Ўзбекистонда жаҳон динлари ижтимоий фаолиятининг муаммолари ва истиқболларини ўрганишнинг илмий асослари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси, бевосита раҳбарлиги остида ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган Ўзбекистон миллий моделида мамлакатимизнинг социал зиддиятларсиз, барқарорликни таъминлаган ҳолда босқичма-босқич, эволюцион йўл билан бозор муносабатларига ўтишининг асосланган стратегияси ва тамойиллари белгилаб берилди. Миллий моделнинг асосий тамойилларидан бири ҳам айнан ўтиш даврида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилишдан иборат эди. Президент Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ “Бозор иқтисодиётини барпо этиш шунчаки бир мақсад эмас. Барча демократик сиёсий ислоҳотларнинг пировард мақсадларининг ўзи, бу энг аввало, инсон учун муносиб турмуш ва фаолият шароитларини яратишдир”1, деган эдилар. Бу фаолиятнинг давоми сифатида Юртбошимиз ташаббуси билан 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурининг асосий моҳияти ҳам “аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кўламларини янада кенгайтириш ва кучайтириш, аҳолининг муҳтож тоифалари ва оилаларга, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга аниқ, табақалаштирилган тарзда ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш, аҳоли даромадлари даражасидаги фарқларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик, жамиятда ҳамжиҳатлик, эзгулик ва меҳр-шафқат муҳитини қарор топтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш”дан2 иборатлиги ҳам “Бу буюк Ватанда азиздир инсон” деган бугунги кун шиорини тасдиқлайди. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Биз истиқлолнинг дастлабки йилларида қабул қилган, машҳур беш тамойилга асосланган, ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтиш модели йилдан-йилга илгарилаб борганимиз сари ўзини амалда оқлаб, нақадар тўғри ва пухта эканини исботламоқда, деб айтиш учун бугун барча асосларимиз бор”3.
Ижтимоий муҳофаза тизими барқарорликнинг, ҳар бир фуқаронинг эртанги кунга ишонч билан қараши, ижтимоий зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этишнинг, аҳолининг муҳтож қатламлари эҳтиёжларини қондиришнинг муҳим омилидир. Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя сиёсат мақсад ва вазифаларини англаб етиш, ижтимоий ҳимоя шакл ва усуллари, тизимлари ҳамда унинг ҳуқуқий асосларини тараққиётга мос равишда янгилаб, такомиллаштириб бориш жамият барқарорлиги унинг изчил тараққий этиши, фуқаролар турмуш даражаси ўсишига хизмат қилади. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “соғлиқни сақлаш, ...аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва шу каби катта социал аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича муҳим давлат дастурларини амалга ошириш”4 ва “бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш – истеъмол талабини кенгайтириш мақсадида социал соҳани ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлашни янада оширишга алоҳида эътибор беришдир”5.
Мамлакатимизнинг бозор муносабатларига ўтиши, жаҳон молиявий инқирози даври шубҳасиз, юксак тарихий тараққиёт бўлса-да, аммо шу билан бирга, бу даврдаги муайян объектив салбий омиллар таъсирида (демографик, ижтимоий-иқтисодий вазият, боқимандалик кайфияти ва бозор муносабатлари, жаҳон молиявий инқирози даври шароитларида яшаш кўникмалари йўқлиги ва ҳ.к.) турли қийинчиликлар юз бериши аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг оғир иқтисодий шароитга дучор бўлишига олиб келиши табиий эди. Шундай шароитларда оддий фуқаролар зиммасига ўтиш даври қийинчиликлари тушишига йўл қўймайдиган, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган ижтимоий сиёсат амалга оширилди. Бу соҳада эса жаҳон динлари вакиллари, диний ташкилотларнинг ўрни ва ролини ҳамда давлатнинг ижтимоий сиёсатидаги иштироки масалаларини атрофлича тадқиқ этиш мавзунинг долзарблигини белгилайди.