Our address

Tashkent Islamic University

International Cooperation Dept.

Head: Mr.: Khamidbek Khasanov

e-mail: tiuxab@mail.ru info@tiu.uz

tel.: +998-71-2449593

tel.: +998-71-2449593

fax.: +998-71-2440065

A.Kadiri 11, 100011,

Tashkent, Uzbekistan

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner

 

 

Все о погоде - Pogoda.uz

www.dc.uz

 

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

Марказий Осиё халқлари маданиятида ворисийлик

Тарихшунослик фанида ворисийлик муҳим тамойил ҳисобланади. Ворисийлик негизида ҳаётийлик ётади. Кишилар ўзидан олдинги авлодлар яратган моддий ва маданий бойликларга таяниб яшайдилар, уларга таяниб янгиликларни яратадилар. Айнан ворисийлик орқали ҳар бир шахс жамиятда тўпланган тажрибаларни, анъаналар ва урф-одатларни турмуш тарзини ўзлаштиради, улар кейинги авлодларга етказилади.

Маълумки, ўз миллий қадриятига эга бўлмаган миллат йўқ. Миллий қадриятларнинг соҳиби муайян миллатдир. Миллатнинг таназзули айни ҳолда миллий қадриятларнинг таназзули ҳамдир. Ҳар бир миллат ўз қадриятларини яратувчиси, асраб-авайловчиси ва келажакка етказувчиси ҳамдир[1].

Ўзбек халқининг бой, ўзига хос бетакрор миллий қадриятлари бор, улар бир неча минг йиллар давомида шаклланган. Қадриятлар дастлаб маҳаллий мазмунда, яъни Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва бошқа ҳудудларда яшовчи аҳолига хос урф-одатлар, расм-русумлар, маросимлар тарзда шаклланган. Сўнгра уларнинг энг муҳимлари асрлар давомида сараланиб умуммиллий қадриятлар даражасига кўтарилган.

Айниқса, яккахудолик ғояси, илғор ижтимоий-сиёсий, фалсафий қарашларни ўзида мужассам этган ислом дини ва таълимотининг ўлкамизда аста-секин илдиз отиб бориши улуғ аждодларимиз ҳаёти ва тафаккурида катта аҳамиятга эга бўлди. Ислом дини ва унинг муқаддас китоби – Қуръони карим оятларининг маҳаллий халқларнинг онги, шуурига сингиб, уларнинг турмуш ва фикрлаш тарзининг ажралмас қисмига айланиб бориши, шубҳасиз, уларнинг маънавий оламига сезиларли ҳаётбахш таъсир кўрсатди ҳамда юксак моддий ва маънавий маданият намуналарини ижод қилиб боришларида янги уфқлар очиб берди. Негаки, ислом таълимоти, Қуръони карим ғояларининг ўлкамизга ёйилиши, ўтмишдошларимизнинг Аллоҳ буюрган олийжаноб амалларга риоя этиб, руҳий-маънавий покланиш сари ҳаракатланиши, табиийки, жамият ҳаёти ва унинг асосий тамойилларининг соғлом негизларида ривожланиб, такомиллашиб боришига сезиларли таъсир кўрсатди[2].

Мавжуд адабиётлар ва фикрлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу давр Марказий Осиёдаги халқлар миллий маданий уйғонишини бошлаб берган, ва олимлар уни уч даврга бўлишган:

1. IX–XII асрлар – араб босқинидан кейинги давр.

2. XIV–XV асрлар мўғул истилосидан кейинги давр.

3. XX аср боши ва ҳозирги давр колониал босқин ва Совет давридан кейинги сиёсий, миллий, маданий уйғониш.

Академик М.М.Хайруллаев фикрича, Марказий Осиёда уйғониш даври маданиятининг белгилари қуйидагича:

· Дунёвий илмларга интилиш, дин ва диний билимларни жамият, инсонлар манфаати нуқтаи назаридан талқин этиш;

· Турли халқларнинг маънавий-маданий мероси ўтмиш маданий қадриятлари (араб, эрон, юнон маданияти бойликлари)дан фойдаланиш;

