СЕКУЛЯРЛАШУВ ҒОЯЛАРИ ВА ДИН ТЎҒРИСИДАГИ ФУТУРОЛОГИК ҚАРАШЛАРНИНГ ЎЗАРО АЛОҚАДОРЛИГИ
Сўнгги юз йилликлар мобайнида дин тўғрисидаги фалсафий билимлар мазмун ва мундарижаси дунёвий жамият шароитида диннинг ўрни билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган секулярлашув ҳамда диннинг инсоният ҳаётидаги истиқболига дахлдор футурологик қарашлар ва концепциялар билан бойиб борди. Бу албатта, ҳуқуқий давлат ва демократия тамойилларининг қарор топиб бориши шароитида динийлик ва дунёвийлик ўртасида соғлом уйғунликни таъминлашдек улкан ҳаётий-зарурий эҳтиёждан келиб чиқди. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди”[1].
Диннинг истиқболларига доир футурологик ва секулярлашув концепцияларидаги қарашлар учун диннинг жамият ҳаёти соҳаларига таъсирининг тобора пасайиб, дунёвийликка асосланган ҳаёт тарзининг мустаҳкамланиб бориши ҳақидаги ғоя умумий ҳисобланади. Бунда инсоният истиқболида динийликдан дунёвийликка ўтиб, ривожланиб борувчи жамият қурилиши модели устувор бўлиши тўғрисидаги хулоса илгари сурилади. Бироқ, бундай ҳолат улкан маънавий куч – диннинг инсон, ижтимоий гуруҳ, жамият ҳаётида суст рол ўйнаётгани ҳақидаги хулосага асос бўла олмайди, албатта.
Шу ўринда, мутахассислар томонидан секулярлашувнинг сабаб ва оқибатлари ҳамда диннинг келажакдаги истиқболлари билан боғлиқ масалаларни тушуниш, талқин этилишида сезиларли фарқлар мавжудлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Хусусан, бир гуруҳ олимлар секулярлашувни диннинг жамиятга таъсир кучини тобора сусайтириб, йўқ бўлишигача олиб борадиган ортга қайтмас жараён тарзида талқин этадилар. Иккинчи гуруҳга мансуб мутахассислар фикрича эса, секулярлашув – бу, фақат диннинг шаклан ўзгаришини ифодалайдиган жараён бўлиб, ўз умрини ўтаб бўлган диний эътиқод шакллари ўрнига янгиларининг пайдо бўлиши ва шу тариқа диннинг жамиятдаги аҳамиятининг сақланиб қолишини англатадиган жараён ҳисобланади. Бошқача айтганда, иккинчи гуруҳ олимлари секулярлашувни янгиланган шаклларда динларнинг жамиятдаги ўрнини ҳатто, кенгайишига олиб келадиган табиий, соғлом жараён сифатида тушунадилар.
Айни пайтда, ушбу йўналишдаги концепцияларнинг яна бирида cекуляр жамият муқаддас бўлган нарсаларнинг йўқотилиши ва ижтимоий тартиб ва келишувга нисбатан таҳдид сифатида олиб қаралади. Бундай ёндашув жамиятшунос олим П.Бергер қарашларида устувор ҳисобланади. Олим фикрича, ушбу жараён алоҳида олинган инсон ва умуман, жамият учун истиқболда кўплаб оғир оқибатларга олиб келади. Секулярлашув “муқаддас” ҳисобланган нарса, ҳодисаларнинг йўқолиши, мутлақ саналган қадриятларнинг нисбий хусусият касб этиши орқали кечадиган жараён сифатида инсоннинг маънавий инқирозига сабаб бўлади. Шу маънода, П.Бергер қарашлари секулярлашувни жамият барқарорлигини хавф остига қўювчи деструктив характерга эга тенденция эканини асослашга қаратилган2.
