Наш адрес

Tashkent Islamic University

International Cooperation Dept.

Head: Mr.: Khamidbek Khasanov

e-mail: tiuxab@mail.ru info@tiu.uz

tel.: +998-71-2449593

tel.: +998-71-2449593

fax.: +998-71-2440065

A.Kadiri 11, 100011,

Tashkent, Uzbekistan

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер

 

www.dc.uz

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Главная страница

Ўрта Осиё хонликлари шаҳарлари маданий ҳаётида

мактаб ва мадрасаларнинг тутган ўрни

Исломнинг аҳоли ўртасида мавқеини мустаҳкамлаш, диний ва дунёвий билимларни ўргатиш, аҳолининг маънавий қиёфасини шакллантириш ишида XVI - XIX асрнинг биринчи ярмида ҳам олдинги асрларда бўлгани каби мактаб ва мадрасалар муҳим ўрин тутган. Бу ўринда алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, Ўрта Осиё хонликларининг турли шаҳар ва марказларида аҳолининг саводхонлигини ошириш мақсадида масжидлар ҳузурида ташкил этилган мактаблар, аҳолининг илмга ташна вакиллари учун очилган кўпдан-кўп мадрасалар мавжуд бўлиб, улар илм-фан ўчоқлари вазифасини ўтаганлар. Бу мадрасаларда нафақат айрим марказ, балки қўшни қишлоқ ва шаҳарлар, бошқа хонликлар, дашт ва хорижий юртлар аҳлининг илмга ташна вакилларини кўплаб учратиш мумкин эди. ХVI муаллифи Зайниддин Восифийнинг 1504 йилда Самарқандда содир бўлган қаҳратон қиш ва «очарчиликдан» азият чеккан «ўнта хуросонлик талаба» ҳақидаги маълумоти бу ўринда диққатга сазовордир[1].

Ўрта Осиёнинг турли марказларига илм истаб сўнгги ўрта аср жамиятининг турли вакиллари келар эдилар. Улар орасида ҳукмдорлар, амалдорлар, олиму фузалолар ва бошқаларни учратиш мумкин эди. Турли илмлар, хусусан, Қуръон ўқишда моҳир бўлган Шайбонийлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Шайбоний-хон, XVI аср муаллифи Муҳаммад Солиҳнинг сўзлари билан айтганда «Ҳақ сўзни ул ўқур бўлса алҳақ, Ани ўзар киши йўқтур мутлақ» эди[2]. Бу шахснинг Моварауоннаҳрни қўлга киритгунига қадар, Бухорода «икки йил қироат илмидан сабоқ олганлиги» ҳақидаги ХVI аср тарихчисининг маълумоти бу ўринда диққатга сазовордир[3]. XVI асрда яшаган муаррих Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон ҳам Шайбоний-хоннинг Бухородаги ўқишига тўхтаб, у «маълум вақт давомида Бухорода яшаб, Оллоҳнинг муқаддас каломини ўрганиш ва хотирасида сақлаш, илмий билимларни эгаллашга шошилган эди», – деб ёзган эди[4]. Бу маълумотлар исломнинг турли халқларни бирлаштирувчи маданият сифатидаги вазифасини сўнгги ўрта асрлар давомида ҳам давом эттирганлигини кўрсатади.

Ўрта Осиё хонликлари ичида Бухоро хонлиги мактаб, мадрасаларнинг кўплиги билан алоҳида ажралиб турган. Хонликнинг йирик илм-фан марказларидан бири Самарқанд эди. Бу ерда дунёвий илмлар билан бир қаторда ислом динининг асосий тамойиллари, ҳадис, фикҳ ва диний билимларнинг бошқа соҳаларидан чуқур сабоқ берилар эди. ХVI аср муаллифи Ҳасанхўжа Нисорий «Бу шаҳарда кўплаб олиму фозиллар ўтишган. Самарқанд ҳозир ҳам илмлар маконидир. У ернинг мавлонолари кўпинча ҳақиқий илмлар билан шуғулланишади», – деб қайд этган эди[5]. Шаҳарнинг илм-маърифат ва диний билимлар маскани сифатидаги аҳамияти кейинги асрларда ҳам сақланиб қолди. Бунда шаҳардаги мадрасаларнинг аҳамияти катта эди.

