SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Maqola_UZ (289)

Rate this item
(0 votes)

Ҳозирги вақтда деярли барча давлатлар ахборот соҳаси тадрижий ривожланиши ва турли хил тазйиқлар мавжуд бўлган шароитларда унинг амал қилиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича фаолиятни кучайтирдилар. Шунинг учун  ХХI асрни ахборот технологиялари асри деб бежиз  айтмаяптилар. Бу маънода Акинавада 2000 йил 22 июлда жаҳоннинг ривожланган 8 мамлакати томонидан имзоланган глобал ахборот жамияти хартиясини эслаш мақсадга мувофиқдир. Мазкур хартия янги асрдаги жаҳон ҳамжамияти ривожланишининг муҳим омили бўлиб, ахборот-коммуникация технологиялари ҳисобланишидан яққол далолат беради. Илмий техника тараққиёти инсоният ва жамият моддий эҳтиёжларини қондириш учун улкан имкониятлар яратди. Янги юқори технологиялар жамият аъзолари турмушини исталган маҳсулот билан таъминлашга саноат хизмат соҳасини жадал ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш имконини беради. Ахборот яратиш ва тарқатиш соҳасида ҳам илгари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган суръат ва кўламга эришилди.

Кишилар ўртасида хабар этказишни таъминлашга қобил ҳисоблаш техникаси, ахборот алоқа тизими, интернет тизими, шунингдек бошқа ахборот технологиялари инсон ва жамият ҳаёти ва фаолиятида ахборотнинг аҳамиятини кескин ошириб юборди. Ҳозирги кунда ижтимоий-сиёсий рияожланиш ўртасида мутаносиблик мавжуд бўлган жамиятгина ҳар томонлама уйғун ривожланиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай жамият ўзининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа бўлган талаб ҳамда эҳтиёжини тўлиқроқ қондиришга интилади. Юқорида айтиб ўтилганидек, бугунга келиб илмий-техникавий, ишлаб чиқариш, ижтимоий ривожланишнинг миқёси мазкур соҳаларда тўпланган ва алмашинаётган ахборотлар ва уларнинг алмашиниш суръати ва ўзлаштирилиш тезлиги билан белгиланади.

Глобаллашаётган дунёда ахборот халқлараро ва давлатлараро муносабатларда катта аҳамият касб этади. Яъни у жаҳон ҳамжамияти ҳаётида ҳам ижобий, ҳам салбий куч сифатида намоён бўлиши мумкин. Шу маънода техникавий-технологик соҳада катта имкониятга эга бўлган мамлакатлар қулай шароитга эга бўладилар. Мана шу устунлик туфайли улар ўз шахсий  манфаатларига мос келувчи қадриятларни, нуқтаи назарларни, ғояларни, фикрларни илгари суришлари мумкин ва сурмоқдалар ҳам. Шунга кўра кўпгина давлатларга глоболлашувга қарши ҳаракатлар юзага келмоқда, булар ягона жаҳон уйғунлашган ахборот майдонини тузишни рад этмоқдалар. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, глобаллашувга қарши ҳаракатнинг  ўзи тобора глобал ҳаракат тусини олмоқда.

Шу ўринда глобаллашувнинг мамлакатлар иқтисоди сиёсати ва маънавиятига ўтказиши мумкин бўлган ижобий ва салбий таъсири  ҳақида Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Маҳатма Гандининг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш лозим: “Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман, чунки уйимга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу билан бирга очилган эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб уйимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаши, ўзимни эса йиқитиб юборишини ҳам истамайман”.

