SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Ҳанафий мазаҳабининг таниқли олимларидан бири муфассир Абу Бакр Розий – Жассос[1] (917–980)нинг “Аҳком ал-Қуръон” асарида  тафсир қилиш усулининг бир қанча турларидан фойдаланганини кўрамиз. Шуни таъкидлаш лозимки, аллома ва муфассир Абу Бакр Розий ва унинг илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга собиқ шўролар даврида эътибор берилмаган. Бугунги кунда бу алломанинг ҳаёти ва илмий меросига нафақат юртимиз олимлари, балки мусулмон оламининг кўпгина илмий марказлари ва европолик тадқиқотчилар ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда[2].

Абу Бакр Розий – Жассос таниқли аллома ва муфассир эканини “Аҳком ал-Қуръон” (Қуръон ҳукмлари)[3] тафсирида қўлланган бир қанча тафсир усуллардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Абу Бакр Розий – Жассоснинг ҳаёти ва илмий фаолияти сиёсий ва ижтимоий муносабатлар кескин тус олган бир даврга тўғри келгани боис турли оқим ва мактабларга муносабат билдириши тасодиф эмаслигини инобатга олиш даркор[4]. Шу боис аллома Жассоснинг фиқҳий масалалар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ва қарашларини тафсир илми орқали беришга ҳаракат қилиши бугунги кунга қадар ислом дини тарихи ва манбашунослиги тадқиқотчилари диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Маълумки, Қуръони каримда муайян масала ёки ҳодиса муносабати билан бирон ўринда қисқача изоҳ берилса, бошқа бир ўринда унга кенгроқ ва батафсил тўхталинган ёки бир оятда келган ҳукмни бошқа оятда насх қилинишини учратамиз. Бундай ҳолатлар Қуръони каримда кўп учрайди. Шунинг учун Қуръони каримни тафсир қилаётган муфассир, биринчи навбатда Қуръонни пухта билиши ҳамда бир мавзудаги оятларни тўплаб, уларни бир-бирига солиштириб кўриши ва шу оятлар мазмун-моҳиятини тушунишда мужмалликка йўл қўймаслиги лозим. Агар шундай йўл тутилса, Аллоҳнинг оятда кўзда тутган мақсадини У зотнинг ўзидан келган ҳукм воситасида тушунган бўлади ва бундай тафсир усулини Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш деб аталади. Ҳар бир муфассир бундай тафсир усулидан фойдаланмасдан тўғридан-тўғри бошқа тафсир усулига ўтиб кетишга ҳаққи йўқ, чунки илоҳий сўз эгаси ўз сўзининг маъносини ўз бандаларидан яхшироқ билади[5].

Тарихий ва илмий манбаларга мурожаат қилинса, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулини энг биринчи Пайғамбарнинг ўзлари қўллаганлар. Бутун башариятни тўғри йўлга бошлашга юборилган Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига нозил бўлган оятларни тушуна олмаган саҳобаларига бошқа оятлар билан шарҳлаб берар эдилар. Масалан, “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк) ни аралаштирмаганлар...”[6] деган оят нозил бўлганда, саҳобалар қайси биримиз зулм қилмаган, деб маҳзун бўлишди. Шунда Расулуллоҳ  мазкур ояти каримада келтирилган зулм сўзи улар ўйлаган зулм эмаслигини, балки ширк маъносида қўлланганини билдирганларидан кейин бу оятни янада кенгроқ тушунишга ёрдам бериш учун, “ Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди:” Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир"[7] оятини ўқиди.

Муфассир Абу Бакр Розий Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратиб, бир-бирига ўхшаш оятларни жамлаб, бир-бирига солиштиришга ҳаракат қилган: фиқҳ ва ҳукмга оид оятларда ҳам ёки бошқа бир маънога алоқадор барча оятларни шарҳлашда шундай тафсир усулидан кенгроқ фойдаланишган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Абу Бакр Розийнинг Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулини икки қисмга ажратиш мумкин бўлади:

  1. Бирон оятда келган сўз ёки жумланинг луғавий маъносига Қуръоннинг оятидан ҳужжат-далил келтириш;
  2. “Мавзуий тафсир”, яъни тафсир қилинаётган оят мавзусига алоқадор яна бошқа оятларни келтириш.