Самарқандда мадрасалар сони кўп бўлиб, улар кўрилаётган давр мобайнида ортиб борди. Хусусан, шаҳарда ХVI асрда Шайбоний-хон ва унинг келини Меҳр Султон-хоним томонидан «Мадраса-йи Олия»[6], 1612 йилда Самарқанд қозиси Соқий томонидан мадраса[7], Самарқанд маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган амир Ялангтўш-бий томонидан 1631 йилда Шердор ва 1642 йилда Тиллақори мадрасалари, 1637 йилда Сайид Аҳмадхожа мадрасаси, 1630 йилда Нодир Девонбеги мадрасаси, 1812 йилда Амир Ҳайдар томонидан Олий мадрасалар қурилган эди[8]. Бу мадрасалар XIX асрда ҳам фаолият кўрсатган эди. Жумладан, ХIХ аср бошларида ҳам Ўрта Осиёга саёҳат қилган ҳиндистонлик Мир Иззат Улланинг кўрсатишича, Самарқанднинг асосий мадрасалари вазифасини Шердор ва Тиллақори мадрасалари ўтаган[9]. Шунингдек, ХIХ асрда шаҳарда яна Шоҳизинда ва Улуғбек мадрасаларидан ташқари Сафид, Орифжон-бой, Турба, Хўжа-Зумрад, Турдали, Розиқ-сўфи, Махсум-Хоразм мадрасалари ҳам мавжуд эди[10].

Ўрта Осиёнинг йирик илм-фан ва маърифат, диний билимлар маркази сифатида Бухоро ҳам машҳур эди. ХIХ аср муаллифи ҳаққоний равишда, Бухоро доимо илм тарқатувчи марказ «ҳисобланган ва ҳисобланади», – деб ёзганида ҳақ эди[11]. ХVII аср муаллифи Маҳмуд ибн Валининг қуйидаги сўзлари бунинг ёрқин тасдиғидир. «Олимларнинг кўп сонлилиги ва илмларнинг кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайдилар», – деб ёзган эди бу муаллиф[12].

Илм-фан, маърифат тарқатувчи марказлар сифатидаги мадрасаларнинг аҳамиятини тушунган, тарихда ўз номини муҳташам бинолар қуриш билан қолдиришга ҳаракат қилган айрим ҳукмдорлар, амалдорлар, руҳонийлар, савдогарлар ва бошқа шахслар томонидан бу қадим ва муаззам шаҳарда кўплаб мадраса масжид, хонақолар қурилган эди. Шаҳарда XVI-XVII асрлар давомида Мир Араб мадрасаси (1535–1536)[13], Қулбобо Кўкалдош мадрасаси (1578–1579), «Қўш мадраса» - «Модари-хон» мадрасаси (1566–1567), Абдулла-хон мадрасаси (1589-1590), «Заргарлар мадрасаси» (1651–1652), Хиёбон (1654–1655), Бозори Гўсфанд (1669–1670) ва Жуйбори Калон (1670–1671) мадрасаси, ХVII асрнинг биринчи ярмидаги йирик амалдор ва вазир Нодир Девонбеги маблағига яхлит архитектура ансамбли - ҳонақо, ҳовуз ва мадраса, Пояндабий-оталиқ масжиди (1617), Муҳаммад-ёр Оталиқ томонидан хонақо (1669) бунёд этилган эди [14].

Шаҳарда XVIII асрда қурилган мадрасалар - Раҳмонқули мадрасаси (1794–1795), Домулло Эрназар Элчи мадрасаси (1794–1795), Домла Турсунжон мадрасаси (1796–1795) машҳур эди. Улардан бири - Домулло Эрназар Элчи мадрасасининг қурилиши ҳақида ХIХ аср манбаларида қуйидагилар қайд этилган эди. Унда ёзилишича, 1779 йилда Россияда бўлган Бухоро элчиси Эрназар Мақсутов томонидан Екатерина II берган пул эвазига бу мадраса қурилган эди». «Лекин мадрасанинг ташқи кўриниши унча яхши бўлмаган, бу элчи /Эрназар Мақсутов - Г.А./ унга берилган ҳамма пулни ишлатмаган»лигини кўрсатади, деб таъкидланган эди рус манбаларида 1823 йилда[15].

