Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер

 

 

Все о погоде - Pogoda.uz

www.dc.uz

 

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

 

СУРХОН ВОҲАСИ ИҚТИСОДИЁТИДА БАНКЛАРНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

(1920-1930 йиллар)

Ўзбекистонда шўролар давлати барпо этилгандан кейин барча соҳалар қаторида 20—30-йилларда Сурхон воҳасида ҳам иқтисодиёт тармоқларидан бири ҳисобланган банклар ташкил қилина бошланди. Бу даврда шўро ҳукумати томонидан кооператив деҳқон хўжаликларини “социалистик ривожлантириш” йўлига ўтказиш воситаси сифатида эътироф қилинди.

Ўз навбатида айтиш мумкинки, шўро давлати ўз қарорларини амалга ошириш мақсадида қишлоқ кооперативларининг деҳқон хўжалиги учун фойдали бўлган шартлар асосида кредитлар беришни йўлга қўйди. Масалан, Шеробод туманининг ўзида 88000 десятина1 пахта экиш учун яроқли ер майдони очилса, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг бутун пахта майдонининг тўртдан бир қисмига тенг деганидир. Ундан ўртача ҳар бир десятинадан 55 пуд2 ҳосил олинса, бир йилда жами 474000 пудни ташкил этади. Бир пуд пахта хом ашёсини 4 рублдан ҳисобланганда 1 млн. 896 минг рублга тенг даромад беришини совет ҳокимияти режалаштиргандан кейин воҳада банклар фаолиятини кучайтиришга эътибор қаратди3. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва тайёрлов ташкилотларининг тармоқларини ривожлантириш орқали етиштирилган маҳсулотларни кооперативлардан сотиб олар ва ўз-ўзидан ўз мақсадини амалга оширишда бошқа ижтимоий-мафкуравий таъсир кўрсатиш чораларини ишга соларди4. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, қишлоқ аҳолиси қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар энг аввало кам ерли кишилар ва умуман ердан маҳрум кишиларга бойлардан тортиб олинган ҳосилдор ерларни деҳқонларнинг қурбига қараб камида бир танобдан5 улашиб берилган ва ана шундай ер майдонларида пахта етиштириш йўлга қўйилган6. Маълумки, воҳа аҳолисининг асосий машғулоти чорвачиликдан иборат бўлгани боис деҳқончилик билан кам шуғулланилган. Асосан боғдорчилик ва полиз экинлари экилиб, пахтачилик воҳанинг асосий экин майдонларини эгаллаб улгурмаган. Совет ҳокимияти эса воҳада биринчи ўринда қишлоқ хўжалиги соҳасига эътиборни кучайтириб, пахта экин майдонларини кўпайтиришни режалаштира бошлади. Маҳаллий деҳқонларга пахта экиш учун ажратилган ерни “якка хўжалик” деб номланиб, пахтачилик соҳаси ривожини янада кучайтириш учун пахтачилик соҳаси ва илмида илғор вилоятлардан воҳага аҳолини кўчириб келтирилган. 1924—1930-йилларда Термиз тумани “Намуна” колхозига Фарғона водийсидан ўн нафар ўзбек оиласи кўчириб келтирилганини ўша даврнинг вақтли матбуоти хабарлари ҳам тасдиқлайди7.

Кўчиб келган водийлик деҳқонлар “Қирққиз”, “Намуна” участкасига жойлаштирилиб, улар учун 40 000 рубл пул маблағи ажратилади ва шундан 4000 рубли асосан қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналари учун берилган. Шунингдек, 300 пуд беда, 300 пуд картошка ва 450 пуд арпа банк томонидан ссуда сифатида ажратилган8. Ушбу архив ҳужжатларида келтирилган маълумотларни дала материаллари билан таққослаш натижасида баъзи бир фактлар аниқланди. Хусусан, Фарғона водийсидан кўчиб келган Қосимов Ҳамиджон (1930 йилда туғилган) уларга арпа, уруғлик буғдой ва беда берилганлигини, лекин пул берилмаганлигини отасидан эшитганини хотирлади9.