Яна бир илмий йўналиш доирасида секулярлашувни диннинг эволюцияси ва ижтимоий ўзгаришлар натижасида бошқа шакл ва кўриниш касб этиб бориши билан боғлиқ футурологик ғоялар илгари сурилган. Маълумки, замонавий диншунослик фани талқинларига кўра, секулярлашув туфайли дин ўзгариб боради, бироқ, у ўз аҳамиятини йўқотмай, инсонлар ҳаётида бошқача тарзда намоён бўлади. Секулярлашувнинг мазкур йўналиши мазмун жиҳатидан юқоридаги тамойилга яқиндир. Бу борада, машҳур социолог Т.Парсонс фикрлари эътиборга молик. Унинг нуқтаи назарига кўра, жамият дифференциация йўли орқали тараққий этади ва дин ўзининг аввалги “муқаддас тимсол” сифатидаги аҳамиятини йўқотиб, ижтимоий ҳаётнинг соҳаларидан бирига айланади. Диний эътиқод тобора хусусий характер касб этади. Шунинг учун, келажакда социал институт сифатида диннинг давлат, ҳуқуқ, иқтисодиёт, таълим каби соҳаларга нисбатан таъсир кучи тобора сусайиб боради3.
Албатта, секулярлашув муаммоларига бағишланган ушбу концепцияларда илгари сурилаётган ғоялар мутлақ хусусиятга эга эмас. Дин-жамият кесимидаги илмий тадқиқотлар давом этар экан, бу борадаги масалаларнинг моҳияти янада ойдинлашиб боради. Бу борада Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги фикрларига эътиборни қаратиш алоҳида аҳамият касб этади: “Ижтимоий тараққиётнинг турли даврларида бундай баҳслар соф назарий масала доирасидан чиқиб, маълум бир тузум ёки давлатнинг расмий мафкураси мақомини ҳам олган. Бунинг тасдиғини узоққа бормасдан яқин тарихимизда – шўро замонида материалистик қарашни устун қўйиш натижасида материя бирламчи, онг эса иккиламчи, деган тамойилнинг ҳукмрон дунёқараш даражасига кўтарилгани, бунинг оқибатида инсоннинг маънавий қадриятлари, айниқса, унинг миллий ва диний туйғуларига беписанд қараб келингани мисолида ҳам кўриш мумкин”4.
Аслида, дин истиқболи билан боғлиқ илк илмий прогнозлардан бири О.Конт (1798—1857) томонидан унинг машҳур “уч босқич қонуни” назариясида илгари сурилган эди. “Дин охир-оқибат фан томонидан сиқиб чиқарилади, алмаштирилади”5, — деб ёзган француз олими. Унинг бу фикри ўз даврида илмий доирадан ташқарида ҳам кенг тарқалиб кетди. Дин билан фаннинг ўзаро сиғишмайдиган соҳалар эканига бўлган ишонч жуда кучли бўлган ва келажакда фаннинг дин устидан “ғалаба қозониши”га табиий ва муқаррар жараён экани тўғрисидаги қараш муайян даражада оммалашди.
О.Конт давридан эътиборан бу нуқтаи назар, одатда, позитивизм ёки сциентизм, деб юритилади. Бироқ, олим бошқа баъзи позитивистлардан фарқли равишда, диннинг ижтимоий функциясини теран англаб етган. Шу маънода, у жамият учун инсонларни эзгу амал, олижаноб ишларга илҳомлантирувчи идеал зарурлигини тан олган. Унинг фикрича, диний тизимнинг асосий объекти инсоният истиқболи ва одам зоти мавжудлигининг асосий шартларини бажаришдан иборатдир.
Контнинг издоши Э.Дюркгейм (1858—1917) эса, унинг фикрига эътироз билдириб, динлар ҳеч қачон инсонларнинг онгли интилишлари натижаси сифатида пайдо бўлмагани, аксинча, улар ўз-ўзича ижтимоий ҳаёт қонуниятлари асосида юзага келганини таъкидлаган. Унинг ёндашувига кўра, дин рационал конструкцияга энг кам ўхшайдиган ҳодисадир6.
Умуман олганда, Контдан сўнг кўплаб жамиятшунос олимлар фан-техника тараққиёти натижасида диннинг заифлашиб бориши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларни илгари сурдилар.