Глобаллашаётган дунёда ахборот халқлараро ва давлатлараро муносабатларда катта аҳамият касб этади. Яъни у жаҳон ҳамжамияти ҳаётида ҳам ижобий ҳам салбий куч сифатида намоён бўлиши мумкин. Шу маънода техникавий-технологик соҳада катта имкониятга эга бўлган мамлакатлар қулай шароитга эга бўладилар. Мана шу устунлик туфайли улар ўз шахсий манфаатларига мос келувчи қадриятларни, нуқтаи-назарларни, ғояларни, фикрларни илгари суришлари мумкин ва сурмоқдалар ҳам. Шунга кўра кўпгина давлатларда глобаллашувга қарши ҳаракатлар юзага келмоқда, булар ягона жаҳон уйғунлашган ахборот майдонини тузишни рад этмоқдалар. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, глобаллашувга қарши ҳаракатнинг ўзи тобора глобал ҳаракат тусини олмоқда. Замонамизнинг ўзига хос жиҳатларидан бўлиб, ҳар қандай маҳаллий ҳодиса ёки воқеа замонавий ахборот технологиялари туфайли глобал ҳодиса ёки воқеага айланмоқда. Масалан, 2000 йил 11 сентябрда Нью Йоркда юз берган воқеа, Ливан тупроғидаги ҳарбий ҳаракатлар, Франциядаги ёшларнинг чиқишлари, у ёки бу мамлакатдаги сайловлар, авиа ҳалокат, табиий офат, террорчилик ҳаракати ва бошқа шунга ўхшаш воқеа ва ҳодисалар бунинг ёрқин далили бўлади.

Жаҳон миқёсида кезиб юрувчи бундай ахборотлар муайян давлат манфаатларига таъсир этмай қолмайди. Бу фақат шу ахборот тарқаладиган алоҳида олинган бир мамлакатдаги ижтимоий, сиёсий ва жараёнлардан дарак бериши билангина эмас, балки бошқа мамлакатларнинг мазкур хабарлар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган аудиторияси буларни ўз давлатидаги ҳолатга қиёслаши билан ҳам мазкур мамлакат манфаатларига ҳам таъсир этади. Шу сабабли давлатлар, ҳукуматлар ўртасида айрим келишмовчиликлар вақти-вақти билан юзага чиқиб туриши мумкин. Бунда ким ҳақ ёки ким ноҳақ эканлигини аниқлаш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди.

Булар барчаси ахборот жараёнларининг глобаллашуви билан боғлиқ муаммолар долзарблигини янабир карра таъкидлайди. Аммо мазкур муаммолар туфайли ахборот ишлаб-чиқариш ва тарқатиш имкониятлар тенгсизлиги пайдо бўлади. Бу объектив вазиятни шундай деб қабул қилмоқ керак. Мамлакатлар бу борадиги ўз устунликларини шахсий манфаатларида фойдаланишлари бошқа гап. Мана шундай вақтда муносатларда кескинлик юзага келади, у кўп ҳолларда ахборий курашга ёки бошқача қилиб айтганда психологик урушга айланиб кетади.

Очиқ ахборот тизимларида ахборий-психологик хавфсизликни таъминлаш ҳозирги куннинг долзарб талабидир. Ҳар бир давлат бунинг устида бош қотирмоқда. Бу жаҳондаги янги геосиёсий тақсимот, янги минтақавий низоларнинг юзага келиши, миллатчилик, шовинизм, дин ниқобидаги экстремизм, экологик ҳалокатнинг таҳдиди кучайиши, спид, парранда грипи ва бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши билан боғлиқдир.

Юқорида қайд этилганларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси учун ҳам мазкур муаммолар муҳим эканлигини алоҳида таъкид этади. Бунинг долзарблиги давлатимиз учун миллий мустақилликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодва бозор муносабатларини тадрижий ривожланишини таъминлаш, ижтимоий ислоҳатларни чуқурлаштиришда яққол кўринади. Бунда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш, миллий анъаналарни ҳаётга қайтариш, муросасозликни тарбиялаш ҳам катта аҳамият касбетади. Маълумки, мустақил дунё қарашга эга маълумотли кишиларгина турли хил талқиндаги тазйиқларга руҳан барқарор қаршилик кўрсата оладилар. Бу биринчидан. Иккинчидан, мана шундай кишиларгина тегишли муҳит яратишлари ва миллий ғояларнинг дарғалари ҳисобланади.

Мана шунинг учун ҳам мазкур муаммоларни ўрганишда ахборотнинг шакли ва моҳияти; ахборот хавфсизлигини таъминлаш; очиқ ахборот тизимларининг ўзига хослиги; шахс, жамият ва давлат ахборий- психологик хавфсизлигини таъминлаш манбалари ва турлари; ахборот соҳасидаги миллий хавфсизликни таъминлашнинг аҳамияти ва тамойиллари; ОАВ ва ахборий қарама-қаршилик; ахборий-психологик хавфсизликни таъминлашда асосий йўналиш ва усуллари; очиқ ахборот тизимларда шахснинг ўз-ўзини ҳимоя қилиши; жамоатчилик фикри ва жамият ахборий-психологик хавфсизлиги; Ўзбекистон ОАВ лари ва жамиятнинг психологик хавфсизлиги каби мавзуларни ойдинлаштириш талаб этилади.