Бундан ташқари, муфассир аллома тафсир қилаётган бирон оятдаги лафзнинг луғавий маъносини тушунтириш ва унга изоҳ беришда Қуръон каримнинг ўзидан ҳужжат-далил келтириши “Аҳком ул-Қуръон” тафсирида кўп ўринларда учраб туради. Масалан, Бақара сурасининг 234-оятини шарҳлашда ундаги “ятараббасна” (يتربصن) лафзининг маъноси “бир нарсани кутиш” эканини келтириб, ҳудди шу лафз шу маънода ишлатилганини Мўминун сурасининг 30-ояти, Тавба сурасининг 98-ояти ва Тур сурасининг 30-оятларини далил сифатида келтириб ўтади[8]. Шунингдек, Бақара сурасининг 236-оятидаги “ёки” маъносини англатувчи “ав” (أو) зидловчи юкламаси баъзи оятларда “ва” маъносини ҳам англатиб келишини билдириб, унга Инсон сурасининг 24-ояти, Нисо сурасининг 43-ояти, Соффот сурасининг147-ояти ҳамда Анъом сурасининг 146-оятини далил қилиб кўрсатади ва бу оятларда ҳам ўша лафз “ёки” эмас, балки “ва” маъносида келганини тушунтиради.

Муфассир Абу Бакр Розий Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишда кўп ўринларда мавзуий тафсир усулидан фойдаланади, яъни тафсир қилинаётган оят мавзусидаги яна бошқа оятларни келтириш билан кифояланади. Шу боисдан бир мавзу ёки атамага оид оятларни келтириш ўша мавзу ёки атамани тўлиқроқ ва яхшироқ тушунишга омил вазифасини бажаради.

 Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муфассир шарҳ бераётган бирон оятга айни шу оятдан олинадиган ҳукмлардан келиб чиққан ҳолда сарлавҳа қўйилганини ҳам учратамиз. Масалан, “Хавф намози боби”, “Илмни яширишдан қайтарилганлик боби”, “Ота-онага яхшилик боби”[9], “Пайғамбарга итоат этиш лозимлиги боби”[10], “Садақани миннат қилиш боби”[11] ва бошқалар. Агар сарлавҳа қўйилган оятга ўхшаш бошқа оятлар мавжуд бўлса, уларни ҳам шу ўринда келтириб, қисқача ва мухтасар ҳолда шарҳлаб ўтилган. Масалан, Бақара сурасининг 159-оятида “Илмни яширишдан қайтарилганлик” номи остида алоҳида сарлавҳа берилиб, унда илмни яширишга доир оятлар – Бақара сурасининг 174-ояти ва Оли Имрон сурасининг 187-оятлари келтирилган[12]. Шунингдек, қасосга оид оятнинг шарҳида “Қасддан ўлдирилган кишининг валийсига вожиб бўладиган нарсалар” номли сарлавҳа очилиб, унда қасосга тааллуқли барча  оятлар – Бақара сурасининг 178-ояти ва 194-ояти, Моида сурасининг 45-ояти, Исро сурасининг 33-ояти ва Наҳл сурасининг 126-ояти келтирилган[13]. Бундай мисоллар “Аҳком ул-Қуръон” тафсирида кўплаб келтирилганини учратиш мумкин.

Шунга қарамасдан, муфассир Абу Бакр Розий ўз тафсирида бундай йўл тутмасдан, яъни сарлавҳа қўймасдан тафсир қилган мавзулар ҳам учрайди. Тафсир билан танишиш давомида бундай ҳолатларни осонлик билан аниқлаб, уларнинг мавзусига қараб сарлавҳа қўйиш мушкуллик туғдирмайди.

