У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган”.
Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогалар фаолият кўрсатиб, турли эътиқодга мансуб қавмлар ўз диний ибодатларини эмин-эркин адо этиб келганлар. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.
Ўзга халқлар тили, урф-одатлари ва анъаналарига чуқур ҳурмат, уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият яратиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ўзбекона бағрикенгликнинг ўзига хос хусусиятларидандир. Айнан мана шундай бағрикенглик, сабр-бардошлилик маданиятимизнинг беназир намуналарини сақлаб қолиш, асрлар синовидан олиб ўтиш, камол топтириш ҳамда ўзга маданиятларнинг аҳамиятли натижалари билан бойитишга шароит яратди. Ўз навбатида бундай муносабат халқимизга хос бўлган ахлоқ-одоб меъёрлари, маънавий қадриятларнинг ўзга халқлар томонидан қабул қилинишига йўл очгани ҳам тарихий ҳақиқатдир.
IX асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунний йўналишининг ҳанафий (Имом Аъзам) мазҳаби қарор топди. Бу бежиз эмас эди. Зеро, Имом Аъзам мазҳаби бошқа мазҳабларга қараганда ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган ватандошларимиз – ал-Мотуридий, Абул-Муъин ан‑Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна ва-л-жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар.
Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни учратамиз. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал‑Мотуридийнинг (870‑944) асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий Қуръон тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилот аҳли сунна” асарининг “Ҳаж” сураси 40‑оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”,–деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас‑Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса ўзининг “Баҳр ал‑улум” номли тафсир китобида Қуръондаги “Мумтаҳана” сурасининг 8, 9‑оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди‑келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан‑Насафий (ваф. 1310 й.) ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат‑танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, ‑ деб шарҳлайди.
Ал‑Ҳаким ат‑Термизий (ваф. 932 й.) асарларида ҳам христианларнинг баъзи тоифалари ҳақида фикр юритилиб, улар Пайғамбар а.с. башорат қилган “нажот топган фирқа”, деб тавсифланади. Ал‑Мотуридий христианлар мусулмонларга қалби мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтиб ўтган бўлса, Абул Баракот ан‑Насафий эса насронийлар мусулмонларга дили яқин эканини, улар орасида тавозели, камтар “қиссис ва роҳиб” яъни, олим ва обидлар бор, дея таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, у албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлайди.
Шайх Аҳмад Яссавий (1105‑1166) ҳам ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши муносабатда бўлишни уқтирган:
Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ дилозордан худо безор.
Маълумки, ислом давлати паноҳида яшаган ғайридинлар “зиммий” деб аталган ва уларнинг дини, жони, моли омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлган. Пайғамбар а.с. зиммийларнинг ёнини олиб: “Зиммийга зарар етказганга мен душманман”, – мазмунидаги бир қатор ҳадислари туфайли фақиҳлар зиммийлар мавзусига алоҳида эътибор бериб, ўз асарларида махсус боблар ажратганлар. Чунончи, зиммийлар мусулмонлар каби барча ҳуқуқларга эга бўлиш баробарида уларга тўлиқ эътиқод эркинлиги ҳам таъминланган.
Бурҳониддин ал‑Марғиноний (1123‑1197) ўзининг “Ҳидоя” асарида “Мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни ўз жойида яна қайта тиклаш мумкинлигини” алоҳида айтиб ўтган.
Юртимиз алломалари томонидан яратилган ислом манбаларида диний бағрикенгликка оид бу каби матнларни кўплаб топиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзга дин вакиллари билан ёнма‑ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, балки ҳаёт тарзига сингиб кетган ўзига хос фазилат эканини кўришимиз мумкин. Буни юртимизда яҳудийлик ва христианликка бўлган муносабатнинг тарихий ва замонавий ҳолати таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин.
Тарихан Марказий Осиё турли маданиятларнинг ўзаро тўқнашуви, таъсири ва бойишига имконият яратган ҳудудлардан ҳисобланади. Шарқни Ғарб билан бирлаштириб турган Буюк ипак йўлининг Марказий Осиёдан ўтгани бунинг учун қулай шароит яратган, албатта.
Шу ўринда кўпчилик тадқиқотчилар яҳудийларнинг Марказий Осиёда пайдо бўлиш тарихини милоднинг биринчи асрида вужудга келган ана шу “Буюк ипак йўли” фаолияти билан боғлашини қайд этиш лозим. Буюк ипак йўли, дарҳақиқат, бўёқчилик бўйича мутахассис бўлган яҳудийларнинг хом ашё манбаларига яқинроқ минтақалар бўйлаб тарқалишига сабаб бўлган.
Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенсман Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилгани, бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтдаёқ етарли шарт-шароит яратиб берилганини таъкидлаб “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”,-деб ёзади.