· Табиатни, мавжуд ҳаётни, мавжудотни ўрганишга қизиқишнинг кучайиши, унинг сирларини очишга ва ундан фойдаланишга интилишнинг ортиб бориши, шу муносабат билан табиатшунослик илмларининг ривожланиши;

· Билишда ақлни мезон деб билиш, ақлий билиш, рационалистик усул, илмийлик ролининг ошиб бориши;

· Инсонга муҳаббат, унинг ахлоқий, ақлий хислатларини, қобилиятларини ўрганиш ва фазилатларини очиб беришга интилиш, мантиқ илмига катта эътибор бериш, комил инсонни тарбиялаш, етук фозил жамоа ҳақидаги фикрларни асослаб бериш;

· Диний тасаввур, диний таълимотлар ривожида диний-ахлоқий мавзунинг устунлиги, инсон ҳулқи, манфаатларининг диний ғояларда етакчи мавзуга айланиши, ички маънавий камолот, Оллоҳга субъектив ички мукаммаллашув, маънавий-руҳий кўтарилиш, юксалиш ёрдамида эришув ва унинг сифатларига муяссар бўлишга қаратилган фаолият;

· Оғзаки ва ёзма сўзга катта эътибор, унинг ижтимоий-ахлоқий қудратини куйлаш, таърифлаш, шеърият, филология, бадиий маданиятнинг юксак ривожи, сўз санъати, риторика билан шуғулланиш маданийликнинг муҳим белгисига айланиб қолиши.[3] Маълумки, ислом маданияти аксарият ҳолларда шаҳар тамаддуни бўлиб, у асосан шаҳарларда марказлашди. Ўрта Осиёнинг четки ҳудудлари, айниқса турк ҳукмдорлари қўл остида бўлган минтақаларда (Ароди ат-турк), исломлашув жараёни эркин ҳолда кечди.

IX–XII асрларда Марказий Осиё минтақасида маданият юксалиши парвоз босқичга чиққанлиги тўғрисида гап борар экан, айни шу ҳудуд жаҳонни ҳайратга солган буюк мутафаккирларни етиштириб берганлиги, илм-маърифат, бетакрор кашфиётлар бешиги – тарихда «мусулмон маданияти», «араб маданияти» деб номланган тушунчалар билан баҳолангани бежиз эмас. ўрта аср тарихчилари ва сайёҳлари ушбу даврда Марказий Осиёда иқтисод, савдо ўсганлиги, кўркам шаҳарлар қад кўтарганлиги, илм-маърифат гуркираб ривожланганлиги ҳақида маълумот берадилар. Монументал меъморчилик, турли геометрик усуллар ёрдамида ҳар хил нақшлар, бино безаклари ясаш йўллари, қурувчи усталарнинг тажрибалари, бадиий усуллари тасвирий санъат, мусаввирлик ва мусиқа санъати беқиёс даражада ривожланган, кутубхоналар фаолият кўрсатган[4].

Археологик қазилмалар ва қўлёзма манбалардан маълум бўлишича ўша даврда мусиқа ва мусиқашунослик ҳам кенг ривож топган ва у математика илмининг таркибий қисми саналган[5].

Китоб ёзишнинг кучайиши, ҳаттотлик санъатининг, уни безаш, нақшлар билан кўркам қилиш мусаввирлик санъатининг ривож топишига олиб келган.

Умуман бу даврда қўлёзмаларни кўчириш, тайёрлаш, тўплаш маданий ҳаётнинг муҳим соҳасига айланган. Маълумки, асар фақат қўлда бир нусхадангина ёзилар эди. Босмахона эса бир неча асрдан сўнггина пайдо бўлган. Ёзилган асарни нусхасини кўпайтириш, бошқаларга етказиш, ундан нусха олиш зарур эди. Шунинг учун нусха кўчириш, асарни кўпайтиришга катта эътибор берилди. Аста-секин махсус нусха кўчириш санъати ва ҳунари шаклланди, шу туфайли бир жойда ёзилган асарларни бошқа шаҳар, ўлкаларида тарқатиш имкони вужудга келди.