Юқорида санаб ўтилган мавзуларни ўрганишда ахборот, ахборий хавфсизлик, миллий манфаатлар, ахборот соҳасидаги миллий манфаатларга бўлган хавф, манбалари, жамоатчилик фикри, очиқ ахборот тизимлари, глабаллашув, ахборий қарама-қаршилик, ахборий-психоллогик кураш, ОАВ лари, онглилик, идроклаш, акс эттириш маникулятция қилиш, психологик қўпорувчилик, ижтимоий тарғибот, жамоатчилик онги, инсонни хуфиёна бошқариш ва бошқаларга алоҳида эътибор қаратиш жоиз.

Бизга маълумки, ахборот (лотинча «информатио»-тушунтирмоқ, баён этмоқ) замонавий фан ва сиёсатнинг асосий тушунчаларидан бири; дастлаб кишилар томонидан оғзаки, кейинроқ ёзма ёки бошқа шакллар узатилган маълумот; ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб инсонлараро, инсон-автомат, автомат-автомат ўртасидаги маълумот ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликлардаги сигнал алмашинуви, ҳужайрада ҳужайрага муайян белгиларнинг узатилиши ва шу кабиларни англата бошлаган.

Ахборот истеъмоли маданияти эса ахборот дунёсидан ижтимоий тараққиётга хизмат қилувчи маълумотларни саралаб олиш борасидаги билимлар, қобилият ва малакани ўзида ифода этади.

Ахборот истеъмоли ижтимоий, аниқроғи, маънавий эҳтиёжларни қондиришга қаратилган ҳодисадир. Ахборот истеъмолининг хизматлар истеъмолининг ўзига хос шакли ҳисобланади. Маълумки, ҳар қандай хизматни истеъмол қилишдан аввал унинг сифати, нархи, фойдаси, қулайлиги ва бошқа шу каби хусусиятларига эътибор берилади. Бу жараёнда, истеъмол қилинаётган хизматнинг талаб-таклиф хусусиятлари ҳам инобатга олинади. Масалан, таклифи камайиб кетган хизматларнинг истеъмол даражаси юқори бўлиб, уларга талаб кучаяди. Мазкур хусусиятлар ахборот истеъмоли жараёнига ҳам хосдир. Бироқ, маънавий неъмат бўлган ахборотни истеъмол қилиш ўзига хос томонлари билан ҳам ажралиб туришини таъкидлаш жоиз. Хусусан, ахборот конкрет шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамият ва давлат томонидан истеъмол қилинади-ки, мазкур даражаларда истеъмол жараёнлари бир-биридан фарқ қилади. Масалан, бирон шахс учун қизиқарли бўлган маълумот, муайян ижтимоий қатлам ёки гуруҳ учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Шунингдек, ахборот макон ва замон хусусиятларига ҳам эга. Чунончи, Ғарбда ўта оммабоп бўлган ахборотлар, Шарқ халқлари томонидан кам истеъмол қилиниши мумкин. Бундан ташқари, маълум бир тарихий даврда катта қизиқиш билан кутиб олинган маълумотлар, вақт ўтиши билан одатий ҳолга айланиши ва ижтимоий ҳаётда бу тарзда инъикос этмаслиги мумкин.

Ахборот истеъмоли, ким томонидан истеъмол қилинишидан қатъи назар, қабул қилиш, тушуниш, талқин этиш каби бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган босқичларда амалга ошади.

Бугунги кунда, ахборот истеъмоли жараёни ҳам ўзига хос маданиятни тақозо этмоқда-ки, маданиятнинг бундай шакли инсоният маънавий маданиятининг таркибий қисмига айланиши зарур.

Ахборот истеъмоли маданияти глобаллашув жараёнларининг характерли хусусиятларидан бири бўлган, Интернет тармоғи жадал ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда, айниқса, муҳим аҳамият касб этади.