ХIХ асрда ҳам шаҳарда мадрасалар қурилиши давом эттирилди. 1807 йилда шаҳарда Халифа-Ниёзқул томонидан «Чор-минор» номи билан машҳур мадраса қурилган бўлиб, унинг тўртта бурчагига гумбаз ўрнатилгани учун бу бино «чор минор» номи остида маълум эди. Бухоро мадрасаларининг сонини ХIХ аср муаллифлари турлича кўрсатадилар. Хусусан, Мир Иззат Улланинг кўрсатишича, Бухорода 80 та мадраса бўлиб, уларнинг каттаси «Хўжа Баҳовуддин» дарвозаси яқинидаги Кўкалдош мадрасаси эди[16]. XIX асрнинг 40-йилларида Н.Ханиковнинг кўрсатишига кўра эса, Бухорода амир рўйхатида кўрсатилган 103 та мадраса бўлиб, улардан 60 таси энг катта мадраса ҳисобланар эди. Уларнинг энг машҳурлари - Кўкалдош, Мирзо Улуғбек, Заргарлар, Турсунжон, Хиёбон, Гаукушон мадрасалари ва бошқалар эди[17]. Шу асрнинг бошқа бир муаллифи инглиз А.Борнс эса шаҳарда 366 та «катта ва кичик» мадрасалар бор деб кўрсатар экан, улар вақф этилган бозорлар, ҳаммомлар, атрофдаги ерлардан келадиган даромадлар ҳисобига кун кўришини ёзиб, мадрасалар толиблари орасида «Эрондан ташқари ҳамма мамлакатлар кишиларини учратиш мумкин. Улар етти ёки саккиз йиллик ўқув курсини тугатиб, ўз ватанларига билим захираси ва машҳурлик билан қайтадилар», деб қайд этган эди[18].

Ҳар бир кўчада жойлашган масжид қошида мактаблар ҳам мавжуд эди. Бунда маҳаллий аҳоли фарзандлари савод чиқарганлар. «Кўпгина масжидлар қошида мактаблар ташкил этилган бўлиб, уларда ҳамма ёшдаги кишилар ўқиш ва ёзишни ўрганадилар», – деб ёзган эди шоҳидлардан бири[19].

Дастлабки билим олиш ва диний сабоқ чиқаришда мактаблар жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган. Уларда таълим олувчилар ўқиш ва ёзиш, Қуръон асосларидан сабоқ олганлар. Н.Ханиковнинг кўрсатишича, Бухорода, бошқа Ўрта Осиё шаҳарларида бўлганидек, мактаблар ҳар бир кўчада бўлган. Унда ўқувчилар Алифбо, Қуръон, Чоркитоб ва бошқа диний китоблар билан бир қаторда Хўжа Ҳофиз, Мирза Бедил асарлари билан бирга «бешта турк китоб» –Китоби Фузулий, Лисон ут-тайр, Девони Амири Навоий, Ҳувайдо, Қиссаи Девонаи Машрабни ўқиганлар. Мактабларда 7 ёшдан 12 ёшгача таълим олганлар[20]. Мактабларда ўғил ва қиз болалар алоҳида ўқитилган.

Мактаблар эгаси мактабдор деб аталган. Айрим ҳукмдорлар жамият аъзоларининг маънавий қиёфаси ва маърифатли бўлишлари ҳақида қайғуриб, мактабларга катта эътибор қаратганлар. Бу ўринда муаррих Муҳаммад Солиҳнинг XVI асрга оид қуйидаги маълумоти диққатга сазовордир. Унинг ёзишича, Муҳаммад Шайбоний-хоннинг биродари Маҳмуд Султон Қундузни қўлга киритгач бу ерда ҳар маҳалла қошида бир мактаб очишга ҳаракат қилган, ким мактабдор бўлса унга «лутфу иноят бисёр» кўрсатган[21].

Мактаб ва мадрасалар, шунингдек, масжид ва хонақолар қурилишида руҳонийлар вакилларининг ҳам ўз ўрни бор эди. Улардан бири – XVIXVII асрларда Бухоро хонлиги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида мавқеи ниҳоятда кучли бўлган Жуйбор шайхларидан Хўжа Саад(1531/1532-1589) қурдирган иморат ҳақида «Матлаб ут-толибин» асари муаллифи Муҳаммад Толиб (XVII аср) қуйидагиларни қайд этган эди: «олий мадрасалар, баланд кўтарилган масжидлар, жаннат боғлари рашк қиладиган қасрлар, кавсар боғларини эслатадиган сардобалар, карвонсаройлар ва ҳаммомлардан ҳаммаси бўлиб олам сафҳасида етмишта сангин иморатлар бино қилдилар. Шу жумладан, Бухоро ... вилоятида гулдастадек гўзал мадраса, унинг шимолида олий даражада Жомеъ масжиди бино қилдилар... Корхона масжиди, Хиёбон бошидаги Ҳай масжиди, Жуйбор хонакоҳи, Колобод мадрасаси биноси»[22].