Махсус нусха кўчириш билан шуғулланувчилар, ҳуснихат соҳиблари пайдо бўлиб, улар буюртма ёки сотиш учун асарлардан нусха кўчириш билан шуғулланганлар. Китобдан нусха кўчириш, китоб савдосининг кенг йўлга қўйилиши ҳамда маърифат аҳлини тинимсиз фаолияти туфайли Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур, Бағдод, Дамашқ сингари шаҳарларда катта кутубхоналар вужудга келди. Бозорларда китоб расталари кўпайди, китоб савдоси, уни тарқатиш билан шуғулланувчилар фаолияти кенгайди. Марказий Осиёга Бағдод, Миср, Эрон ва Испаниянинг турли шаҳарларидан қўлёзмалар келтирилиб, юртдошларимизнинг қўлёзма асарлари бошқа ўлкаларга олиб кетиладиган бўлди[6].

Сўфийлик тариқатлари ва шайхларнинг XIII аср сиёсий ҳаётидаги мавқелари беҳад ошди. Улар нафақат кўчманчи аҳоли, балки шаҳар ахолисининг ҳам эътиборини ўзига қаратди. Косиблар, ҳунармандлар, савдогарлар ўз гуруҳий манфаатларини бу шайхлар фаолиятларида мужассамлаштира бошладилар. Тариқат пирлари тез орада уламолар қаторига қўшилиб, жамиятдаги расмий диний мансабларни эгаллаб олдилар. Улар орасида мударрислик ҳам бор эди. Амир Темур даврида Ўрта Осиёнинг мустақил бир давлат қилиб бирлаштирилиши мамлакатнинг иқтисодий-маданий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Илм-фан, адабиёт ва санъат, ҳунармандчилик ва меъморчилик равнақ топди. Мамлакат ва пойтахт Самарқанднинг ободончилиги йўлида маҳаллий ва чет мамлакатлардан кўплаб фан ва санъат аҳлларини, ҳунарманд меъморларни ва мусаввирларни тўплади. Ободончилик, суғорма деҳқончиликнинг ривожланиши иқтисодий ҳаётда муҳим соҳа-ҳунармандчилик, савдо ва товар-пул муносабатларининг тараққиётига ижобий таъсир кўрсатди. Ҳунармандчилик тармоқларининг кўпайиши туфайли шаҳарларда ҳунармандчилик маҳаллаларининг сони ортиб, янги бозор расталари, тим ва тоқлар қурилди. Тўқимачилик, кулолчилик, чилангарлик, темирчилик ва бинокорлик соҳалари асосий ўрин тутган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Шоҳруҳия, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларида янги ҳунармандчилик маҳаллалари қурилиб, савдо марказига айланди.

XIV–XV аср охирларида Мовароуннаҳрни кўп мамлакатлар билан ижтимоий-иқтисодий баъзан сиёсий ва ҳарбий аҳамиятга эга бўлган карвон йўллари боғлаган эди. Бу йўллар бир-биридан иқтисоди, халқ турмуш тарзи, дини, маънавий ва моддий маданияти жиҳатдан фарқланувчи мамлакатларнинг ўзаро алоқасини ривожлантиришга имкон яратди. Карвон йўллари савдо, дипломатик алоқаларнинг амалий вазифасини, айни вақтда мамлакат ва халқларнинг ўзаро иқтисодий ва маданий таъсирини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