ХХ аср воқелиги диннинг халқлар ҳаётида ўз ўрнини сақлаб қолишини, балки янада мустаҳкамланиб боришини амалда исботлади. Шу маънода, кучли секулярлашув тенденцияларининг мутлақ устуворлиги ҳақидаги футурологик ғоялар ўзини оқламади. Шундай бўлса-да, бу даврда аксарият давлатларда дин расмий мафкура сифатида мақомини йўқотди, дин ва давлат алоҳида соҳаларга ажратилди. Шунингдек, демократик шароит виждон эркинлиги тўғрисидаги қонун-қоидаларнинг жорий этилишига сабаб бўлди. Ушбу икки жиҳат сўнгги икки юз йил мобайнида диний ҳаётда юз берган энг муҳим ўзгаришлар ҳисобланади. Зеро, “дин ва давлат”, “дин ва жамият” кесимида олиб қаралганда, ушбу икки йўналишда содир бўлган ўзгаришлар диний асосда кечадиган бошқа барча жараёнларнинг сабаби сифатида намоён бўлади.
Айни пайтда, диннинг давлат ишларидан ажратилиши ва виждон эркинлиги тамойилининг жорий этилиши диннинг жамият ҳаётида тутган ўрнининг заифлашуви эмас, балки такомиллашуви, инсоният маънавий маданиятининг юксалиб бораётганини англатади.
“Айни пайтда шуни ҳам унутмаслик керакки, дунёвийлик – бу даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт қандай ғайриинсоний кўринишга эга эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламиз. Бундай мафкуранинг хатарли томони шундаки, у неча асрлар давомида дин негизида шаклланган, халқ ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган қадриятлар – бу ёзма ёки оғзаки, моддий ёки маънавий мерос бўладими, ахлоқ ёки анъаналар бўладими, миллий дунёқараш ёки турмуш тарзи бўладими – буларнинг барчасини рад этади”7.
Дин истиқболларига доир қарашлари билан танилган яна бир олим Э.Тоффлер ҳисобланади. У ўзининг 1980 йилда эълон қилинган ва катта шов-шувларга сабаб бўлган “Учинчи тўлқин” номли китобида тобора сони кўпайиб бораётган диний оқим ва ҳаракатлар фаолиятининг диний ҳаёт барқарорлигига асосий таҳдид сифатида олиб қарайди. Унинг фикрича, анъанавий диний тизимлар соғлом асосларда, илмий таҳлиллар орқали ўз ғоялари мазмунини янада теранроқ очиб бериш ва уларни тизимли тарғибот қилиб боришлари зарур. Шундагина, асл мақсадлари мавҳум бўлган турли диний ҳаракатларнинг олди олинади. Тоффлер шаклланиб келаётган глобал диний манзарани “спиритуал товарлар бозори” деб атайди. Олим талқинига кўра, ушбу бозорда индивидуал ва ижтимоий эҳтиёжларнинг кенг спектри учун кўплаб диний мазмундаги ақидалар ва диний-мистик амалиёт шакллари таклиф этилади. Айни пайтда, Тоффлернинг бундай сохта диний ғоялардан бузғунчилик мақсадлари йўлида, масалан, терроризм ва давлат тизимини вайрон қилиш каби ишларда фойдаланиш хавфининг ҳам катта эканини таъкидлагани эътиборга молик8.
Ўтган асрнинг охирида дунёга машҳур бўлган яна бир футурологик қараш америкалик олим С.Хантингтоннинг “Цивилизациялар тўқнашуви” концепциясидир. Маълумки, америкалик олим инсоният истиқболида асосий зиддият ва қарама-қаршиликлар цивилизацияларнинг кесишув чизиғида содир бўлишини башорат қилади ва диний, маданий фарқ ва хилма-хиллик бунда устувор омил эканини таъкидлайди.