Мадрасалар Бухоро хонлигининг бошқа марказларида ҳам кўплаб бунёд этилган. Улар жумласига Қарши мадрасаларини киритиш мумкин. Жумладан, ХIХ асрнинг биринчи чорагида Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида шаҳарда «сут сотиш билан шуғулланувчи» Гули исмли аёлнинг маблағига бир мадраса бунёд этилган эди[23]. Шу билан бирга бу шаҳарда Бикей ва Сарой мадрасалари каби мадрасалар мавжуд эди. Бу шаҳар ва унинг атрофида масжидлар қурилишида руҳонийлар ҳам фаол иштирок этганлар. Юқорида номи зикр этилган Хўжа Саад Жуйборий қурдирган бинолар жумласида сўнгги ўрта аср муаллифи: «Шунингдек, Насаф вилоятида бир қанча ҳарам сарой, бир қанча масжид бино қилдилар», деб маълумот беради[24].

Хива хонлигида ҳам мадраса ва мактаблар мавжуд эди. Улар ҳажми ва сони жиҳатидан бошқа хонликлар шаҳарларидан фарқ қилар эди. Конкрет тарихий маълумотлар асосида хонлик шаҳарларидаги мактаб ва мадрасалар бошқа Ўрта Осиё шаҳарларидан фарқли ўлароқ бошқача асосда ташкил этилганини кузатиш мумкин. Хивада саводхонлар кўп, - деб ёзар экан, мактаблар хусусий шахслар томонидан таъминлаб турилишини қайд этган М.Иванин, бу ерда ерларнинг таноблар билан ўлчаниши ва улар орқали солиқлар ҳисоблангани қайд этади. Бу эса «хиваликлар бошланғич геометриядан хабардорликларидан дарак беради», деб ёзади бу муаллиф[25].

Биргина Хива шаҳрининг ўзида XVI-XIX асрнинг ўрталарида Араб-Муҳаммад-хон мадрасаси (1616), Хўжамберди-бий мадрасаси (1688), Шерғози-хон мадрасаси (17191726), Муҳаммад Амин-иноқ (1765), Фозил-бек (1799), Эшмурод-бий (1810), Оллақули-хон (1835), Шомон-Иморат (1836), Арабхон-саркор (1838), Гадой Ниёз-ясаулбоши (1840), Ёқуб меҳтар (1840), Муса-тўра (1841), Сайид-бой (1842), Раҳим-қули (1843), Раҳмонберди-хон (1843), Муҳаммад Амин-хон (1851) мадрасалари каби иншоотлар қурилган эди[26]. Улар хонлик ахолиси ҳаётида муҳим ўрин тутганлар. Улардан бири 1851 йилда Хиванинг олий ҳукмдори Муҳаммад Амин-хон томонидан қурилган мадраса бўлиб, тўртбурчакли, икки қаватли ғиштин бу мадрасанинг ўртасида «тоза ҳовли» бор эди. Унинг ўртасида қудуқ бўлган. Ушбу мадрасада ХIХ аср ўрталарида 4 мударрис ва 300 та талаба бўлган[27].

Хива хонлигида ҳам мадрасалар ва масжидлар қурилиши ишига жамиятнинг турли табақалари вакиллари ҳукмрон сулола вакилларидан тортиб турли амалдорлар, руҳонийлар ва шу жумладан савдогарлар ҳам ҳисса қўшганлар. Улардан бири савдогар Саид Ниёз-бой бўлиб, у томонидан Хива аркининг шарқ томонида дарвозанинг олдида унинг номи билан аталган масжид қурилган эди[28].

Мадраса ва масжидлар Хива хонлигининг бошқа марказларида ҳам мавжуд эди. Жумладан, 1842 йилда Янги Урганч ҳақида ёзган Г.И.Данилевский, «Аҳоли унда 15 масжид ва 2 мадраса бор деб ҳисоблайди», деб қайд этади[29]. Бошқа марказларда эса мактаблар сони нисбатан кам эди. ХIХ асрда келтирилган маълумотлар уларнинг айримларида мадрасалар бўлмаганлигига ишора қилади. Хусусан, Гурланда иккита мактаб, Шоҳободда иккита мактаб, Ҳазораспда эса бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ масжидлар ва мадрасалар сони кўпроқ эди[30]. Г.И.Данилевскийнинг хабарига кўра, унда 10 та масжид ва 1827 йилда қурилган Қутлуғ-иноқ мадрасаси мавжуд эди[31]. ХIХ асрнинг 70-йилларига оид маълумотларга кўра эса шаҳарда «8 та масжид ва шунча мактаб бор эди»[32].