Шунинг учун, ҳозирги давр кишиси олдида ахборот танлаш имконияти шу қадар юқори-ки, унинг талабини қондира олмайдиган маълумотлар бир зумда қимматини йўқотиши аниқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги даврда ахборот истеъмоли аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

Шубҳасиз, зарур ахборотларга эга бўлишга интилиш – давр талаби. Бироқ, бугунги кунда, шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамият ва давлатнинг ўзи ҳақида ахборотларни тарқатиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунинг икки асосий жиҳати мавжуд. Биринчидан, масалан, Интернет тармоғи имкониятлари кенгайиб бораётган ҳозирги даврда, улардан мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини мустаҳкамлашда кенг фойдаланиш зарур. Чунки, жаҳонга танилиш учун нафақат реал дунёда, балки, ахборот дунёси (виртуал олам)да ҳам ҳаракатлар олиб бориш зарур. Республикамизнинг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “бу борада ишни тўғри ташкил этиш учун Интернет тизимидан самарали ва оқилона фойдаланиш, уни ўзимизнинг маълумотлар билан тўлдириш керак...бизнинг заиф томонимиз шундаки, Интернетда Ўзбекистон билан боғлиқ маълумотлар жуда кам. Нега деганда, бизда бу жараённинг техникаси ва технологияси талаб даражасида эмас. Миллий қадриятларимиз, тарих ва меросимиз, бугунги фан, санъат ва  адабиётимизнинг энг яхши намуналарини Интернетга киритиш дастури ишлаб чиқилмаган”[1]. Иккинчи муҳим жиҳат шундаки, юртимиз ҳаётига доир айрим нохолис, тор доирадаги манфаатлардан келиб чиқиб тарқатилаётган маълумотларга жавобан ахборотларни глобал миқёсда тарғиб-ташвиқ этиш ташқи ахборот хуружларига қарши ўзига хос қалқон вазифасини бажаради. Бу эса, турли геосиёсий манфаатлар доирасидаги ахборот хуружлари таъсирини камайтириш ва миллий ахборот макони хавфсизлиги таъминланишининг муҳим шарти ҳисобланади.

Бунинг учун, кишиларда ахборот истеъмоли маданиятини юксак даражада шакллантиришга эришиш зарур. Шундагина маълумотларга кўр-кўрона эргашиш, уларни нотўғри талқин этишнинг олди олинади. энг муҳими эса, ахборот истеъмоли маданиятига эга инсон, жамият, халқ ва миллат ғаразли манфаатлар доирасидаги геоахборотлар таъсирига тушиб қолмайди. Албатта, ахборот истеъмоли маданиятининг шаклланиши мураккаб жараён бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тизимли равишда саъй-ҳаракатларни олиб боришни тақозо этади.

Ахборот истеъмоли маданияти ҳам маданиятнинг бошқа шакллари каби бир қатор функцияларни бажаради. Коммуникатив, регулятив (тартибга солиш), ахборот, аксиологик (баҳолаш) каби функциялар шулар жумласидандир. Биз таҳлил этаётган муаммо доирасида ахборот истеъмоли маданиятининг аксиологик функцияси алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, Интернет орқали жуда кўп ижобий маълумотлар билан бирга, Шарқ маданиятига, хусусан, кишиларимиз хулқу одобига салбий таъсир этувчи ахборотлар ҳам узатилаётгани, табиийки, кишиларимиз, айниқса, ёшларимиз ғоявий тарбиясига салбий таъсир этиши мумкин. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш орқалигина бундай таъсирларнинг олдини олиш мумкин. Шунингдек, “биз баъзан Ғарб маданияти тўхтовсиз кириб келаётгани ҳақида таассуф билан гапирамиз. Бу шундай кучли оқимки, унга қарши чиқиш жуда мушкул. Бунинг фақат битта йўли бор. У ҳам бўлса, Интернетга ўзимизга мос бўлган маълумотларни ўз вақтида киритишдан иборат”[2].

Ҳамма гап, мазкур муҳим ресурсдан ким ва қандай мақсадларда фойдаланишида.

