Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер
Баннер

 

www.dc.uz

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

 

Исломда аёлларга нисбатан бағрикенглик ғоялари

«Инсонлар ҳар вақт хотинлаp истаган

каби бўлажаклар, агар буюк ва

фазилатли инсонларга эҳтиёжингиз

бўлса, хотинларга буюклик ва фазилат

ўpгатингиз» (Донолар бисотидан)

Сен барибир муқаддассан, муқаддас aёл.

(Ҳ.Худойбердиева, ўзбек шоираси)

Иффат, нафосат, садоқат ва андиша каби инсоний фазилатлар кўпроқ аёллар номи билан боғлиқ ҳолда улуғланади. Аёлнинг жамиятдаги тутган ўрни ҳақида сўз борганда ана шу фазилатлар алоҳида маъно касб этади.

Собиқ шўролар мафкураси таъсири остида «Хотин-қизлар эркаклар билан ҳуқуқий жиҳатдан тенгдир», — деган хитоблар остида уларнинг қадр-қиммати ниҳоятда камситилганлигини, аёллик шаъни ва ғурури поймол қилинганини яхши биламиз. Шўролар даври мафкураси ислом динининг аёлларга бўлган муносабати ва уларнинг ҳуқуқий мақоми муаммосига исломий ёндашувнинг ўзига хос «бағрикенглик» жиҳатларини батафсил ёритиш имконини бермас эди.

Ислом барча динлар ичида ижтимоий жиҳатдан кенг қамровлидир. Ислом таълимотида аёлларга нисбатан «муслима» дейилишидан уларга бўлган муносабат қай даражада улуғлигини билиб олса бўлади. Ислом динининг аёлларга бўлган муносабатининг мазмун-моҳиятини билмай туриб, бу дин «хотин-қизлар хуқуқини поймол этувчи», — деб жар солиниб, шу баҳонада динимизга қарши таъна тошлари отилар эди.

Мустақиллик шарофати билан халқимиз ислом динининг инсон ҳаётидаги иштироки ва унинг маънавий дунёсидаги ўрни хақидаги улуғ ҳақиқатни англаб етиш имконига эга бўлди.

XII асрда яшаб ижод этган буюк фиқҳшунос олим Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя ал-фуруъ ал-фиқҳ» асарида мусулмонларнинг шаръий хақ-ҳуқуқлари кенг ёритилиб, унда ислом таълимотида аёлнинг жинсига, латофатига, биологик жиҳатига қараб ҳақ-ҳуқуқлари белгиланади, шу билан бирга, аёлнинг эр, оила ва фарзандлар олдидаги вазифалари тайин этилади, илм олиш соҳасида ҳам аёлларнинг эркаклар билан тенг хуқуқли эканлиги уқтирилади1.

Давлатчилик тарихимизга назар ташласак, соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг аёллари Сароймулкхоним, Туман оқолар ўша даврлардаёқ Европа давлатларидан Темур саройига келган хорижий элчилар учун қабул маросимлари, зиёфатлар уюштирганликлари Кастилия қиролининг Амир Темур давлатига юборилган элчиси Рюи Гонсалес де Кловихонинг эсдалик китобида жуда батафсил баён этилган.

Соҳибқирон Амир Темур ўз «Тузуклар»ида келажак авлодларга мурожаат қилиб шундай деганлар: «Ўғилларим! Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ учун сизларга қолдираётган васият ва тузукларимни яхши ўқинг, асло унутманг ва татбиқ этинг. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир. Заифаларни қўриқланг, йўқсилларни бойлар зулмига ташламанг»2.