Қўқон хонлигида ҳам аҳолининг диний ва дунёвий билимларни эгаллашига хизмат қилувчи мадраса ва мактаблар кўп эди. Хонликни атрофлича ўрганган А.Куннинг ХIХ асрнинг 70 – йилларида ёзишича, Қўқон шаҳарларида мактаб, мадрасалар сони кўп эди. Хусусан, Қўқонда 120 мактаб, 40 мадраса; Марғилонда 80 та мактаб, 10 та мадраса; Андижонда 60 та мактаб, 6 мадраса, 100 мактаб, 5 та мадраса бор эди[33]. Шу аср муаллифи А.П.Хорошхиннинг маълумотлари бундан бироз фарқ қилади. Хусусан, у Қўқон ҳақида ёзар экан, унда 15 та мадраса борлигини ва уларда 1500 талабалар таҳсил олганликларини кўрсатар экан, мадрасалар ичида катталиги билан Мадали-хон ва Жомий мадрасалари ажралиб туришини қайд этган эди[34].

Қўқон хонлигининг йирик маърифат марказларидан бири Наманган эди. Шаҳарда ХIХ асрнинг 60 йилларида Мавлавий номли карвон-сарой яқинида шу номдаги мадраса жойлашган бўлиб, у ушбу карвон-саройдан тушадиган вақф даромади ҳисобига фаолият кўрсатар эди[35].

Қўқон хонлигининг йирик марказларидан бири Тошкент эди. ХIХ асрнинг биринчи ярмида Тошкент муллаларидан бирининг кўрсатишича, шаҳарда 17 та мадраса бўлиб, уларнинг 6 таси асосий эди[36]. Уларнинг ичида энг катталаридан бири ХVI асрда қурилган Бароқхон мадрасасини кўрсатиш мумкин. Тошкент мадрасаларининг кўпчилиги ХIХ асрнинг биринчи ярмида қурилган эди. Хусусан, бу даврда Тошкентда - Шукур-хон, Эшонқули-додхо, Беклар-беги, Эшонқули-Лашкар-қушбеги, Дикзор каби мадрасалар қурилди.

Шаҳарда мактаблар ҳам кўп эди. ХIХ асрнинг 30 - йилларида Тошкентда бўлган хорунжий Потанин «асосий масжидлар ҳузурида мактаблар бўлиб, уларда фақат... татарча (ўзбекча – Г.А.), форсча, туркча, қўқонча ўқиш ва ёзишга ўргатилади ва қуръон тушунтирилади», - деб қайд этган эди[37].

Мадрасаларда нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни шаҳар ва қишлоқлар, дашт ва хорижий мамлакатлар вакиллари ўқишга келар эдилар. Бир шаҳарнинг ўзида ҳам баъзи мадрасаларнинг илмга ташна айрим талабалари бир мадрасадан иккинчисига, бир шаҳардан иккинчисига кўчиб бора олардилар. Қўқон хонлиги мадрасалари ҳақида ёзган XIX аср муаллифи Сатторхон Абдулғаффоров Ўрта Осиёнинг ҳамма мадрасаларида, Бухоро ва Хива бундан мустасно эмас, бир хил фанлар бир хил дастур асосида ўқитилган, деб ёзган эди[38].

Мадрасалардаги ўқиш муддати чекланмаган эди. Кўп ҳолларда у талабаларнинг меҳнатсеварлиги ва қобилиятига боғлиқ эди. Мадрасани битириш форс ва араб тилларини ўрганишни тугатганликни, мантиқ ва шариат асосларини ўрганганликни, шунингдек, бошланғич геометрия ва 4 амал арифметик ҳаракатларни ўрганганликни ҳам билдирар эди. Талабалар учун турли предметлар бўйича курслар, хусусан, грамматика курслари, ҳуқуқшунослик курслари, диний-илоҳиёт курслари мавжуд эди.