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ижтимоий ҳимоя давлат ташкилотлари фуқаролик жамияти тузилмалари билан ҳамкорликда фаолият юритгандагина улкан самара бериши мумкин экан. Мустақиллик шарофати билан бугун Ўзбекистонда диний ташкилотлар ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим субъектига айланди. Истиқлолнинг 20 йили мобайнида мустақил Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг янги қирралари сифатида қуйидагиларни қайд этиш мумкин: 70 йил давомида диний ташкилотлар фаолиятига қўйилган чекловларга барҳам берилди; виждон эркинлиги нафақат ҳуқуқий6, балки амалда таъминланди; жамият ҳаётида диний ташкилотлар роли тубдан ўзгарди, уларнинг фаолияти такомиллаштирилди ва жадаллаштирилди, давлат-конфессионал хусусияти ўзгарди. Ўзбекистонда мавжуд диний ташкилотлар ва жамоаларнинг фаолияти таҳлили уларнинг мавқеи, истиқболи ўсгани, жамият ижтимоий ҳаётининг кам таъминланган ва муҳтожларга ёрдам, муаммоли ёшлар, ота-она қарамоғисиз бўлган болалар, оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган инсонлар билан ишлаш каби тармоқларида иштироки кенгайганини кўрсатди. Охирги йилларда диний ташкилот ва жамоалар мустақил Ўзбекистон ижтимоий тизимининг аниқ элементи сифатида намоён бўлди, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда иштирокчи-субъект сифатида фаолият юритди. Зеро, Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган бўлса ҳам, у жамиятда мавжуд, инсониятни хавотирга солувчи муаммоларга бефарқ қараб туролмайди, ўзининг хатти-ҳаракати билан уларни ҳал қилишда иштирок этишга тайёрлигини намоён қилади. Чунки дин ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг кам таъминлаган қатламини қўллаб-қувватлаш ишида фаол иштирок этиши мумкин. Бунинг учун диний ташкилотлар нафақат муҳтожларга амалий ёрдам кўрсатади, балки ушбу фаолиятнинг ишончли назарий асосини ҳам яратади.
Бугунги кунда давлат ижтимоий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда либерал моделга ўтар экан, хайрия институти жамоат ва диний ташкилотлар, алоҳида фуқаролар томонидан муҳтожларга эркин тарздаги ёрдам сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Айнан хайрия институти диний жамоаларнинг ижтимоий ҳимоя йўналишининг асосини ташкил этади. Улар томонидан амалга ошириладиган хайрия фаолияти давлат томонидан ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий таъминот соҳасида амалга ошириладиган вазифаларни ўз зиммасига олмаса ҳам, қайсидир маънода давлатга ижтимоий масалаларни ҳал қилишда ҳамкор сифатида ёрдам беради. Лекин жаҳон динлари вакиллари томонидан амалга ошириладиган ижтимоий ҳимоянинг асосини ташкил этувчи хайрия фаолияти (институти)нинг ҳолати, мазмун-моҳияти, аҳамияти, мавқеи бугунги кунда на диний ташкилотлар, на давлат ва на фуқаролик жамияти субъектлари томонидан ўрганилмаган ва баҳо берилмаган, истиқболлари ишлаб чиқилмаган.
Ислом (Қуръон ва ҳадис), христиан (Библия), буддавийлик (Трипитака) динлари манбаларида ижтимоий ҳимоя масалалари, энг аввало, диний нуқтаи назардан талқин қилинган. Мамлакатимизда ҳам фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тарихий ривожланиши, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли, фаолиятнинг назарий-ҳуқуқий асосларига, ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрганишга доир илмий ишлар қилинган. Бундай илмий ишларни олиб борган ҳуқуқшунос олимлардан А.А.Азизхўжаев, Д.К.Аҳмедов, Ш.И.Жалилов, Г.Р.Маликова, М.А.Усманова, М.Ғуломовларни келтириш мумкин7. Ушбу олимлар ижтимоий ҳимоя фаолияти, унинг муаммоларини тадқиқот объекти сифатида ўрганмасдан, балки илмий ишлар олиб бориш давомида мазкур мавзуга атрофлича тўхталиб ўтганлар. Масалан, ҳуқуқшунос олима М.А.Усманова докторлик диссертациясида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ижтимоий ҳимояни амалга оширувчи субъект сифатида талқин этиб, унинг фаолиятига умумий тавсиф бериб ўтган8. Бу соҳани ўрганишда, айниқса, Россия исломшунос олимларининг ҳиссаси катта9. Лекин жаҳон динларида ижтимоий ҳимоя масалалари, унинг асосини ташкил этувчи хайрия институтининг мазмун-моҳияти ижтимоий-тарихий нуқтаи назардан алоҳида ўрганилмаганлиги ушбу мавзуга мурожаат қилишимизга асос бўлди.