Масалан, Нисо сурасининг 28-ояти шарҳида алоҳида сарлавҳа қўйилганини кўрмасак ҳам, аммо шу оят мазмуни ва уни шарҳлаш давомида келтирилган оятлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда унга “Динда қийинчилик ва машаққатнинг йўқлиги” деб сарлавҳа қўйиш мумкин. Зеро, оят шарҳида берилган оятлар – Аъроф сурасининг 157-ояти, Бақара сурасининг 185-ояти ва Оли Имрон сурасининг 28-оятларининг барчаси айнан шу мавзуга оид эканини билиш қийин эмас[14]. Худди шу суранинг 5-ояти шарҳида ҳам худди шундай ҳолат кўзга ташланади. Бу оят тафсирида ҳам алоҳида сарлавҳа қўйилмаган бўлса ҳам, аммо оят мазмуни ва унинг шарҳида келтирилган оятлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда унга “Мол-мулкни сақлашга буюрилганлик ва уни зоеъ қилишдан қайтарилганлик” деб сарлавҳа қўйилса хато бўлмайди. Чунки мазкур оят шарҳида берилган оятлар – Исро сурасининг 26, 27 ва 29-оятлари, Фурқон сурасининг 67-ояти ва Оли Имрон сурасининг 159-оятлари ҳам айнан шу мавзуга алоқадор бўлгани учун шундай хулоса чиқаришга имкон беради[15].

Умуман олганда, муфассир ўз асарида Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратиб, Қуръондаги бир-бирига ўхшаш оятларни бир ўринда жамлашдан ташқари хоҳ фиқҳий ҳукмларга оид оятлар бўлсин, хоҳ умумий тафсирга оид оятлар бўлсин, уларни бир-бирига солиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аксар тадқиқотчилар машҳур муфассирлардан бири  Ибн Касирни[16] Қуръонни Қуръон билан тафсир қилган муфассир деб ҳисоблаши кўпчиликка маълум[17]. Бу фикрни қўллаб-қувватлаган ҳолда аллома Абу Бакр Розийнинг Қуръон билан Қуръони тафсирлаш усулидан фойдаланишда муфассир Ибн Касирдан қолишмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Агар Абу Бакр Розийнинг Ибн Касирдан тўрт аср олдин яшаб ўтганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, Абу Бакр Розий  Қуръони каримни тафсир қилишда бу усулни қўллаган илк муфассирлардан бири деган хулосага келиш ўринли бўлади.

Бурҳониддин Аҳмедов,

университет Манбалар хазинаси мудири ўринбосари

 

[1] Муфассал қаранг: Ан-Нашмий Ажил Жосим. Ал-Имом Аҳмад ибн Али ар-Розий ал-Жассос. – ал-куайт: Дору-л-Қуръон ал-карим, 1980. – С. 3-15.

[2] Қаранг: Rippin A. The present status of Tafsir studies // Moslem World. T. LXXII. 1982. – P. 224–238; Шу маллиф. The Qur’an as literature: perils, pitfalls and prospects // British Society of Middle Eastern Studies Bulletin. Vol. X. 1983. – P. 38 – 47; Шу муаллиф. Studying early tafsir texts // Der Islam. T. LXXII. N 2. I995. – P. 320 –  323; Smith W. C. The true meaning of scripture: an empirical historian’s nonreductionists interpretation of the Qur’an // International Journal of Middle Eastern Studies. Т. XI. I980. – P. 487–505; Резван Е. А. [Рецензия] // Народы Азии и Африки. № 3. 1990. – С. 175–182. “Rippin A. Approaches to the History of the Interpretation of the Qur’an. – Oxford, 1988” асарига тақризи; Welch A. T. Studies in Qur’an and Tafsir // Journal of the American Academy of Religion. T. XCVII. – N 4. 1980; Approaches to the Qur’an / Eds. G. R. Hawting and A.-K. A. Shareef. – London, 1993; The Qur’an as Text / Ed. St. Wild. – Leiden, 1996; Gilliot С. Exégèse, langue, et theologie en Islam. L’ exégèse coranique de Tabarl (m. 311/923). – Paris, 1990; NewirthA. Koran // Gründriss der arabischen Philologie. Band II: Literaturwissenschaft / Ed. H. Gatje. – Wiesbaden, 1987. – S. 119–135; Band III: Supplement / Ed. W. Fisher. – Wiesbaden, 1992. – S. 262–264. ва б.