Кўчиб келганлардан яна бири Зайнилов Саидаҳмад бобо (1915 йилда туғилган) Шеробод туманининг Пошхўрд қишлоғидан Термиз туманининг “Султон Саодат” қишлоғига 1917 йилда келиб жойлашади. Архив ҳужжатларида тоғдан паст текисликларга кўчиб келганлар учун ҳам “Қишлоқ хўжалик банки” томонидан пул маблағи берилганлиги қайд этилган10. Лекин Зайнилов Саидаҳмад бобонинг хотирлашича, уларга пул маблағи берилмаган, фақат “якка хўжалик”ка аъзо бўлган кишиларга озиқ-овқат ва уруғлик дон берилган. Шунингдек, улар “якка хўжалик”да пахта экишни бошлаганидан кейин “Қишлоқ хўжалик банки”дан кредит маблағ олганлигини тасдиқлади. Зайнилов Саидаҳмад бобо “тайёр бўлган маҳсулотни Термиз пахта заводига олиб бориб топширдик, шундан кейин меҳнат ҳаққи эвазига пул, совун ва чит матолар ҳам беришганини яхши эслайман”11, деб таъкидлади. Шу билан бирга кредитни тақсимлашда шўро ҳокимияти фақат деҳқончилик билан чекланиб қолмасдан, балки ўша давр учун йирик даромад берадиган бошқа соҳаларга ҳам пул маблағини ажратишга ҳаракат қилганини алоҳида кўрсатиш лозим12. Хусусан, воҳадаги савдо ва саноат тизими, ҳунарманд артеллари ва чорвадорлар уюшмаларига ҳам кредитлар ажратилиб, уларнинг хизматларини байрам кунлари тақдирлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Ўзбекистон ҳунармандчилик иттифоқи 1926 йилда хотин-қизлар артелларига соғломлаштириш фондидан рағбатлантириш учун пул маблағи ажратилган бўлса, 1927 йилда 8-март хотин-қизларнинг байрами муносабати билан Сурхон воҳаси хотин-қизлари ҳунармандчилик артелларининг ҳар бирига 500 рублдан пул ажратилганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Воҳада кредит тақсимлашни ҳам тоифаларга бўлиб қўйилгани эътиборга моликдир. Умуман ерсиз кишиларга узоқ муддатли ссуда берилган бўлса, қисқа муддатли ссуда ўртаҳол деҳқонларга тегишли деб ҳисобланди, бадавлат хўжаликларга эса кредит маблағлари ажратилмаган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, деҳқонларга кредит берилишининг асосий сабабларидан бири пахта экишни кўпайтириш ва унга рағбатни ошириш бўлган. Шўро ҳокимияти камбағал деҳқонларга кредит бериш орқали уларнинг ишончига киришга ҳаракат қилган. Бундан ташқари, деҳқонларга уруғлик донларини олиш, ерни ҳайдаш ва унинг агротехникасини бажаришга алоҳида кредитлар ажратди.

Воҳада 1926 йил 1 декабрда “Қишлоқ хўжалик банки” (Сельхозбанк) агентлиги ташкил этилди13. Дастлабки даврда очилган ушбу “Қишлоқ хўжалик банки” 13300 рублдан ишини бошлаб, 61000 рублга кўтарилди. Бевосита банкнинг 1 июлга келиб, агентликнинг кредит бўлими 205235 рубллик қишлоқ хўжалигига маблағлар ўтказган бўлса, атиги 48000 рубл қабул қилган эди. “Қишлоқ хўжалик банки” ишини назорат қилиш учун қишлоқ кенгаши ва “қўшчи” иттифоқи вакилларидан иборат махсус таркиб тузилди.

Воҳада дастлабки вақтда ташкил қилинган “Қишлоқ хўжалик банки” пул маблағини “мақсадли кредит” деб номлаб аниқ режа асосида иш олиб боришга қарор қилди14. Ушбу банк келажакда ажратилаётган маблағни бемалол қайтариб олишга ишонч ҳосил қилгандан кейингина аҳолига бера бошлаган. Шундан сўнг 1928 йилга келиб Ўзбекистон ССР “Қишлоқ хўжалик банки” томонидан қишлоқ хўжалигида ташкил қилинган ширкатларга 10 000 рубл миқдорида пул маблағи ажратилди15. Кредитни қисқа вақт ичида камқувват, камбағал пахтакорларга ва 1928 йилнинг 15 ноябрида қуйидаги туманлар ва қишлоқ кенгашларига тақсимлаб берилди. Янги-ариқ Қишлоқ кенгашига 800 рубл, Хўжа-мулкига 1000 рубл, Жарқўрғон туманига 800 рубл, Хўшмонга 2500 рубл, Ангорга 1000 рубл, Майда-ариқга 2000 рубл, Миршодига 600 рубл, Денов туманига 600 рубл, Сариосиёга 700 рубл берилди.