Ўçáåêèñòîíäà æàҳîí äèíëàðèíèíã èæòèìîèé ҳèìîÿ èíñòèòóòëàðèíèíã òàðèõè âà ôàîëèÿòèни ўрганиш жараёнида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлади:
– жаҳон динларида ижтимоий ҳимоя масалаларининг илмий нуқтаи назардан ўрганилиши ҳолатини таҳлил қилиш ва динларда ижтимоий ҳимояни даврлаштиришнинг концептуал асосларини аниқлаш;
– “ижтимоий ҳимоя институти”, “хайрия институти” атамаларига таъриф бериш;
– жаҳон динлари тарихида ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ фаолият турларини ва уларнинг бугунги кундаги замонавий кўринишларини аниқлаш, уларнинг фаолият мазмунини таҳлил этиш, ушбу масалаларнинг манбаларда талқин этилишини ўрганиш;
– диний ташкилот ва жамоаларнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолиятининг мазмун-моҳияти, турларини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
– жаҳон динлари диний ташкилотлари ва жамоаларининг ижтимоий соҳадаги фаолиятининг ақидавий асосларини таҳлил қилиш;
– Ўзбекистонда диний ташкилот ва жамоаларнинг ижтимоий соҳадаги фаолияти мазмуни ва асосий шаклларини аниқлаш;
– ижтимоий ҳимоя институти таркибига кирувчи фаолият йўналишларини тарихий аспектда таҳлил қилиш, уларнинг таърифига аниқлик киритиш;
– жаҳон динлари манбаларида ижтимоий ҳимоя масалаларига ёндашувни таҳлил қилиш;
– диний ташкилотлар хайрия фаолиятининг давлат ижтимоий сиёсатини амалга оширишда компонент сифатидаги ўрнини, давлатнинг диний ташкилотлар билан ҳамкорлигини ўрганиш;
– диний ташкилот ва жамоалар томонидан амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоянинг бугунги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий сиёсатини ҳаётга тадбиқ этишдаги роли ва ўрнини аниқлаш;
– Ўзбекистонда мавжуд жаҳон динлари вакиллари томонидан диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда уларнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолиятининг аҳамиятини аниқлаш.
Бунда, албатта, Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда жаҳон динларининг ижтимоий ҳимоя институти тарихий феномен сифатида майдонга чиқади ва натижада қуйидаги масалалар илмий муомалага киритилади:
– жаҳон динлари диний ташкилотлари ва жамоаларининг ижтимоий соҳасидаги фаолияти илк бор назарий ва тарихий нуқтаи назардан тадқиқ қилинади;
– тадқиқот мавзусига доир аввал қўлланилмаган манбалар ва ҳужжатларни илмий муомалага киритиш орқали ўрганиладиган муаммо бўйича илмий-тарихий тадқиқотларнинг манбашунослик базаси кенгайтирилади, архив манбаларининг тизимлаштирилган мажмуаси илмий муомалага киритилади;
– динларда ижтимоий ҳимоя институти, хайрия институти атамаларига таъриф берилади;
– ижтимоий ҳимоя институти таркибига кирувчи фаолият йўналишлари тарихий аспектда таҳлил қилинади, уларнинг таърифига аниқлик киритилади;
– жаҳон динларининг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолиятининг асосий йўналиши шаклланиши ва тадрижий ривожланиши анъаналари аниқланади;
– ислом, христиан, буддавийлик динлари манбаларида ижтимоий ҳимоя масалаларининг талқин этилиши ўрганилади ва қиёсий таҳлил қилинади;
– жаҳон динларида ижтимоий ҳимоя тушунчаси ижтимоий-тарихий феномен сифатида тадқиқ қилинади ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларининг ғоявий модели ишлаб чиқилади;
– жаҳон динларида ижтимоий ҳимоянинг шаклланиш мезонлари ва ижтимоий-тарихий аспектлари аниқланади;
– ҳужжатли материаллар, архив манбалари ва илмий тадқиқотларнинг тарихий таҳлили натижасида Ўзбекистондаги ислом, христиан ва буддавийлик динлари ижтимоий йўналишининг асосий анъаналари тавсифланади;
– Ўзбекистонда давлат ижтимоий сиёсатини амалга оширишда жаҳон динлари диний ташкилотлар ва жамоаларининг иштирокчи-субъект сифатидаги фаолиятининг ижтимоий аҳамияти аниқланади;
– Ўзбекистонда мавжуд жаҳон динлари диний ташкилотлари ва жамоаларининг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолияти таснифи амалга оширилади;
– жаҳон динлари диний ташкилотлари ва жамоаларининг ижтимоий ҳимоя соҳадаги фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари аниқланади;
– жаҳон динлари диний ташкилотлари ва жамоаларининг ижтимоий ҳимоя соҳадаги фаолияти мезонлар асосида даврлаштирилади;
– бугунги кунда Ўзбекистонда ислом, христиан ва буддавийлик динларининг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаолияти феноменини ривожлантириш бўйича аниқ илмий-амалий тавсиялар, ижтимоий инфраструктура ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун хизмат қиладиган таклифлар ишлаб чиқиш.