1165 йилда Шарққа саёҳат қилган машҳур сайёҳ Вениамин де Туделнинг хабар беришича, Шарқ томон қанча узоқроқ кириб борилган сари яҳудийлар сони шунча кўпайиб борган. Ўша даврда Қуддус шаҳрида жами 4 минг яҳудий яшаган бўлса, Басрада уларнинг сони 2 минг, Дамашқда 3 минг, Исфаҳонда 15 минг, Самарқандда эса 30 минг кишини ташкил қилган.
Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр минтақасига Эрондан кўпгина яҳудий жамоалари кўчириб келтирилган бўлиб, уларнинг бир қисми Бухорода яшаган. Темурийлар даврида Марказий Осиёдаги христиан жамоалари сақланиб қолди ва ўзларининг диний марказларидан ажралиб, узоқлашиб қолганликларига қарамай, минтақада ўз мавқеларини узоқ вақт эгаллаб турдилар.
XVIII асрнинг бошларида Марказий Осиёда юз берган сиёсий жараёнлар туфайли яҳудийлар Эрон, Афғонистон, Хива, Қўқон ва Бухоро жамоаларига бўлиниб кетди. XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия империяси томонидан Марказий Осиёнинг бир қисми босиб олиниши яҳудийларнинг яна Туркистон ва Бухоро жамоаларига бўлиниб кетишига олиб келди. Минтақа яҳудийлари Бухоро амирлиги ҳудудларида яшаганликлари туфайли “Бухоро яҳудийлари” номи билан танилган бўлсалар-да, уларнинг асосий қисми Самарқандда яшаган.
Маълумки, Марказий Осиё яҳудийлари минтақа аҳолиси билан шу даражада уйғунлашиб кетганларки, улар туркий-форсий шевада сўзлашадилар. Шунингдек, уларнинг кийими, овқати, урф-одатлари, мусиқий маданияти ва яшаш тарзида минтақа аҳолисига хос элементлар пайдо бўлди.
Марказий Осиёда 1940 йилгача яҳудийларнинг иврит тилидаги мактаблари, даврий ва махсус нашрлари мавжуд бўлган. 1932 йилда Самарқандда яҳудийлар театри ташкил қилинган. “Миллатларни келажакда қўшилиб кетиши” ҳақидаги ғояга асосланиб коммунистик партия кўплаб камсонли халқларнинг ўз тилларида таълим олиш имкониятларини йўққа чиқарди. Хусусан, ўша даврда яҳудий тилида ўқитиш ва маданий фаолият юритишга ҳам барҳам берилди.
1991 йилда Ўзбекистон мустақиллика эришгандан сўнг барча динларга, шу жумладан, яҳудий динига эркин эътиқод қилиш учун барча шароитлар яратиб берилди. Ҳозирда республикамизда Бухоро ҳамда Европа (ашкенази) яҳудийларининг миллий маданий марказлари, саккизта яҳудий диний жамоаси фаолият кўрсатиб турибди.
Марказий Осиёда христианлик тарихи илк ҳаворийлар даври билан боғланади. Бу ҳудудга Исо (а.с) ўгитларининг кириб келиши ва маҳаллий халқларнинг христианликка тарғиб қилиниши апостол Фоманинг “Ҳинд ўлкалари” йўналиши бўйича қилган сафари давомида амалга оширилган. Замонавий Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида апостол Андрей Первозванныйнинг диний фаолияти илк христианлик тарихи манбаларида қайд этилган. Бунинг далили сифатида бугунги қадар сақланиб қолган ҳинд христианларининг “Фома қайдномалари” ва милодий II асрда ташкил топган Марказий Осиё черкови тараққиёти ҳақидаги тарихий ёзма манбалар хизмат қилади.
Ислом дини асрлар давомида ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёт учун кенг шароитлар яратиб келган. Қолаверса, Шарқ ўлкаларида ислом таълимоти таъсири остида турли халқлар ва элатларга тегишли маданиятлар бир-бирига яқинлашиб, цивилизациялар синтези юзага келиши учун замин яратган. Бунинг натижасида турли халқлар минг йиллардан бери миллий ўзлиги, диний эътиқоди, маънавияти ва бой меросини омон сақлаб келмоқда. Бундай дўстона алоқаларга тўхталиб, Ислом Каримов "Мусулмонлар ва христианларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб ҳисобланишига арзигуликдир", - деб ёзади.
Ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Хитой ҳудудида археологик қазилмалар натижасида топилган кўплаб христианлик ёдгорликлари, жумладан, ибодатхона ва монастирларнинг харобалари, фрескали икона ёзувлари, матоларга битилган иконалар (занданачи), Инжил қиссалари тасвирланган керамикалар, ибодат анжомлари, бўйинга осиладиган хоч ва медаллар ҳамда христианлик тимсоли туширилган давлат тангалари бутун минтақада диний бағрикенглик барқарор бўлганидан дарак беради. Шунингдек, бу ерлардан хоч сурати туширилган минглаб қабр тошлар ёки қабр устига ўрнатилган хочлар топилган. Уларнинг аксарияти IV–XI асрларга мансуб, деб ҳисобланади.