“Қишлоқ хўжалик банки” томонидан қишлоқ хўжалик жиҳозлари ва чорва моллари учун беда, боғдорчилик ва узумчилик, умуман, барча қишлоқ хўжалик соҳалари учун жами 336652 рубл кредит берилиб, катта даромад олишни кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалигидан ташқари ишларга ҳам дастлабки йилларда маблағ ажратишга қарор қилинганини қайд этиш керак. Воҳадаги мавжуд “Давлат банки” (Госбанк) томонидан барча ташкилотларга нақд пулнинг ўрнига айрим ҳолларда заём беришни ҳам йўлга қўйиш бошланиб, ташкилотларнинг раҳбарларига шу ҳолатни ишчиларга етказишни таъкидланди, чунки мазкур банкларнинг ҳисоб рақамларида пул маблағи кам бўлган16. Хусусан, воҳанинг йўл қурилиши, яъни 1927 йилда Термиз-Душанбе йўлининг таъмири учун 25000 рубл ажратилди.

1936 йилга келиб ташкил қилинган колхозларга узоқ муддатли кредит ажратиш йўлга қўйилди. Масалан, Жарқўрғон тумани тасарруфида бўлган бир неча колхозлар бирлаштирилиб, Ангор бўлимига 382534 рубл “Қишлоқ хўжалик банки” томонидан ажратилган17. Бундан ташқари, банк томонидан колхозларнинг маданий-маърифий ишлари учун умумий ҳажмда қўшимча тарзда 7050 рубл ажратилди18. Берилган кредит эса ҳар бир колхозга 95 рублдан тенг тақсимланди.

Шунингдек, Сурхон воҳасида “Коммунал банк” ҳам фаолият юритган бўлиб, унинг асосий иши коммунал хизмати муассасаларига моддий ёрдам беришдан иборат бўлган. Ҳатто, воҳада 30-йилларда Термиз “Коммунал банки”га қарашли меҳмонхона ҳам бўлган19. Доимий равишда Термиз шаҳар меҳмонхонасининг умумий пул тушуми мана шу “Коммунал банк”нинг ҳисоб рақамига ўтказиларди. Шунинг учун ҳам меҳмонхонанинг таъмири ва моддий таъминоти “Коммунал банк” томонидан олиб борилган.

Шуни ҳам эътироф этиш керакки, 1927 йилда Паттакесар туманига қурилиш ишларини олиб бориш учун марказ томонидан бир гуруҳ қурувчи инженерларни юборишди20. Улар ҳудудда округ раҳбарлари учун алоҳида ҳаммом қуриш ва Паттакесар туманининг чорва моллари учун махсус хоналар қуришни режалаштирган. Сурхон воҳасидаги мавжуд банкларнинг бундай катта қурилиш ишларига ажратилган кўп миқдордаги пул маблағи етишмаганлиги сабабли “Давлат режа бўлими” билан биргаликда Москва “Марказий банки”дан узоқ муддатли ссудалар олишган.

Шўро ҳокимияти ўзини ёрдам бераётгандек кўрсатиб, аслида буларнинг ҳаммасини битта тизим назорати остида улардан келаётган даромадни ўзларига эмас, балки банкка бориб тушишини режалаштирган.

Банклар воҳа таълим тизимига кредитлар ажратиш иши билан ҳам шуғулланган. 1924 йилда халқ маорифи эҳтиёжлари учун салкам 9000 рубл ажратилди. 1928 йилга келиб эса бу кўрсаткич уч бараварга оширилди21. Хусусан, 1927 йилда Сурхон воҳаси ўқитувчиларидан 44 нафарини Тошкент шаҳрига қайта тайёрлов курсларига юбордилар22. Ўқитувчиларнинг курсларга бориб ўқиш вақтидаги умумий сарф-харажати банк томонидан ажратилган кредит орқали қопланган. 1936 йилга келиб “Давлат банки” томонидан маориф ходимларининг махсус ҳисоб рақами очилди23. Бу даврда алоҳида ҳисоб рақами бўлмагани сабабли таълим соҳаси ходимларига ойлик маошлар “Қишлоқ хўжалик банки”нинг қишлоқ хўжалик ходимлари билан биргаликда қайдномалар ишланиб юрган. Шундан кейин ўқитувчилар “Давлат банки”да алоҳида халқ таълими ходимларига махсус ҳисоб рақамидан маош тўланишини талаб қилишган.

Бундан ташқари, банклар соғлиқни сақлаш ишларига ҳам эътибор бериб, уларни ташкил этиш учун маблағ ажратган. Хусусан, Термиз шаҳрида 1924 йилда воҳада биринчи 25 ўринга мўлжалланган касалхона ва амбулатория иш бошлади24. Шифохонада Термиз ҳарбий гарнизонининг тиббиёт ходимлари ўриндошлик асосида фаолият юритган. 1925 йилга келиб Дарбанд, Бойсун, Дашнободда, кейинчалик Пошхўрт, Юрчи, Хўшмонда амбулаториялар, Шерободда эса касалхона қурилиб, ишга туширилди. Мана шу касалхоналар ва амбулаториялар фаолиятини ривожлантириш учун банклар кредит маблағларини ажратган.