Мавзуни ёритишда ислом, христиан, буддавийлик динларининг асосий манбалари, буюк алломаларимизнинг тадқиқ этилаётган мавзу бўйича яратган асарлари, архив материаллари, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси, Рус Православ Черкови, Будда жамоасининг ижтимоий ҳимоя фаолиятини акс эттирувчи ҳужжатлари, қиёсий таҳлил жараёнида Ўзбекистон Республикаси меҳнатни муҳофаза қилиш вазирлиги, жамоат ва хайрия ташкилотларининг ушбу йўналишдаги фаолиятлари билан боғлиқ ҳужжатларидан фойдаланилади.
Ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида эришилган илмий натижалардан замонавий жаҳон динларида бўлаётган янгиланиш, ўзгаришларни, хайрия институтини тадқиқ этишда ва ҳар бир инсон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган адолатпарварлик, ҳамжиҳатлик, саховатлилик принциплари асосида ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда хайрия институтининг ролини аниқлашда методологик асос сифатида фойдаланиш мумкин. Тадқиқот тилшунослик фанининг барча соҳалари ҳамда тарих, фалсафа, диншунослик каби фанларни пухта ўрганишга ёрдам беради. Шу фанлар бўйича ўқиладиган маърузалар, ўтиладиган амалий машғулотлар, радио ва телевидениеда олиб борилаётган эшиттириш, кўрсатувлар учун муҳим манба бўла олади. Шунингдек, ундан турли луғатлар, бакалавриат ва магистратура йўналишларида ўқув қўлланма ва дарсликлар яратишда фойдаланиш мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, жамиятда диний ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликнинг мавжуд бўлиши бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатининг анча самарали олға силжишига катта ёрдам беради.
Юсуфжон Собиров,
Тошкент ислом университети
тадқиқотчиси.
1 Қаранг: Каримов И.А. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. Асарлар тўплами, 2-жилд. –Т.: Ўзбекистон, 1996. –Б. 14.
2 “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори.
3 Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари. –Т.: Ўзбекистон, 2009. –Б.8.
4 Каримов И. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси//Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маъруза. 2010 йил 12 ноябрь. –Т.: Ўзбекистон, 2010. –Б.47.
5 Ўша асар. – Б.53.
6 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги Қонуни.
7 Ҳусанов О.Т. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва маҳаллий давлат ҳокимияти асослари: ҳуқуқий, ташкилий масалалар ва муаммолар: Юрид. фан. д-ри….дисс. – Тошкент, 1995. -129 б.; Усманова М.А. Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимояни ташкил этишнинг фуқаролик-ҳуқуқий муаммолари: Юрид.фан.д-ри…дисс. –Тошкент, 2005.-124 б.
8 Усманова М.А. Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимояни ташкил этишнинг фуқаролик-ҳуқуқий муаммолари: Юрид.фан.д-ри…дисс. –Тошкент, 2005.-124 б.
9 Губаева О.Н. Социальное служение как исторический феномен: 1701-2001 гг. : Дис. ... д-ра ист. наук : Москва, 2004. –426 c.; Осипов А.И. Путь разума в поисках истины; Чернега, О. А. Правовая модель благотворительности и благотворительных организаций. Автореферат диссертации на соискание ученой степени кандидата юридических наук. -М.,1998. -19 с.; Устиненко В. Б. Социальное служение религиозных организаций в контексте социальной политики современной России :на примере Санкт-Петербурга. Автореферат дисс. на соис. уч.стетепени кандидата философских наук. –М., 2008; Костылева Т.А. Социальное служение религиозных организаций : Дис. ... канд. филос. наук. Омск, 2006 –167 с.




















