Ўзбекистонда мўътадил ислом анъаналарининг шаклланиши: тарих ва ҳозирги замон
Ислом таълимоти юртимиз ҳудудига тарқалгач, унинг маҳаллий халқлар анъана ва урф-одатлари билан ўзига хос қоришиш жараёни бўлиб ўтди. Ушбу жараён натижасида ислом таълимотининг маҳаллий халқлар маданияти билан йўғрилган ўзига хос шакли юзага келди.
VIII-IX асрларда ислом дунёсида турли ғоявий ихтилофларнинг юзага келганлиги тарихдан маълум. Айнан мана шундай шароитда маҳаллий уламолар Мовароуннаҳр-Ўзбекистон ҳудудида диний тарафкашликнинг олдини олиш, ғоявий бўлинишларнинг илмий асоссиз эканлигини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Бунинг натижасида ислом дунёси, инсоният эътироф этган, дунё илми хазинасига дурдона бўлиб қўшилган бебаҳо асарларни яратган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мусо Хоразмий, Абу Мансур Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъин Насафий, Қаффол Шоший, Ҳаким Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд, Ҳайсам Кулайб Шоший каби юзлаб буюк алломалар сулоласи юзага келди. Бу олимларнинг илмий йўналишларини ривожлантирган маҳаллий олимлар мактаби шаклланди. Улар ўз асарларида ислом таълимотининг асосий ғояларини ҳар томонлама акс эттирдилар. Жумладан, муҳаддислар султони номи билан шуҳрат қозонган Имом Бухорий ўз меросининг гултожи саналмиш ишончли ҳадислар тўплами “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”ни яратди[1]. Имом Бухорий ўз даврида аҳлис-сунна вал-жамоа таркибига кирган тўрт фиқҳий мазҳабларга бир биридан ажратмаган ҳолда ёндашди, шу сабабли ушбу асар ислом дунёсининг барча ўлкаларида энг муҳим нодир манба сифатида қаралади. Шу ўринда ҳадислар тўплами “Сиҳоҳи ситта” таркибига киритилган Имом Термизийнинг ҳам хизматлари беқиёс. Унинг “Сунан” асари ҳадисшунослик илмига катта ҳисса бўлиб қўшилди[2]. Бу икки мутафаккир исломнинг асосий манбаларидан саналган ҳадиси шарифларнинг мукаммал илм сифатида шаклланишига тамал тошини қўйган. Марказий Осиёлик олимларнинг мўътадиллик анъанасини исломшуносликнинг бошқа соҳаларида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, мотуридийлик ақида мактабининг асосчиси самарқандлик буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридий шу йўналишда ижод қилди. Ўзининг буюк меҳнатлари эвазига “Имомул-мутакаллимин”, “Имому-л-ҳуда”, “Мусаҳҳиҳу ақаиди-л-муслимин”, “Рофеъу иъломи-ш-шариъа”, “Қолеъу абобили-л-фитна ва-л-бидъа” каби шарафли номларга сазовор бўлган Мотуридий мўътадил ғояларни шакллантириш йўлидан борди. У яшаб ижод этган даврда ислом дунёсида турли фирқа ва оқимлар пайдо бўлиб, улар ислом таълимотига классик исломга хос бўлмаган фикр, ғояларни киритишга ҳаракат қилмоқда эдилар. Айнан Абу Мансур Мотуридий ўзининг “Таъвилоти аҳлис-сунна”, “Китобут-тавҳид” каби ўндан ортиқ асарларида ислом ақидасини ёт унсурлардан асраш, мўътадиллик асосида ривожлантириш, бу тоза ақидани бошқа салбий ғоялардан сақлашга хизмат қилди[3].
Кейинги даврларда кўплаб маҳаллий олимлар Мотуридийнинг мўътадил ақидавий қарашларини халқ орасида тўғри талқинда кенг ёйишга ҳаракат қилдилар. Бу беназир олимлардан айниқса насафлик олим, мутакаллим Абу Муъин Насафийнинг хизматлари катта бўлди. Абу Муъин мотуридийлик таълимотининг назарий асосларини мукаммал ўрганди, манбаларни жамлади, мутакаллим олимларнинг қарашларини илмий таҳлил қилди ва натижаларини ўзининг машҳур “Табсирату-л-адилла” асарида баён қилди[4]. Унинг буюк хизматларидан яна бири мотуридийлик ақидасини якунланган ҳолга келтиришдан иборат. Абу Муъин Насафийнинг бу хизматлари боис мотуридийлик ақида мактаби ислом дунёсининг бошқа ўлкаларига кенг тарқалди.