“Албатта, фарқ муқаррар зиддиятни англатмайди, зиддият эса, доимо зўрлик дегани эмас, — деб ёзади С.Хантингтон, — бироқ, юз йилликлар мобайнида бўлиб ўтган давомли ва қонли зиддиятлар цивилизациялар ўртасидаги фарқдан келиб чиққан эди”9. Албатта, унинг бу фикри баҳслидир. Зеро, халқлар ўртасидаги диний, миллий, маиший ва бошқа фарқлар ўз-ўзича қонли уруш, зиддиятларга сабаб бўлмайди. Балки, бу ғаразли сиёсий кучлар томонидан улар мазмунининг бўрттирилиши, бир ёқлама талқин қилиниши натижасидир. Масалан, фашизм, расизм, шовинизм, диний экстремизм каби мафкура ва амалиёт шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихи ҳам худди шундай мазмунга эга.
“Цивилизациялар тўқнашуви”ни, бир томондан, ўйлаб топилган назария дейиш мумкин. Чунки жаҳонда мавжуд цивилизациялар миллий, диний ва бошқа тафовутларга қарамасдан, биргаликда тинч-тотув яшашлари ҳам мумкин.
Иккинчи томондан, глобаллашув шароитида цивилизациялараро зиддиятларга халқаро ташкилотлар томонидан ахборот, иқтисодий, сиёсий муносабатларнинг етарли равишда тартибга солинмаслиги омил бўлади. Бундан ташқари, ушбу концепциядан қандайдир ғаразли куч атайин, у ёки бу сиёсий манфаатлар йўлида фойдаланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Сирасини айтганда, воқелик дин инсонлар ҳаётида ўз таъсир кучини нафақат сақлаб келаётгани, балки кўп ҳолларда унинг аҳамияти кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Айниқса, бу Ғарб ва Шарқ жамиятларига татбиқан олиб қаралганда, яққол кўзга ташланади. Зеро, секулярлашув умуминсоний ҳодиса бўлса-да, макон нуқтаи назаридан хусусий ҳолат касб этади. Масалан, дин Шарқ жамиятлари, хусусан, халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида доимо ривожланиб келмоқда. Албатта, сиёсий омиллар туфайли диннинг таъқиб остига олиниши бу борада муайян даражада депсинишларга сабаб бўлди. Бироқ, мустақиллик туфайли диннинг ижтимоий-тарихий мақоми сиёсий-ҳуқуқий асосларда қайта тикланди. Юртимизда нафақат, ислом дини, балки бошқа конфессиялар фаолияти учун ҳам бирдек шарт-шароитларнинг яратилгани фикримизга далил бўла олади.
Инсоният бугунги кунга келиб плюрализм, ҳурфикрлилик, тенг ҳуқуқлилик шароитларида ҳаёт кечирмоқда. Шу маънода, индивидда ўз маънавий ҳаётини ташкил этиш учун улкан имкониятлар мавжуд. Бироқ, эмпирик кузатишлар, тизимли таҳлил диннинг маънавий ҳаётнинг ажралмас қисми бўлиб қолиши ҳақида хулоса чиқаришга имкон бермоқда. Диннинг истиқболи билан боғлиқ қарашларнинг қандай характерга эга бўлишидан қатъи назар, масаласини теран англаб етган ҳар қандай футуролог инсоният келажагини диний омилдан айри ҳолда тасаввур этмаслиги аниқ.
Умиджон Қўшаев,
фалсафа фанлари номзоди.
[1] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. –Б. 96.
2 Қаранг: Бергер П. Культурная динамика глобализации.// Многоликая глобализация. Культурное разнообразие в современном мире. – М.: 2004. –С.65-78.
3 Қаранг: Парсонс Т. К общей теории действия. Теоретические основания социальных наук // Он же. О структуре социального действия. – М.: 2000. –С. 46-52.
4 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. –Б. 66.
5 Қаранг: История политических учений: учебник. 2-е изд., перераб. и доп.// Зотов В.Д., Зотова Л.В., - М.: Юристъ, 2010. –С. 452-461.
6 Қаранг: Дюркгейм Э. Социология: ее предмет, метод. – М.: “Прогресс”, 1995. –С. 78-84.
7 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. –Б. 93.
8 Қаранг: Тоффлер А. Третья волна. – М.: АСТ, 1999. –С. 264.
9 Хантингтон С. Столкновение цивилизаций? // ПОЛИС. – Москва, 1994.- № 1. - С.33-48.




















