига айланди. Бугунги кунда ҳар бир инсон ҳаётга очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қараши, жаҳонда ва ён-атрофида кундан кунга кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшаши лозим. Зеро, ҳар бир инсон, айниқса, ёш авлод онгида бу мураккаб ва таҳликали ҳаёт ва унинг шафқатсиз ўйинлари тўғрисида бирёқлама ва сохта тасаввур бўлишига йўл қўймаслик зарур.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби ғоят му­раккаб ва кўп қиррали мусулмон дунёсининг ажралмас қисмидир. Маълумки, бугунги кунда дунёда кўплаб расмий ва норасмий ҳаракатлар фаолият юритмоқда. Улар ё исломнинг устунлигини тан олиш ёки бошқа барча динларга нисбатан муросасизлик, ёхуд исломдан тор миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг асоси сифатида фойдаланиш мақсадини маҳкам тутган ҳолда исломни ўз сиёсий режаларига бўйсундирмоқда. Марказий Осиёнинг мустақил давлатларини ўз сиёсий тарафдорлари ва иттифоқчилари сафига жалб қилишга, уларга ўз таъсирларини ёйишга интилиш ҳаракатлари кузатилмоқда. Ўзбекистонда диний ҳаётнинг фаоллашиш жараёнларини тўғри тушуниш, давлат ҳамда республикада фаолият юритаётган 16 та диний конфессия уюшмаларининг ўзаро муносабати, бу борада амал қилинаётган тамойилларнинг амалий ифодаси билан боғлиқ тарихий воқеаларни билиш аҳамиятлидир.  

Ҳозирги даврда жаҳонда кечаётган умумий тенденциялардан бири таълим соҳасининг дунёвийлашиб бораётгани билан боғлиқ. Бироқ, бу жараённи диннинг таълим соҳасидан сиқиб чиқарилиши эмас, балки ҳар бири алоҳида хусусиятларга эга бўлган таълим жараёнларига доир масъулиятнинг тақсимланиши тарзида тушуниш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистондаги диний таълим – диний билим, қадрият, ҳаёт ва дунёни тушуниш тарзини махсус профессионал тайёргарликка эга шахслар томонидан ўқувчиларга тизимли равишда етказишга қаратилган фаолиятни ифода этади. Мамлакатимизда диний таълим тизимини замон талаблари даражасида ривожлантириш, халқимизнинг диний онги ва маданиятини тўғри шакллантириш, ёш авлодни дин ниқоби остидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш эзгу мақсадларимиз йўлидаги стратегик вазифалардан ҳисобланади. Зеро, таълим, шу жумладан, диний таълим ва тарбия инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шартларидан биридир.

Ўзбекистонда диний вазият барқарорлигини мустаҳкамлаб бориш жараёни ҳам мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитларда кечмоқда. Бу йўлда давлатимиз томонидан ишлаб чиқилган сиёсий-ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳамда халқимизга хос бағрикенглик маданияти, бир томондан, конфессиялараро соғлом мулоқотни ривожлантиришга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётган бўлса, иккинчидан, диний эътиқод умумийлиги асосида турли давлатлар билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, интеграцияни чуқурлаштиришнинг омили бўлиб хизмат қилмоқда. Диний ҳаётни тартибга солишга қаратилган оқилона давлат сиёсати туфайли дин, жамият ва давлат муносабатлари тизимида манфаатлар уйғунлиги таъминлайди.

Мамлакатимизда дунёнинг турли давлатлари билан бир қаторда мусулмон мамлакатлари билан дўстлик алоқалари тобора ривожланиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Мусулмон мамлакат­лари раҳбарлари, таниқли дин арбоблари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Лойиҳада мусулмон дунёсининг муҳим бўғини сифатида Ўзбекистоннинг минтақа ва дунёдаги нуфузининг ошиб бориши ҳамда диний йўналишда ички ва ташқи геосиёсий муносабатларда барқарорликка эришиш йўлида амалга оширилаётган тадрижий ва тизимли ишлар аниқ мисоллар орқали таҳлил этилади. Зеро, давлатимиз геосиёсатида диний омилга холис ва тўғри ўрин берилган. Хусусан, ислом олами мамлакатлари билан ўрнатилаётган ўзаро алоқалар Ўзбекистон ташқи муносабатлари тизимининг ажралмас қисмидир. Биз учун ислом оламига интеграциялашув, бир томондан, конкрет мусулмон мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, иккинчи томондан эса, халқаро исломий ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланишни англатади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳалла тизимини такомиллаштириш, жойларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилиши ва уларнинг вазифалари, маҳалла ва диний ташки­лотларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳуқуқий асосларининг ишлаб чиқилиши, ёшларни диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни таҳлил қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

М.Алимова,

Тошкент ислом университети ўқитувчиси,

 тарих фанлари номзоди

Read 53 times
Share this article

  2018 yil Tadbirkorlik, innovatsiyalar va texnologiyalar yili

 

 

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top