Манбалардан маълумки, Амир Темур ўзининг уч йиллик, беш йиллик ва етти йиллик юришларидан қайтганидан кейин Самарқанднинг шарқий қисмида, Кўҳак (Чўпон ота) тоғининг этагидаги Конигилда уюштирган тўйлар ҳафталаб давом этган ва бу тўйларга темурийзодаларнинг никоҳ тўйлари ҳам улаб юборилган. Темур набираларининг тўйларида ҳамиша иштирок этган ва келинларини ҳам шахсан ўзи танлаган. Чунки ўғилларини ва набираларини уйлантиришга, айниқса кимларга уйлантириш масаласига жиддий қараган. «Темур тузуклари»да соҳибқирон: Келин танлаш масаласини давлат ишларига тенглаштирдим”,— деб алоҳида таъкидлагани ҳам фикримиз исботидир. Амир Темур ўз хулқ-атвори ва атрофдагиларга муомаласи билан кўпчиликка ўрнак бўлгани ҳолда, аёлларга алоҳида меҳр-муҳаббат ила қараган, уларнинг дарду ҳасратларига қулоқ тутган. Хотинлари, келинлари, қиз набиралари шарафига боғ-саройлар бунёд эттирган. Аёллари тўй-шодёналарда ва базмларда эркаклар билан баробар иштирок этганлар. Амир Темурдек улкан салтанат эгасининг мана шу масалага шахсан аралашиши бежиз эмас, чунки яхши тарбия топган, ўқимишли келинлардан туғилган, улар ва Темурнинг хотинлари тарбиялаган темурийзодалар Амир Темур давлатини шон-шарафга буркашлари керак эди3. Мана шундай темурийзодалардан бири улуғ шоҳ ва буюк мунажжим Мирзо Улуғбекдир. Бу буюк зотнинг келажакда тенгсиз даҳо бўлиб етишиши уни мурғаклигиданоқ тарбия қилган малика Сароймулкхоним — Бибихонимнинг доно тарбиясининг маҳсулидир. Мирзо Улуғбек томонидан Бухорода қурдирилган мадрасанинг дарвозаси пештоқига“Талабул илм фаризатун ало кулли муслимин ва муслима”, яъни «Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз», деган ҳадис ёздирилган.

Темурийзода шоҳ Бобур ўғиллари ва қизларининг билим олишларига алоҳида эътибор билан қараган. Унинг севимли қизи Гулбаданбегим акаси Ҳумоюнга бағишлаб «Ҳумоюннома» асарини ёзган. Ҳумоюннинг ўғли Акбаршоҳ эса мана шу аммаси учун сарой қурдириб давлат ишлари билан канчалик банд бўлишига карамасдан хафтада бир марта албатта Гулбаданбегимни кўришга бориб турган, давлат ишларида ҳамиша ундан маслаҳат олган. Балки шу боис Акбаршоҳ Бобурийлар ичида энг талантли ва энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган подшоҳ сифатида ном қолдиргандир. Акбаршоҳнинг ўғли, Бобурнинг чевараси Шоҳ Жаҳон эса хазинасидаги бор бойликни сарфлаб севимли ёри Мумтоз Маҳалнинг қабри устига жаҳонда тенги йўқ Тож Маҳал мақбарасини бунёд эттирган. Улуғ шоира Зебуннисо мана шу Шоҳ Жаҳоннинг набирасидир ва унинг улкан шоира бўлиб етишишида бобосининг ўз аёлига бўлган чексиз муҳаббатининг ҳам таъсири бор. Бу ўринда ушбу дилбар шоиранинг машҳур шеърини эслаб қўйсак яхши бўлар эди:

Шоҳ қизи бўлсамда, фақир йўлин этдим ихтиёр,

Бас манга бу зебу-зийнат, ки отим Зебуннисо.

Бу эса ислом дини ҳукмрон бўлган Амир Темур ва Бобурийлар салтанатларида буюк боболаримизнинг аёлларга бўлган муносабати ва эътиборидан далолат беради. Аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳақида сўз кетганда динимизда оғир меҳнат эркаклар зиммасига юклатилганини назардан қочирмаслик керак ва шу билан бирга ислом динида аёлларнинг ишлаши тақиқланмаганлигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Ислом таълимотида аёлларга нисбатан бағрикенглик ғоялари мавжуд бўлиб, хотин-қизларни эъзозлаш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор берилади. «Хотин фақирликка қарши бир ажрдир, ватани, уйи, истеҳкоми тиришқоқлик фани, ҳарбий идора, қуроли игна билан қайчи дерлар. Лекин ёлгиз аскаргина эмас, балки бунинг устига келишув қозиси, тарбиячи, насиҳатгўй ҳамдир. Дарҳақиқат, хотинлари тарбияли бўлган халқ тарбияли, хотинлари тарбиясиз бўлган халқ тарбиясиз, хотинлари ялқов ёки исрофгар бўлган халқ фақир, хотинлари тиришқоқ, тадбиркор, иродали ва қаттиққўл бўлган халқ бой-бадавлат бўлади»4.