Бу дин Марказий Осиёга, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига икки йўл билан кириб келган. Бу жараён, биринчидан, христианликни тарғиб этувчи даъватчиларнинг тарғиботчилик ҳаракати орқали, иккинчидан, Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши ва ушбу динга эътиқод қилувчи аҳолининг мазкур минтақага кўплаб кўчиб келиши орқали амалга ошди. Бу динни маҳаллий аҳоли орасида тарқатувчилар Марказий Осиёнинг турли вилоятларига милоднинг III асрларида кириб келганлар. Масалан, 280 йилда Талос (Марке) черковлари қурилиб бўлган, Самарқандда (310 йилдан), Марвда (334 йилдан), Ҳиротда (430 йилдан), Хоразмда ва Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида епископлик, миссиялар тузилган. Кейинчалик Самарқандда, Марвда (430 йиллар), Ҳиротда (658 йиллар) епископликдан иборат диний ҳудудий жамоалар, бирлашмалар ҳам ташкил этилган.
X асргача Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятларида христианларнинг манзилгоҳлари бўлган. Ҳатто Беруний яшаган даврда ҳам (973-1056) Марвда православ митрополияси фаолият кўрсатган.
ХI-ХII асрларда Самарқандда несторианлар митрополияси очиқ фаолият олиб борган. Зеро, шу вақтда несторианлик турк халқлари ўртасида маълум даражада тарқалган эди. Шунингдек, Ургутдаги христиан черкови X асрнинг ўрталарига келиб, шу даражада ривожланиб кетадики, ҳатто араб географи ибн Ҳавкал, уни ерга эгалик қилувчи ва турли хусусий мулкчилик шаклларига эга катта монастир (черков) сифатида таърифлайди.
XV аср бошларида Темур саройида бўлган Кастилия элчисининг гувоҳлик беришича, Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади. Бошқа манбаларда келтирилишича, Темурнинг ўғилларидан бири христианларнинг эҳтиёжларини қондириш учун масъул қилиб тайинланиб, у барча христиан мамлакатлари билан мавжуд алоқалар учун ҳам жавобгар бўлган.
Ҳукмдорлар билан бир қаторда оддий халқнинг ҳам ўзга дин вакилларига бағрикенгларча муносабатда бўлганини аниқ тарихий далиллар ҳам тасдиқлайди. Мисол учун, XIX асрда Россиянинг марказий минтақаларидан мажбурлаб кўчирилган деҳқонлар ночор аҳволга тушиб қолганда мусулмон аҳоли уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатган. Ўша давр воқеаларини кўрган иеромонах Харитон “маҳаллий аҳоли ночор кўчманчиларга раҳмдиллик билан муносабатда бўлдилар, бусиз уларнинг кўпчилиги очлик ва муҳтожликдан ўлиб кетган бўлар эдилар”,- деб гувоҳлик берган.
Бундай мисолларни тарихимизнинг кейинги даврларидан ҳам топиш мумкин. Маълумки, большевикларнинг оммавий қатағонларидан руҳонийлар ҳам четда қолмади. Хусусан, биргина Тошкент шаҳрида 3 мингдан ортиқ руҳоний ва монах сургунда бўлишган. Уларга ёрдам кўрсатганлари учун ўзлари ҳам қатағон қилинишини билган ҳолда маҳаллий аҳоли уларга иложи борича кўмаклашишга ҳаракат қилган. Ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам қатағон қилинаётган руҳонийларни яширишган. Масалан, Тошкентдаги Свято-Николай аёллар монастирининг сўнгги бошлиғи, отишга ҳукм қилиб қўйилган игуменья Лидия (Нагорнова)нинг қамоққа олинишидан олдин қочиб кетишига Жўра исмли ўзбек йигити кўмаклашган.
Мустақиллик шарофати туфайли ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари қатори динга, диндорларга бўлган муносабатда ҳам туб ўзгаришларга йўл очилди. Бундай дейишимиз учун барча асослар бор. Биринчидан, бугунги кунда уламоларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун барча имкониятлар мавжуд. Иккинчидан, яқин ўтмишда диний қадриятларни билиш ва ўрганишга бўлган қизиқиш, интилиш салбий баҳоланар эди. Бундан фарқли ўлароқ ҳозирда диний урф-одатлар, анъаналар, қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилди.