Маҳаллий олимлар ислом ҳуқуқшунослиги соҳасида ҳам мўътадиллик йўлидан борганлар. Мана шу анъана натижасида Мовароуннаҳрга ҳанафийлик мазҳаби кириб келди ва кенг тарқалди. Шу ўринда маҳаллий ҳудудларга ҳанафийлик қатори шофеъийлик ҳам кириб келгани ва фаолият олиб борганини таъкидлаб ўтиш керак. Жумладан, Шош ҳудудида шофеъийлик таъсири маълум даражада сезиларли бўлган. Аллома Қаффол Шоший ҳам айнан шу мазҳабда бўлган. Кейинчалик ҳанафийлик мазҳаби маҳаллий халқлар томонидан кенг қабул қилинган. Ҳанафийлик мазҳабининг мўътадил мазҳаблардан бири сифатида ёйилиши ислом ҳуқуқшунослиги бўйича муҳим фиқҳий асарларнинг таълиф этилишига туртки берди. Мавжуд мазҳаблар қиёсий ўрганилган ва ҳанафийликка урғу берилган йирик фиқҳий асар “Ал-Ҳидоя фил-фуруъ” мана шу тарихий жараённинг натижаси сифатида майдонга келди[5]. Мовароуннаҳрлик фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний мана ўн асрдан бери мусулмон дунёсида эътироф этиб келинаётган фиқҳий манбани яратди. Айнан фиқҳий мўътадиллик асосида яратилган “Ҳидоя” асарига кейинги давр олимлари томонидан элликка яқин шарҳ ва ҳошиялар ёзилган.
Демак, ислом таълимотини қабул қилган маҳаллий халқлар ушбу диннинг мўътадиллик, бағрикенглик, маърифий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратганлар ва бу мавзуларда дунё ўлкаларига тарқалган минглаб нодир асарларни яратганлар. Тарихдаги ижобий диний қадриятларга Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида эътибор берила бошланди.
Мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ 1991 йили “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар” тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу қонун орқали мамлакатда виждон эркинлиги борасида жуда катта имкониятлар яратилди. Жумладан, Ўзбекистонда яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари эътиқод қиладиган 16 та диний конфессиянинг эркин фаолиятига рухсат этилди. Улар орасида турли динлар, ислом, христианлик ва унинг кўплаб йўналишлари, яҳудийлик, буддавийлик вакиллари ўз диний ибодатлари, урф-одатларини амалга оширмоқдалар. Мовароуннаҳр ҳудудида тарихда бўлган динлараро бағрикенглик, муроса маданияти асосида ҳозирги кунда ҳам миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик анъаналари давом этмоқда.
1998 йили Тошкентда ўтказилган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 155 сессиясида “Тинчлик маданияти ва ЮНЕСКОнинг аъзо давлатларидаги фаолияти” Декларацияси, 1995 йили ЮНЕСКОнинг “Динлараро ва маданиятлараро мулоқот” Дастури қабул қилинди ва 2000 йили Тошкентда динлараро мулоқот масаласига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди. Бу тадбирда Марказий Осиёдаги маданий, диний ва этник хилма-хиллик муҳокама қилинди, унда дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан 80 дан ортиқ турли дин ва конфессияларга мансуб вакиллар иштирок этдилар. Бунинг натижаси сифатида халқаро АЙСЕСКО томонидан 2007 йилда Тошкент “ислом маданиятининг пойтахти” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Тошкентда “Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди[6]. Ўзбекистон мустақиллиги йилларида шу каби кўплаб халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилди, уларнинг асосий мавзуси миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик масалаларига бағишланган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда дин ва виждон эркинлигига нисбатан олиб борилган одилона сиёсат сабабли диний ташкилотларнинг сони ҳам ўсди. Хусусан, 1990 йилда республикамизда 119 та диний ташкилот мавжуд бўлган бўлса, уларнинг сони 1991 йили 179 та, 2010 йил мартга келиб 2225 та (2050 та исломий, 175 та ноисломий) га етди.
Айнан шундай ижобий ўзгаришларни диний таълим соҳасида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, мустақилликка қадар Ўзбекистонда иккита ислом диний ўқув юрти мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони ўндан ортди, хатто хотин-қизлар мадрасалари ҳам очилди. Юқоридаги диний ўқув юртларида мўътадил, маърифий ислом масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Диний мутахассис, имомларга мотуридийлик ақида мактаби, ҳанафийлик фиқҳи анъаналари асосидаги фанлардан сабоқ берилади. Мустақилликнинг кейинги йилларида диний ўқув юртларида диний ва дунёвий таълимнинг узвийлигини таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятини такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарори бунга ёрқин мисол бўла олади. Унга кўра диний ўқув юртларининг динлари давлат таълим ҳужжатлари сифатида эътироф этилди.