XVI–XVIII асрларда Шайбонийлар ва Аштархонийлар ҳукмронлиги даврида ҳунармандчиликнинг ривожланиши транзит ва ички савдонинг кенгайишига ёрдам берди. Бу даврда ҳунармандчиликнинг 60 дан ортиқ тури мавжуд эди. Марказий Осиё, Ҳиндистон, Эрон, Балх, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан совда-сотиқ дипломатик алоқада бўлган. Хонликлар даврида қурилиш иншоотлари турлари янада такомиллашади, кўплаб жамоат бинолари (карвонсаройлар, кўприклар, сардобалар, ҳаммом, тим ва бошқа савдо расталари) қурилади. Монументал биноларнинг қиёфаси ўзгаради, ҳунармандлар уюшмалари вужудга келади. Бухоро шаҳри баландлиги 10 метрли девор билан ўралиб, шаҳар дарвозалари қурилди, Мир-Араб мадрасаси ва Хўжа Зайниддин масжид-хонақосини қуришда халқ меъморчилиги анъаналаридан фойдаланилди. Шаҳар ташқарисида ҳам монументал бинолардан бўлган Чор-Бакр қурилди. Жомеъ масжидлари сарой каби серҳашам қилиб, мадрасалар пештоқли, минорали тарзда қуриб, ҳовлилари тўрт томондан айвон ва ҳужралар билан ўралди. Бухоро ва Тошкентдаги Кўкалдош мадрасалари бунга гувоҳлик беради. Бинолар безашда майда ўсимлик-нақшли парчинлар ишлатилди. Деворларга гул териш каби Темурийлар давридаги усуллар ривожлантирилди. Қабр тошлари ясашда юксак бадиий даражада тошларга ёзувларни ўйиб битиш ривожланди.

Аммо хонликларнинг ўзаро урушлари Марказий Осиёда ҳўжалик ва маданий ҳаётни издан чиқарди. Бу ҳол Чор Россиясининг хонликларни босиб олишини осонлаштирди. Россияда сармоядорлик саноатининг ўсиши янги бозор савдосига ва хом ашё манбаларига бўлган талабни оширди. Россия Марказий Осиёни босиб олгач, маҳаллий аҳоли рус ва Россиянинг бошқа халқлари билан алоқа ўрнатишга мажбур бўлди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги техникалари кириб кела бошлади. Ўз ўрнида Россия ва Европа маданияти элементлари кириб келди. Рус тузем мактаблари очилди. Типография ва литографиянинг пайдо бўлиши маданий ҳаётда катта воқеа бўлди. Аввал рус тилида, сўнгра маҳаллий тилларда газета, журнал ва китоблар чоп этила бошлади.

Маърифатчилик ҳаракати, айниқса ўзининг ривож топган босқичида Туркистонда ўзга юртлардаги ижобий ютуқлардан фойдаланган ҳолда мустақил маънавий тараққиёт йўлини қидириш ва тарғиб этиш масалаларини олға сурди. Бу ҳаракат рус подшо ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсатига зарар келтиришдан чўчиган чоризм амалдорлари уни чегаралаш ва бўғиб қўйиш чора тадбирларини кўра бошладилар.

XIX аср охири – ХХ аср бошларида Туркистонда жуда мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодисалар билан бирга унинг маданий ҳаётида ҳам тез ва шиддатли ўзгаришлар рўй берди. Маданият, адабиёт, таълим-тарбия, дин, мафкура соҳасида турли оқимлар пайдо бўлди, улар орасидаги муносабатлар мураккаб тус олди.