Мадрасалардаги таълимнинг ташкил этилиши ҳам алоҳида эътиборга лойиқ масалалардандир. Уларда дарслар кечқурунгача давом этиб, ҳафтанинг тўрт куни – шанба, якшанба, душанба ва сешанба кунлари ўтказилган. Бу даврда муаллим – мударрис мадрасада қолган, бошқа кунлари эса уйида яшаган. Талабаларга ҳам ўзига хос эркинликлар берилган бўлиб, уларнинг келиб-кетиши ҳам эркин эди[39].

Мадрасалар одатда асосан шаҳарларда, бошланғич сабоқ берувчи мактаблар эса шаҳар ва қишлоқлардаги масжидлар ҳузурида мавжуд бўлар эди.

Юқори табақа вакиллари мактаб ва мадрасаларга ҳомийлик қилишга ҳаракат қилганлар. Хусусан, турли кўчмас мулк хилларидан келадиган даромадлар улар фойдасига вақф этилган. Бу пул маблағидан мадрасанинг мударрислари маош олганлар, унинг бир қисми мадрасаларни таъмирлаш ишларига ва талабаларнинг эҳтиёжларига сарф этилган. Буни сўнгги ўрта асрларга оид кўпгина маълумотлар тасдиқлайди. Жумладан, турли илмий масалалар бўйича мунозаралар ўтказган Самарқанднинг «олимлари, эътиборли арбоблари»нинг мажлисида иштирок этган Муҳаммад Шайбоний-хон «Самарқанд олимлари ва илм-фанни ўрганувчиларга ҳомийлик қилишга эътибор қаратди», - деб ёзади XVII аср муаррихи Фазлуллоҳ ибн Рўзбехон [40]. Шу муаллифнинг қайд этишича, бунинг учун олий ҳукмдор Самарқанд вақфларини текшириш, «давр ҳодисалари оқибатида» инқирозга юз тута бошлаган мадраса ва ҳонақолар тўғриланиши, «мударрис ва толибларнинг моддий таъминланишини эса «улар муносиб даражага кўтариш» лозимлиги ҳақида амр этган эди[41]. Бундай ҳолатни кейинги давр маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, ХIХ асрдаги Бухорога оид маълумотларга кўра, вақф даромадларидан келадиган асосий тушумларга қўшимча равишда амир томонидан закот солиғидан бир қисми диний мақсадлар, шу жумладан, мадрасалар учун ажратилар эди[42].

Масжид ва мадрасалар фойдасига вақф этилган кўчмас мулк турлари ичида илгариги даврларда бўлгани каби XVI – XIX асрнинг биринчи ярмида карвон-саройлар муҳим ўрин тутганлар. Буни ушбу даврга оид кўплаб маълумотлар тасдиқлайди. Жумладан бу ҳолатни ХIХ асрдаги Тошкент карвон-саройларига оид маълумотлар орқали яққол кузатиш мумкин. Бу маълумотларга биноан Тошкентнинг Нурмуҳаммад қушбеги, Исабек, Маҳрам боши, Дастурхончи, Абдурасул номи билан юритилувчи карвон-саройлари масжид ва мадрасалар фойдасига вақф этилган эди. Шаҳардаги Шукур-хон мадрасаси фойдасига «8 дўкон ва 1 сарой» вақф этилган эди. Баъзи ҳолларда карвон-саройларнинг вақф этилиши қисман амалга оширилиши ҳам мумкин эди. Хусусан, Саид Азим номи билан машҳур Тошкент карвон-саройи фойдасининг 1/10 қисмигина мадрасалар учун вақф этилган эди[43]. Шунингдек, шу шаҳардаги Шоҳбек карвон-саройидан келадиган даромаднинг фақат ярмигина мадрасалар фойдасига вақф этилган эди, холос[44].

Хонликларнинг маънавий ҳаётида кутубхоналарнинг ўрни катта эди. Уларда турли диний характерга эга адабиётлар, илм-фан, адабиёт ва тарих соҳаларида битилган турли китоблар мавжуд эди.

Кутубхоналар кўп ҳолларда саройларда, шунингдек, хусусий шахсларнинг уйларида, мадрасаларда ҳам мавжуд бўлган. Бу кутубхоналар ҳам моҳир ҳаттотлар томонидан кўчирилган китоблар билан муттасил тўлдирилиб турилган. Бундай кутубхоналар эгалари жумласига турли олимлар, руҳонийлар ва бошқаларни киритиш мумкин. Жумладан, Жуйбор шайхларининг кутубхонасида, муаррихнинг кўрсатишича «тафсирлар, ҳадислар, ... қиссалар, тарихлар ва девонлардан иборат минг жилд китоб» мавжуд эди. Уларнинг орасида «Мулло Амр Али котибнинг хати билан ишланган, жилди муқовалари зардан тикилган ва бир қанча зийнатланган китоблари» ҳам бор эди[45].