Республикада ислом билан бир қаторда 15 диний конфессияга мансуб ташкилотлар эмин‑эркин фаолият кўрсатмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2011 йилнинг 1 январигача бўлган маълумотларига кўра республикамизда 2051 та исломий ташкилот, жумладан, 2039 та масжид, Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, жами 176 та ноисломий диний ташкилот, шулардан 160 та христиан черкови, 8 та яҳудий синагогаси, 6 та баҳоий жамоаси, 1 та Кришнани англаш жамияти ва 1 та будда ибодатхонаси фаолият олиб бормоқда. Истиқлол шарофати туфайли тарихда биринчи марта Тошкентда православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсата бошлади.
1995 йил октябрь ойида минтақамизда биринчи бор Тошкент шаҳрида “Бир само остида” шиори билан ўтказилган халқаро мусулмон-насроний конференция, 1996 йилнинг ноябрда эса Рус православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё епархиясининг 125 йиллик тантаналари ўтказилгани юртимиз ва халқимизга хос бағрикенглик анъаналарининг ёрқин мисоли бўла олади.
Ўзбекистон том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро, бу юртда мозийда ҳам диний бағрикенглик шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни олий мақсад – юрт фаровонлиги сари интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келган, ҳозирда ҳам шундай давом этмоқда.
Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Шунинг учун ҳам, Президент Ислом Каримов “...башарият мураккаб тараққиёт жараёнини бошдан кечираётган бир пайтда диний бағрикенглик, турли динларга мансуб халқлар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни кучайтириш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда,"- деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши жуда муҳим. Зеро, бағрикенгликсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт бўлмайди.
Тошкент ислом университети,
"Ислом тарихи ва фалсафаси" факультети
декани, т.ф.н. Иброҳим Усмонов
Қаранг: Каримов И.А. Ўзбекистон ХХ аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. -Т.: Ўзбекистон, 1997. Б.141-142.
Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар.-Т.: Ўзбекистон, 2000.-61 б.
Ҳасанов А. Ўзбекистон-диний бағрикенглик диёри.// Ўзбекистоннинг ислом цивилицияси ривожига қўшган ҳиссаси. Халқаро конференция маърузалар ва табриклар тезислари тўплами// Т.: Имом Бухорий республика илмий‑маърифий маркази нашриёти, 2007. Б.373.
Абу Мансур ал‑Мотуридий. Таъвилот аҳли сунна. ‑Байрут: Муассаса ар‑рисала, 2004. ТIII. Б.376.
Абу Лайс ас‑Самарқандий. Баҳр ал‑улум. ‑Байрут: Дор ал‑кутуб, 1993. Т.III.Б. 353.
Абул Баракот ан‑Насафий. Мадорик ат‑Танзил. ‑Байрут: Дор ал‑кутуб. Т.II. Б.674.
Қаранг: Ал‑Ҳаким ат‑Термизий. Наводир ал‑усул. ‑Қоҳира: Дор ар‑Раййон, 1988. Б.222‑227.
Абу Мансур ал‑Мотуридий. Таъвилот аҳли сунна. ‑Байрут: Муассаса ар‑рисала, 2004. Т.II. Б.60.
Ўрта Осиё халқлари ҳурфикрлилиги тарихидан. ‑Т.: Фан, 1990. Б.114.
Қаранг: Юсуф Кардави. Дозволенное и запретное в исламе / Пер. с арабск. М.Саляхитдинова. ‑Казань: 2007. С.314‑315.
Бурҳониддин ал‑Марғиноний. Ҳидоя. ‑Байрут: Дор ал‑кутуб, 1990. Т.II. Б.455.
Бенсман Р. Деятельность религиозных организаций по укреплению межрелигиозного согласия. Материалы международной конференции. –Т.: 2002. С.125-126.
Марказий Осиё динлари тарихи. ‑Т.: 2006. Б.60.
Марказий Осиё халқлари динлари тарихи / Ш.Ёвқочев таҳрири остида. – Т.: ТошДШИ. 2006. Б.61.
Марказий Осиё халқлари динлари тарихи / Ш.Ёвқочев таҳрири остида. – Т.: ТошДШИ. 2006. Б.58-59.
Каримов И. Маънавий юксалиш йўлида. – Т.: Ўзбекистон, 1998. Б.42.
Мўминов А.,.Йўлдошхўжаев Ҳ. ва бошқалар. Диншунослик. –Т.: Меҳнат, 2004. Б. 112.
Марказий Осиё халқлари динлари тарихи / Ш.Ёвқочев таҳрири остида. – Т.: ТошДШИ. 2006. Б.65.
Марказий Осиё халқлари динлари тарихи / Ш.Ёвқочев таҳрири остида. – Т.: ТошДШИ. 2006. Б.67
Архиепископ Владимир. ...А друзей искать на Востоке.-Т.: 2000. С.43.
Архиепископ Владимир. ...А друзей искать на Востоке.-Т.: 2000. С.42‑44.
