XIX аср ўрталарида Европа маданиятининг Ўрта Осиёга кириб келиши жамият ҳаётининг турли жабҳаларида, шу жумладан, дин соҳасида ҳам ислоҳотларнинг бошланиб кетишига туртки бўлди. Усул-и жадид тарафдорлари диний таълим тизимини тубдан ўзгартириш жамиятни ислоҳ қилишда ҳал қилувчи омил бўла олади деб ҳисобладилар. Усул-и қадим тарафдорлари эса анъаначилик мавқеини эгалладилар. Диний таълим ислоҳчиларидан коммунистлар даражасигача бўлган йўлни босиб ўтган жадидчилар дунёвий таълим тизимини яратишни диний таълим тизимини батамом йўқ қилиш орқали амалга ошириш амалиётини маъқулладилар. Бу эса ўша пайтда олиб борилган секуляризм (ҳаётнинг барча жабҳаларини дин таъсиридан батамом тозалаш) сиёсатига мос келарди. Натижада ислоҳчилик ҳаракати дин ва дин пешволарини таъқиб этиш сиёсатига айланиб кетди[7]. Қатағон йилларида уч карра олиб борилган «катта тозалаш»лар («чистка» – 1927, 1936-37, 1949 йиллар) оқибатида маънавият ва маърифатга талафотлар етказилди. Дин ва диндорларни таъқиб қилиш халқнинг маънавий маданиятига ниҳоят даражада катта завол етказди. Маъмурий-буйруқбозлик тартиботи ўрнатилиши билан динга илмий нуқтаи-назардан ёндашиш инкор этила бошланди. Дин билан атеизмнинг дунёқараш жиҳатидан бир-бирига қарама-қаршилиги сиёсий қарама-қаршилик билан алмаштирилди. «Социализмда динга ўрин йўқ, унга дин бегона» деган қоида устун бўлиб қолди. Шундай қилиб унга нисбатан салбий муносабат динга қарши зўрлик кўрсатишга айланиб кетди. На масжидлар, на черковлар, на диндорлар шу қадар миқёсдаги таъқибларни бошидан кечирмаган эдилар.

Шунга қарамай халқимиз 130 йил мобайнида кечган сиёсий жараёнлар натижасида чор ва совет империясига қарам бўлиб қолганда ҳам ўз миллий қадриятларини сақлаш туйғусини йўқотмасликка, миллий ва диний қадриятларини маълум даражада сақлашга ҳаракат қилди.

Мустақиллик қўлга киритилгач, миллий қадриятларга эътибор кучайди. Мустамлакачилик даврида топталган миллий қадриятларимиз тикланди, янги маъно-мазмун билан бойиб бормоқда.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таъкидлашича, маънавият соҳасидаги стратегик мақсадимиз – «миллий қадриятларимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш, муқаддас динимизнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрнини ва ҳурматини тиклаш каби мустақиллик йилларида бошланган эзгу ишларимизни изчиллик билан давом эттириш, уларни янги босқичга кўтариш ва таъсирчанлигини кучайтиришдир»[8].

Зеро, ўлка халқларининг маънавий юксалишини таъминлаш, уларнинг бир-бирига қон-қардошлиги, ҳамжиҳатлигини жипслаштиришда муҳим омил саналган асрий бебаҳо қадриятларимизни ўзида мужассам этган исломий аҳкомларнинг бугунда ҳам ҳаётимизда ўз муносиб ўрнини топаётганлиги исломнинг жамият тараққиётида муҳим ўрин тутишидан далолат беради.

Дарҳақиқат, ислом дини ва мусулмончилик тамойилларининг Ўрта Осиё ҳудудида тарқалиши, чуқур илдиз отиши баробарида ўлкамиз халқлари кенг мусулмон олами билан туташиб, унинг бой диний ва дунёвий маданияти, илму урфони билан яқиндан ошно бўлиб борди. Айни чоғда азалдан илму маърифат ўчоғи бўлиб келган кўҳна юртимиз бағридан бу даврда жаҳонга довруғ солган, дунё маданияти ва цивилизацияси хазинасига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб номдор алломалар, буюк муҳаддис олиму уламолар етишиб чиқди.

Р.Раҳматжонов

Тошкент ислом университети



[1] Аширов А., Атаджанов Ш., Этнология. –Т.,2007, 127-129 бетлар

[2] Қаранг: Уватов У. Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. –Т.,2010

[3] Ҳайруллаев М. Ўрта Осиёда илк Уйғониш даври маданияти. -Т., 1994, 71-72 бетлар.

[4] Пугаченкова Г. Ремпель П. История искусства Узбекистана. Т., 1965. 121 стр.

[5] Хайруллаев М. Ўрта Осиёда илк Уйғониш даври маданияти. Т., 1994. 31 бет.

[6] Хайруллаев М. Ўрта Осиёда илк Уйғониш даври маданияти. Т., 1994, 33 б.

[7] Қаранг: Агзамходжаев С. История Туркестанской автономии (Туркистон Мухторияти). – Т,.2006.

[8] Каримов И. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т., 2000, 24-бет.