Мўътадил ислом анъаналарини шакллантиришда Президент ташаббуси билан 1999 йили очилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети катта аҳамиятга эга[7]. Чунки ушбу университетда ҳам диний, ҳам дунёвий билимлар мажмуига эга бўлган диншунос, исломшунос, ҳуқуқшунос, иқтисодчи каби эксперт мутахассислар тайёрланади. Улар фақатгина маълум бир динни эмас, балки ислом дини билан бир қаторда бошқа динларни ҳам қиёсий ўрганадилар.
Республикада мўътадил ислом, ҳанафийлик мазҳаби асослари, манбаларини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, замонавий асарлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана шу мақсадларда Тошкент ислом университети қошида Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ҳамда 2008 йили очилган Имом Бухорий халқаро маркази иш олиб бормоқда. Марказларда Марказий Осиёлик мутафаккир алломаларнинг илмий-маънавий мероси ўрганилади, тадқиқотлар яратилади. Мустақиллик йилларида ислом дини манбаларини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Ислом таълимотининг манбаи Қуръони карим айнан шу йиллари етти маротаба ўзбек тилига таржима ва тафсир қилинди. Қуръон таржима ва тафсирлари ичида 4 маротаба нашр этилган Шайх Абдулазиз Мансур таржима ва тафсири алоҳида ўрин тутади[8]. Ушбу таржима ва тафсирни амалга оширишда олим ҳанафий мазҳаби уламолари, муфассирларининг асарларидан кенг фойдаланган. Бу эса Қуръони карим оятларини асл ислом ғояларига мос равишда тафсир ва таҳлил қилишга катта ёрдам беради. Республикада олиб борилаётган исломшуносликка оид тадқиқотларда юқоридаги манбадан фойдаланиш турли нотўғри талқинларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ислом дини манбаларини ўрганишда ҳадисшунослик ва фиқҳий асарларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ўзбек тилига таржима қилинди ва кўп нусхада чоп этилди. Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг ўзбек тилига таржимаси бошлаб юборилган.
Қуръони карим, ҳадиси шариф, ислом манбаларини ўрганиш минг йиллар давомида шаклланган илмий мактаблар анъанасини давом эттириш имконини беради. Айнан шу мақсадда диншунослик, исломшунослик, ислом тарихи ва манбашунослиги, ислом ҳуқуқи ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясига мўлжалланган Ихтисослашган кенгаш таъсис этилган. Унда ҳозирги кунга қадар “Мовароуннаҳрлик ҳанафий фақиҳларнинг илмий мероси”, “Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслимларнинг ҳадисшуносликдаги ўрни”, “Ўзбекистонда диний бағрикенглик масалалари”, “Абу Муъин Насафий ва унинг “Табсиратул-адилла” асари, Ҳаким Термизийнинг “Наводирул-усул”асари, Имом Доримийнинг “Сунан” асари, Абу Лайс Самарқандийнинг тафсири, Шош воҳаси олимларининг диний мероси мавзуларига бағишланган 30 дан ортиқ номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ислом таълимотини қабул қилган маҳаллий халқлар унинг мўътадиллигига алоҳида эътибор берганлар ва ўз асарларида мўътадиллик, ўртамиёналик мезонларини ёритишга ҳаракат қилганлар. Бу анъана асрлар оша ўтиб, ривожланган, унинг илмий асослари мустаҳкамланган. Мустақиллик йилларида айнан исломдаги мўътадилликнинг аҳамияти ортди. Юртимизда фаолият юритаётган Тошкент ислом университети, Имом Бухорий халқаро маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, қатор диний ўрта таълим муассасаларида бугунги кунда ҳам мўътадиллик анъаналари, ҳанафийлик мазҳаби асосларини ўрганиш ва ўқитиш ўзининг самарали натижаларини бермоқда.
Зоҳиджон Исломов,
Филология фанлари доктори, профессор.
[1] Қаранг: Имом ал-Бухорий. Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ. Ж. I–XI. Миср, 1998.
[2] Қаранг: Имом ат-Термизий. Ас-Сунан. Ж. I–V. Байрут, 1995.
[3] Қаранг: Имом ал-Мотуридий. Китоб ат-тавҳид. Байрут, 1970.
[4] Қаранг: Абу Муъин ан-Насафий. Табсират ал-адилла. Ж. I–II. Дамашқ, 1991–1993.
[5] Қаранг: Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. Ж. I–IV. Байрут, 1990.
[6] Қаранг: Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси. Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти – ISESCO томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилдаги Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишига бағишланган халқаро конференцияга йўлланган маърузалар ва табриклар тезислари тўплами. Тошкент-Самарқанд, 2007.
[7] Тошкент ислом университетини ташкил этиш тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони. № ПФ-2282. 1999 йил 7 апрель.
[8] Қаранг: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. Т., 2010.




