Бошқача айтганда, тармоқдан иллат қидириш билан оввора бўлмасдан, унинг имкониятларидан юртимиз шон-шуҳратини дунё миқёсида кенг ёйиш йўлида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки, Интернет виртуал, аммо, объектив ҳодисадир. Унинг ҳаётимизга кириб келишини назорат қилиб бўлмайди. Одамларимизни Интернет тизимидан узоқроқ тутишга интилиш эмас, балки, ундан оқилона фойдаланишга ўргатиш, ахборот истеъмоли маданиятини юксалтиришга ҳаракат қилишимиз тўғри бўлади. Зеро, кишиларда ахборот истеъмоли маданияти шаклланган бўлса, миллий қадриятларимизга зид бўлган хабар, маълумотларни ...баҳолаш пайтида, албатта, ҳар бир шахснинг ўз қарашлари, қадриятлар тизими муҳим ролъ ўйнайди. Лекин, аксарият ҳолларда бундай пайтда, айниқса, баҳоланилаётган ҳодиса ўзга маданиятга тегишли бўлса, ўзимиз мансуб бўлган маданият руҳимизга сингдирган қадриятлар тизими устувор бўлади ва бутун бўй-басти билан ўзлигини намоён қилади... маданиятнинг баҳолаш функцияси туфайли танланиш содир бўлади, маданиятдаги барқарорлик, ҳар бир даврдаги айнийлик, ўзига хослик, айни пайтда, давомийлик, ворислик таъминланади [3].

Шунинг учун, ҳозирги даврда аҳолимиз, айниқса ёшларимизнинг ахборот узатишнинг замонавий техникаси ва технологиясини мукаммал даражада ўзлаштириши муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун, мамлакатимизда Интернетдан фойдаланиш тизимини янада ривожлантириш билан бирга, мазкур тармоққа миллий манфаатларимиз акс этган ахборотларни турли шакл ва тилларда киритиб бориш зарур. Зеро, жамиятимиз ҳаётининг турли соҳалари тўғрисида ахборот берувчи объектив, жозибадор маълумотларнинг Интернет саҳифаларидан кенг ўрин эгаллаши, Ўзбекистоннинг глобал ахборот маконидаги ўрнининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шухрат Тохтиев,

ТИУ “Исломшунослик” кафедраси катта ўқитувчиси

 

[1] Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. 13–жилд. –Т., Ўзбекистон. 2005. – Б. 301-302

[2] Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. 13–жилд. –Т., Ўзбекистон. 2005. – Б. 304

[3] Шермухамедов С., Очилдиев А. Маданият ва цивилизация. – Фарғона, 2000. – Б. 37

Rate this item
(0 votes)

Тараққиёт, севаман сени,

Тараққиёт, сендан қўрқаман!..

 

Муҳаммад Раҳмон

 ХХI аср бошларига келиб, дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро таъсир, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар шу даражада кучайиб кетдики, бу жараёндан тўла ҳимоялана олган бирорта ҳам давлат йўқ, деб тўла ишонч билан айтишга ҳақлимиз.  Глобаллашув шундай жараёнки, ундан четда тураман, уни ўз остонамга бир қадам ҳам оёқ босишига йўл қўймайман деган мамлакатлар аксинча унинг таъсирига кўпроқ учраб қолиши  мумкин. Бундай ғайри ихтиёрий таъсир эса кўпинча салбий оқибатларга олиб келади.  Бу  ҳақида   гапирганда   таъбир   жоиз   бўлса,   айтиш   керакки,   “бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонлардан ҳам кўпроқ кучга эга”.  Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга  ундовчи томони шундаки, агар ташқаридан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш ва бартараф этиш чораларини кўриш мумкин, аммо    мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ҳамда унга қарши маънавий сафарбарликни зудлик билан вужудга келтириш ниҳоятда қийин ишдир. Ҳозирги кунда дунёда илдам қадамлар билан  ўзгариб бораётган, тобора инсоният оламини ўз домига тортиб, уларнинг  ҳаётига чуқурроқ кириб,  миллий маданияти ва маънавиятига таъсир этаётган глобаллашув жараёни юз бермоқда. Бу  жараён  натижасида  эса,  турли  цивилизациялар, маданиятлар тўқнашуви содир бўлиб, бир қанча  муаммоларни келтириб чиқариши оқибатида миллатлар маънавиятига таҳдид солишига сабаб бўлмоқда. 