Турли мадрасалар қошида кутубхоналар ҳам мавжуд бўлар эди. Талабалар бу ерда ўзларини қизиқтирган турли адабиётлар билан танишишлари мумкин эди.

Ҳадислар, фиқх, дин тарихи ва илм-фаннинг турли соҳаларидан воқиф этувчи китобларни бозорлардаги китоб дўконларидан сотиб олиш мумкин эди. Бундай дўконларни Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Урганч бозорларида кўплаб учратиш мумкин эди. Хусусан, Тошкентда, А.Хорошхиннинг хабар беришича, шаҳарда 11 та китоб дўкони бор эди[46]. Китоб дўкони вазифасини шаҳарларда мавжуд муқовасозлик устахоналари ҳам ўтаган. Бундай устахонанинг шаҳар маданий ҳаётида тутган ўрни хусусида бундай устахонани Самарқандда кузатган Ю.О. Якубовский XIX асрда «Муқовасозлик устахонаси одатда мадрасанинг бирор-бир толиби кириб, ўқиш учун китоб оладиган дўкон ва ҳатто кутубхона вазифасини ҳам ўтаган», деб қайд этади[47].

Шундай қилиб, XVI XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари шаҳарларида кўплаб мактаб, мадрасалар мавжуд бўлиб, улар аҳолининг саводхонлигини ошириш, турли дунёвий ва диний билимларни эгаллашлари учун асосий марказ вазифасини ўтаганлар. Бу марказлар ўрта аср жамияти турли ижтимоий гуруҳларига мансуб аҳоли вакилларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ривожланиб борган ва аҳолининг маданий-маънавий тараққиётига хизмат қилган.

Г.Агзамова,

т.ф.д.,

ЎзР ФА Тарих институти



[1] Болдырев А.Н. Мемуары Зайн-ад-дина Васифи, как источник для изучения культурной жизни Средней Азии и Хорасана на рубеже ХV-XVI веков // Труды Отдела истории, культуры и искусства Востока Государственного. Эрмитажа, Л., 1949. – Т. II. С.226.

[2] Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома/ Нашр. тайёрловчи. Э. Шодиев. – Т.: 1989. 29-б.

[3] Камлиддин Бинаи. Шейбанинамэ // Материалы по истории казахских ханств XV-XVIII веков (Извлечения из перс. и тюрк. соч.)/ Сост.: С.К. Ибрагимов, Н.Н. Мингулов, К.А. Пищулина, В.П. Юдин. – Алма-Ата: Наука, 1969. - 651 с.

[4] Фазлаллах ибн Рузбехан Исфахани. Михман-наме-йи Бухара (Записки бухарского гостя) / Пер. Р.П. Джалиловой; Под. ред. А.К. Арендса. – М.: Наука, 1976. С.28.

[5] Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб (Дўстлар ёдномаси)/Форс тилидан Исмоил Бекжон тарж. – Т.: Мерос, 1993. 32-б.

[6] Фазлаллах ибн Рузбехан. Михман-наме-йи Бухара С..151.

[7] Ахмедов Б.А. Историко-географическая литература Средней Азии XV-XVIII в. – Т.: Фан, 1985. С.133.

[8] Абу Тоҳирхожа Самарқандий. Самария /Форсчадан А. Сатторий таржимаси; Маъсул муҳаррир С. Айний, Б. Ахмедов // Мерос. – Т., 1991. 28-б.

[9] Путешествие Мир Иззет Уллы от границы Кокандского ханства до города Самарканда //Труды САГУ. Нов. сер. Вып. ХС. Ист. – Кн. 14. Сер. История. – Т., 1957. С.195.

[10] Хорошхин А.П. Самарканд (Листки из памятной книжки) // Сборник статей, касающихся до Туркестанского. края А.П. Хорошхина. – Спб., 1876. С.208.

[11] Саттархан Абдуль-Гафаров. Краткий очерк внутреннего построения Кокандского ханства перед завоеванием его русскими //Туркестанские ведомости. – 1892.
– № 26,

[12] Махмуд ибн Вали. Море тайн относительно доблестей благородных (География)/ Введ. пер. Б.А. Ахмедова. – Т.: Фан, 1977. С.22.