Бундан ташқари, банклар беморларни санаторийда даволаниш учун жўнатишга маблағ ажратган. Масалан, Ўрта Осиё курорт бошқармасига Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Чимён курортидан иккита ўрин банд қилишни сўраб мурожаат қилган[2]5 ва бу маблағ 528 рубл “Коммунал банк” орқали расмийлаштирилган. Лекин, шифохона раҳбарлари ўз манфаатлари учун ҳам давлат маблағини ишлатганлиги маълум бўлди. Хусусан, округ бош шифокори бўлиб хизмат қилган ходим 1927—1928-йилларда тиббий кўрикдан ўтганлигининг умумий сарф-харажати банк томонидан кредит эвазига қопланган26 ва бу халқдан яширинча амалга оширилган.

Хулоса қилиб айтганда, 20-йилларнинг иккинчи ярмида Сурхон воҳасида ташкил этилган банклар берган кредитлар ҳажм жиҳатидан кам бўлиб, маблағ асосан колхозларга ажратилган. Аммо қишлоқ хўжалигидан ташқари бошқа соҳаларга ҳам, кам миқдорда бўлса-да маблағлар ажратилди. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳунармандчилик, воҳанинг қурилиш муассасаларига маблағларни тақсимлаб берилди. 20-йилларда учта банк ташкил қилинган бўлса, 30-йиллар охиригача ҳам уларнинг сони кўпаймасдан ўз ҳолича қолди. Шунингдек, бу банкларнинг ҳисоб рақамида пул маблағи етарли эмаслиги ҳам унга сабаб бўлди.

Ойбек Исаев,

ЎзР ФА Тарих институти стажёр-тадқиқотчи-изланувчиси.

 


1 16,38 кг га тенг.

2 1 десиятина — 1,09 га тенг.

3 ЎзРМДА, 86-жамғарма, 1-рўйхат, 2393-иш, 33-варақ.

4 Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида . –Т.: Шарқ, 2000. - Б. 336—337.

5 1 таноб — 8,33 сотихга тенг.

6 Бердиёров Эшмирза 1914 йилда туғилган. Жарқўрғон тумани Халқобод маҳалласи. 2011 й.

7 Правда востока. 1939 й 7 июл.

8ЎзРМДА, 86-жамғарма, 1-рўйхат, 3272-иш, 114-варақ.

9 Қосимов Ҳамиджон 1930 йилда туғилган, Термиз тумани “Шарқ” маҳалласи. 2011 й.

10 ЎзРМДА, 86-жамғарма, 1-рўйхат, 3272-иш, 113-варақ.

11 Зайнилов Саидаҳмад бобо 1915 йилда туғилган. Термиз тумани “Султон Соадат” маҳалласи. 2011 й.

12 ЎзРМДА, 86-жамғарма, 1-рўйхат, 2393-иш, 32-варақ.

13 ЎзРМДА, 86-жамғарма, 1-рўйхат, 3272-иш, 118-варақ.

14 ЎзРМДА, 86-жамғарма, 1-рўйхат, 3272-иш, 121-варақ.

15 Сурхондарё вилояти давлат архиви, Денов туман бўлими, 6-жамғарма, 1-рўйхат, 9-иш, 99-варақ.

16 Сурхондарё вилояти давлат архиви, Денов туман бўлими, 6-жамғарма, 1-рўйхат, 10-иш, 94-варақ.

17 Сурхондарё вилояти давлат архиви, Жарқўрғон туман бўлими, 20-жамғарма, 1-рўйхат, 102-иш, 97-варақ.

18 Сурхондарё вилояти давлат архиви, Жарқўрғон туман бўлими, 20-жамғарма, 1-рўйхат, 102-иш, 164-варақ.

19 Сурхондарё вилояти давлат архиви, 5-жамғарма, 1-рўйхат, 1-иш, 5-варақ.

20 ЎзРМДА, 837-жамғарма, 3-рўйхат, 162-иш, 40-варақ.

21 Бичков Д., Блинников А. Сурхондарё области (қисқача справочник). – Т.: Ўзбекистон, 1970.– Б. 28.

22 ЎзРМДА, 837-жамғарма, 3-рўйхат, 162-иш, 34-варақ.

23 Сурхондарё вилояти давлат архиви, Жарқўрғон туман бўлими, 20-жамғарма, 1-рўйхат, 102-иш, 175-варақ.

24 Бичков Д., Блинников А. Кўрсатилган асар. – Б 32.

[2]5 Сурхондарё вилояти давлат архиви, 77-жамғарма, 2-рўйхат, 19-иш, 91-варақ.

26 Сурхондарё вилояти давлат архиви, 77-жамғарма, 2-рўйхат, 5-иш, 184-варақ.