         Инсониятнинг улкан кашфиёти телевидение – ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, инсон онгу тафаккурини, бутун шуурини шиддат билан забт этиб бормоқда. Бугунги кунда биз дунёнинг қай бурчагида бўлмайлик исталган ахборотни бирор воқеа содир бўлиши билан дарҳол олишга эгамиз. Бироқ биз телевидение соҳасидаги провакациялар ҳақида эмас балки унинг (айниқса хориж телевидениясининг) миллий маънавиятимизга бўлган улкан хавфи хусусида тўхталмоқчимиз.

Глобаллашув бизга жуда кўплаб имкониятларни тақдим этди, бироқ шу билан бирга ўзининг ялтироқ қоғозга чиройли қилиб ўралган, кўринишидан беозор, шу билан бирга, оммабоп бўлган “совғаларни” ҳадя қилишни ҳам унутмади. Телевидение ҳам айнан мана шундай “совғалардан” биридир. Келинг, фактларга мурожаат қилсак: АҚШдаги Карнеги жамғармаси телевидение бўйича 1986-йилдан бошлаб, ўн йил монайнида 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида тадқиқот олиб борди ва пировардида қуйидаги хулосага келинди: “Телевидение ўз имкониятларини тарбия учун сафарбар этаётгани йўқ, аксинча, у ижтимоий феъл-атворнинг энг салбий андозаларини тарғиб этаётир… Рекламага махлиё бўлиб ўтириш ўсмирларда танқидий фикрлаш қобилиятини чеклайди ва тажовузкор феъл-атворни шаклланишига олиб келади”.  Ушбу фактдан ҳам яққол кўриниб турибдики, бугунги мураккаб замонда дунё миқёсида телевидение ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг онгу тафаккурини бойиш ва кенгайтиришга эмас, балки ўзларининг “сифатсиз маҳсулотларини” уларга ўтказиш орқали ўз йўриқларига йўрғалатишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри, инсонларнинг маънан юксалишига, тафаккурининг кенгайишига ҳам хизмат қиладиган телеканаллар ҳам мавжуд, бироқ нима учундир ҳозирги кунда паст савияли шоу – кўрсатувлари, кино ва сериаллари билан одамларни ўз аурасида ушлаб турган телеканалларнинг ошиғи олча. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нега? Нега деганда бугунги кун хориж каналлари юқори техника ва тенологиялар асосида суръатга олинган шоу ва телекўрсатувларни ранг-баранг тарзда оммага намойиш этмоқда. Ўсмирлардаги ўтиш даврига хос бўлган давр эса, уларни бундай телекўрсатув ва кинолардан ўзларига “қаҳрамон” танлашларига ва уларга тақлид қилишларига олиб келаётир. Қандай қаҳрамонларга тақлид қилишмоқда дейсизми? Албатта қандайдир супермену аллақандай ишларни бажариб дунёни остин-устун этиб ташлаётган сеҳргарларга! Япон жамоат арбоби Сонки Оя:-“Телевидение Японияда миллионлаб ахмоқларни етиштириб берди”-деб айтганда, айнан ана шу тақлид ҳиссини назарда тутгандек гўё. Ўтган асрда кино ҳақида гап кетганда, қуйидаги ибора кўп бор таъкидланар эди: - Ҳамма санъатлар ичида, биз учун энг муҳими, кинодир... Уни айтган одам ўшанда нимани назарда тутган экан-а? Кинонинг маданият тарғиботчиси сифатидаги беқиёс ўрниними ёки бошқалар маънавиятига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллигиними?

         Киносанъатнинг катта “қурол” эканлиги, мана энди бугунги кунга келиб яққол номоён бўлмоқда. Яқин-яқинларгача ҳам ўзбек телевидениесини тўла эгаллаб олган саёз фильмлар одамларимизнинг  маънавияти пасайишига, шу билан бирга, ёшларимиздаги тарбия истеҳкомининг нурашига жуда катта “ҳисса” қўшиб келди. Одамлар Туркия, Бразилия, Ҳиндистон, Мексика, ва бошқа Лотин Америка мамлакатлари режиссёрлари томонидан ишланган олди-қочди, муҳаббат можаролари, оилавий низолар ҳатто порнографик кўринишга эга ишқий муносабатлар ҳақидаги телесериаллар домига осонгина илинди. Ота-она, фарзандлар, оила даврасида томоша қилиш жараёнида ўпишиш, қучоқлашиш саҳналарини биргаликда кўришга телесериаллар орқали “мажбур қилинди”. Ётоқхона, тўшакдан бошланган лавҳалар яна айнан ўша жойда тугалланишини бутун сериал ва кино давомида бундай ҳаёсиз саҳналарни очиқ-ойдин ёки “қоғозга ўралган” ҳолда томошабинга тақдим этилишини қандай тушиниш мумкин?