Аёл ўз фарзандларини эзгулик руҳида тарбиялаб, миллатнинг маънавий баркамол авлоди бўлиб шаклланишида катта мавқе ва ўрин тутади. Шуниси қувонарлики, бизнинг ўзбек аёлларимизнинг аксарияти мана шундай эзгу фазилатлар билан лиммо-лим тўла.

Ислом манбаларида келтирилишича, илгариги жоҳилият замонларида қиз туғилса, ваҳшийларча уни ерга кўмишган. Арабларнинг айрим қабилаларида эса қиз бола томонидан тарқалган фарзандлар қариндош ҳисобланмаган. Ислом дини эса мўътабар аёлни мана шундай хўрлаш ва камситишларга чек қўйди.

Ҳадиси шарифлардан бирида эса “Кимники учта, иккита, борингки, битта қизи бўлиб, ота-онаси уларни яхши тарбия этсалар, қиёмат кунида Аллоҳ бу ота-онани жаннатга киритади», 5 дейилган.

Ислом дини ёйилган Шарқ мамлакатларида аёллардан ҳам буюк шоиралар етишиб чиққан ва ўзлари яшаган даврдаёқ тан олинган. Гулбаданбегим, Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин, Дилшоди Барно каби ватандошларимизнинг шеърий истеъдодига тан берилган ва қатор-қатор девонлар тузилган.

Тарихда ва ҳозир ҳам аёлни мадҳ этмаган бирон-бир шоир, мусаввир, ҳайкалтарош бўлмаган, чунки мўътабар аёл ҳар бир даврнинг, ҳар бир ижодкорнинг мангу ижодий қаҳрамони, гўзаллик рамзидир.

Бизнинг юртимизда аёлни эъзозлаш боболаримиздан қолган табаррук фазилат бўлиб, улуғ ижодкорларимиз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Миртемир, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Ориф Хожи ва Омон Матжонларнинг ижодида аёллар алоҳида бир меҳр билан куйланади. Улуғ мусаввир Чингиз Аҳмаровнинг қилқаламида ҳам улуғ бобомиз Алишер Навоий таърифлаган беназир Шарқ аёлларининг гўзал сиймолари яралган. Ҳассос ўзбек шоираси Зулфия мусаввир ижодидан таъсирланиб, ўзининг “Рассом Чингз Аҳмаровга” номли шеърида шундай сатрларни битган:

Неча бор жазм этдим назм тизгади,

Ҳайрат бўронлари савалаган дам,

Қўймади ёзмоққа журъат қилгали,

Сиздаги маҳобат, ёпиқ мўйқалам.

Юртимизнинг мустақилликка эришуви ўзбек
аёлининг қадрини, қимматини яна бир поғонага
юксалтирди, унутишга маҳкум этилган миллий анъаналаримиз, динимиз ва тилимизни бир қадар қайта тиклаб олишга
эришдик.

Президентимиз томонидан аёлни эъзозлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 1996 йил «Аёллар йили» деб эълон қилинди, қарорлар чиқарилди, Зулфия Давлат мукофоти таъсис этилиб, энг истеъдодли ва иқтидорли қизларимиз тақдирланмоқдалар. Республикамиз хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Олима аёллар уюшмаси, тадбиркор аёллар уюшмаси, Аёллар жамоат кенгаши тузилиб фаолият олиб бормоқда.

Дилшода Султонова,

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат

архитектура-қурилиш институти доценти,

архитектура фанлари номзоди.


1 Бурханиддин Маргинани. “Хидоя”(Комментарии мусульманского права). - Ташкент: 1994. – С. 480. -139с.

2 Султонова Д.Н. Амир Темур даврида тасвирий санъатнинг юксалиши. // Амир Темур ва темурийлар даврида толерантлик (бағрикенглик). Республика илмий-амалий конференция материаллари. Сам.: СамДАҚИ, 2004 йил, 15 апрель. – Б. 34.

3 Ахмедова Г.М. Аёл гўзаллиги — бунёдкорлик даъватчиси. // Амир Темур ва темурийлар даврида толерантлик (бағрикенглик). Республика илмий-амалий конференция материаллари. Сам.: СамДАҚИ, 2004, 15-16 апрель. –Б. 156.

4 Ризоуддин ибн Фахриддин. Оила. -Т.,1992. - Б. 30.

5 Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналари. –Т., 1991. –Б. 38.