[3] Қаранг: ал-Жассос. Аҳком ал-Қуръон (кейинчалик: Аҳком ал-Қуръон), 1 жилд. – Байрут: Дору-л-фикр, 1428-29/2008, 1 жилд. – С.105.

[4] Қаранг: Wansbrough J. Qur’anic Studies. Sources and Methods of Scriptural Interpretation. – Oxford, 1977; Rippin A. Studying early tafsir texts // Der Islam. T. LXXII. N 2. I995. – P. 320 –  323.

[5] Қаранг: Заҳабий Муҳаммад Ҳусайн. Ат-Тасфир ва-л-муфассирун. – Қоҳира: Мактабату ваҳба, 1424/2003. 1 жилд. – С.37; Юсуф Қарзовий. Кайфа натаъамалу маъа-л-Қуръан ал-`азим  – Ал-Қоҳира: Дору-ш-шуруқ, 1419/1999. – С. 220.

[6] Анъом сураси 82-оят.

[7] Луқмонсураси 13-оят.

[8] Қаранг: ал-Жассос. Аҳком ал-Қуръон (кейинчалик: Аҳком ал-Қуръон), 1 жилд. – Байрут: Дору-л-фикр, 1428-29/2008, 1 жилд. – С.105.

[9] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 2-жилд. – С. 232.

[10] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 2-жилд. – С. 267.

[11] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 1-жилд. – С. 553.

[12] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 1-жилд. – С. 121,122.

[13] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 1-жилд. – С. 183.

[14] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 2-жилд. – С. 215.

[15] Қаранг: Аҳком ал-Қуръон, 2-жилд. – С. 76.

[16] Абулфидо Исмоил ибн Умар ибн Касир Қураший (701/1301 – 774/1372) ҳофиз, тарихчи, фақиҳ ва муфассир. Қаранг: Cуютий Жалолуддин. Ад-Дурар ал-ман’ур фи тафсири-л-ма’сур. Байрут: Дору-л-фикр, 1414. 1-жилд. – С. 373; Зириклий Хайруддин. Ал-Аълом. VIII жилдли. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 1998, 1-жилд. – С. 320.  ‘Имад ад-Дин Абу-л- Фида Исма’ил б. Касир. Тафсир ал-Кур’ан ал-’азим. – Бейрут, 1385/1965; Яна қаранг: ‘Имад ад-Дин Абу-л- Фида Исма’ил б. Касир. Тафсир ал-Кур’ан ал-’азим. – Бейрут, 1385/1965; Calder N. Tafsir From Tabari to Ibn Kathir: problems in the description of a genre, illustrated with reference to the history of Abraham // Approaches to the Qur’an / Eds. Hawting and Shareef. P. 101–140; McAuliffe J. D. Qur’anic Hermeneutics: the views of at-Tabari and Ibn Kathir // Approaches / Ed. A. Rippin. – P. 46–62.

[17] Sawwaf M. M. Early tafsir. a survey of Qur’anic commentary up 150 AH // Islamic Perspectives: Studies in Honour of Mawiana Sayyid Abül ‘Ala’ Mawdüdi / Eds. K. Ahmad and Z. I. Ansari. Leicester, 1979. – P. 135– 145; Gilliot C. Les débuts de l’egégèse coranique: Les premièrs écritures islamique // Revue du Monde Musuiman et de la Méditerranée. T. LVIII. 1991. – P. 82–100.

Read 114 times
Share this article

  2018 yil Tadbirkorlik, innovatsiyalar va texnologiyalar yili

 

 

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top