Булар-ку  катталар учун ишланган телесериаллар ва кинолардир. Энди ёш авлод, кичкинтойлар учун тайёрланган мултфильмларни олиб кўринг. Тўғриси, катталарникидан қолишмайди. Ўша сизу биз билган машҳур “Маугли”, “Шрек” “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Том ва Жерри” мултфильмларида ҳам ўпишиш, қучоқлашиш саҳналари тўлиб-тошиб ётибди. Уларни ишлаб чиқарганларнинг асл мақсадлари нима? Паст савияли фильм, қўшиқ, мултфильм ёки ўйинлардаги чалғитувчи хусусият кишидаги (каттами, кичикми, барибир) фикрлаш қобилиятини аста-секин ўлдириб боради. Унда теваракда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга фақат шу мултфильм, сериал ёки фильм савияси, берган “таълими” нуқтаи назаридангина қараш шароити етилиб боради. Она сути оғзидан кетмай туриб, ана шундай руҳда “тарбияланган” боладан келажакда нимани кутиш мумкин? Айрим ота-оналар фарзандини телевизор қаршисига ўтқазиб, мултфильм қўйиб бериш билан ўзини алдаётганини, энг ачнарлиси, фарзандининг ва миллатнинг ҳам эртасини хавф остига қўяётганини билмайдилар.

Муаммонинг ечими битта: Ўрнак бўлайлик! Агар ёши катталаримиз телевизор орқали инсон маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган телекўрсатув ва бадиий фильмларни томоша қилса, ёшларимиз ҳам шунга ўрганади, шунга эргашади.

   Сўзимиз сўнггида, Абдулла Авлонийнинг қуйидаги сўзларини келтиришни жоиз топдик:–“Алҳосил тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидур”.  Тарбия эса, ўрнак бўлиш орқали берилади! Шундай экан – ЎРНАК БЎЛИНГ!

Муслимбек Алижонов,

 Тошкент ислом университети талабаси 

Rate this item
(0 votes)

Bu zamin unda tug‘ilmish bori el volidasi,

Tarbiya aylamish bo‘lib tunu kun parvonasi.

O‘zga yurtga shohlikdan xushdur bo‘lmoq devonasi,

Qay yurakda porlar iymon, beshak uning g‘oyasi:

Vatanning himoyasi, Vatanning himoyasi.

 

Kerak bo‘lsa Jaloliddindek zo‘r qalqon bo‘lingiz,

Sohibqiron yo‘lin tutib, mardi komron bo‘lingiz,

Navoiydek  yurtni sevib, komil inson bo‘lingiz,

Buyuk ajdodlarga loyiq  avlodlarning g‘oyasi:

Vatanning himoyasi, Vatanning himoyasi.

 

Yurtini sevganlar kerak bugun ulug‘ xizmatga,

Yurtboshi chorlamish bizni savobu saodatga. 

Munavvar aylang o‘lkani azm etib qiroatga,

Ezgu maqsadga  ittifoq etgan yoshlar  g‘oyasi:

Vatanning himoyasi, Vatanning himoyasi

 

Jondan aziz jon dilbandim atrofga boq, ko‘zing och!

Qara ne savdo jahonda, jaholat yo‘lidan  qoch!

Buxoriy, Xorazmiy yanglig‘ ma'rifat nurlarin soch!

Mudom  qalbingda jo bo‘lsin mard o‘g‘lonlar g‘oyasi:

Vatanning himoyasi, Vatanning himoyasi!

Saidafzal Saidjalolov

Faqja 1 di 73

  2018 yil Tadbirkorlik, innovatsiyalar va texnologiyalar yili

 

 

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top