[13] Шишкин В.А. Архитектурные памятники Бухары. 1936. С. 55.

[14] Шишкин В.А. Архитектурные памятники Бухары. 86-88 б.

[15] Краткое описание Бухарии и Хивы // Спб. вест. 1823. Ч.1. С.2.

[16] Путешествие Мир Иззет Уллы от границы Кокандского ханства до города Самарканда... С..201.

[17] Ханыков Н. Описание Бухарского ханства - Спб. Тип. Акад. Наук, 1843. С.85-86.

[18] Борнс А. Путешествие в Бухару: рассказ о плавании по Инду от моря с подарками Великобританского короля и отчет о путешествии из Индии в Кабул, Татарию и Персию, предпринятом ... в 1831, 1832 и 1833 годах лейтенантом ост-индской компанейской службы Александром Борнсом. – М.: Университ. тип., 1848-1849. Ч. II. С.431.

[19] Русские в Бухаре в 1820 году (Записки очевидца) // Турк. сб. – Спб., 1880. – Т. 239 С.24.

[20] Ханыков Н. Описание Бухарского ханства... С.210.

[21] Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома. 259-260-б.

[22] Иброҳимов А. XVI аср ўбек адабиётининг хусусиятлари... С.25.

[23] Ханыков Н. Описание Бухарского ханства... С. 212.

[24] Иброҳимов А.XVI аср ўзбек адабиётининг асосий хусусиятлари... 25-б.

[25] Иванин М.И. Хива и река Аму-Дарья. – СПб.: Общественная Польза, 1873. С.71.

[26]Гулямов Я.Г. Памятники города Хивы // Труды Узбекистанского филиала Академии наук СССР. Серия 1. История, археология. Т., 1941. С.23-31; История Узбекистана. Т.3. Т., 1993. С.278-279.

[27] Костенко Л. Город Хива в 1873 году // Туркестанский сборник. – Спб., 1879. Т. 82.С.324.

[28] Ўша асар. С.324.

[29] Данилевский Г.И. Описание Хивинского ханства // Записки Императорского Русского Геогравического.
общества. – Спб, 1851. – Кн. 5. С.103.

[30] Кун А. Культура оазиса низовьев Аму-Дарьи // Материалы для статистики Туркестанского края. – Спб., 1876. – Вып. IV. –С..240, 246, 252.

[31] Данилевский Г.И. Описание Хивинского ханства. С.103.

[32] Кун А. Культура оазиса низовьев Аму-Дарьи// Матерериалы для статистики Туркестанского. края. – Спб., 1876. – Вып. IV.... С77-112..

[33] Кун А. Очерк Коканского ханства // ИРГО. 1876. Вып. 1У. С.64.

[34] Кун А. Культура оазиса низовьев Аму-Дарьи. С. 77-112.

[35] Михайлов М. Наманган (Очерк)//Туркестанский сборник. – Спб., 1867. – Т. 16. – С.С.71.

[36] Хорошхин А.П. Очерки Ташкента // Сборник. статей., касающихся до Туркестанского. края А.П. Хорошхина. – Спб., 1876. – С..86.

[37] Записки о Коканском ханстве хорунжего Потанина (1830 года)// Военный журн. – 1831. – № 4. –С.268.

[38] Саттар-хан Абдуль-Гафаров. Краткий очерк внутреннего построения Кокандского ханства С. 171.

[39] Саттар-хан Абдуль-Гафаров. Краткий очерк внутреннего построения Кокандского ханства.

[40] Фазлаллах ибн Рузбехан. Михман-наме-йи Бухара. С. 157.

[41] Ўша асар. 158-б.

[42] Путешествие Мир Иззет Уллы от границы Кокандского ханства до города Самарканда... С. 197.

[43] Тетевревников А.Н. Очерк внутренней торговли киргизской степи. // Сборник сведений по Министерству финансов. 1867. № 8-9. С.307.

[44] Ўша ерда.

[45] Иброҳимов А. XVI а. ўзбек адабиётининг асосий хусусиятлари... 53-б.

[46] Хорошхин А.П. Очерки Ташкента... С.92.

[47]Якубовский Ю.О. Переплетное ремесло у туземцев Самарканда // Справочная книжка Самаркандской области. - Самарканд, 1896. - Вып. IV. - С. 61.