Соғлом эътиқодни шакллантиришнинг назарий-педагогик асослари масаласига доир
Давлатнинг қудрати — соғлом фикрли, билимли, ватанпарвар инсонлар қўлида экан, бундай инсонлар, албатта, миллий ғоя ва миллий ғурур руҳида тарбиялангандирлар. Комил инсонни тарбиялаш — умумбашарий ғоя. Шу билан бирга ҳар бир халқнинг ўзи интиладиган комиллик тимсоллари бўлади. Улар халқнинг ўз фарзандларини эркин фикрли, мард, ғурурли, соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш йўлидаги орзуларини ифодалайди.
Инсон чуқур билимли, доно, ақлли бўлиши учун эса унинг эътиқоди соғлом бўлиши зарур. Зеро, соғлом эътиқод эгаси доимо эзгулик сари интилади, номардлик, пасткашлик ва ёвузликка қўл уриш эмас, ҳатто улар ҳақида эшитишни ҳам ўзига ор билиб, уларга қарши курашади.
Эътиқодни шакллантириш — инсон маънавий тарбиясининг таркибий қисми. Халқимиз кўзлаган «... эзгу мақсадларга эса, фақат юксак маънавий тарбия орқалигина эришиш мумкин»[1]. Мустақил юртимизда соғлом эътиқодли ёшларни тарбиялаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларини соғлом эътиқодли қилиб тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Шуларни инобатга олган ҳолда, бошланғич синфданоқ ўқувчиларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш зарур. Бунда «Ўқиш», «Одобнома», «Конституция алифбоси» ва тарбиявий соатларнинг ўрни катта. Жумладан, «Одобнома» дарслари ўқувчиларда ватанпарварлик, мардлик, гўзаллик, меҳр-оқибат, имон каби ижобий хусусиятларни шакллантириш имконини яратади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов айтганларидек, “мустақил Ўзбекистоннинг куч-қудрати халқимизнинг умуминсоний қадриятларига содиқлигида намоён бўлади. Биз учун миллий қадриятлар, халқимизнинг руҳини баланд сақлаш, ёш авлодни тарбиялаш энг асосий вазифа бўлиб қолиши керак”[2].
Дунёвий ва диний таълимотлардаги қарашлар бу масалада умумэътироф этилган педагогик тамойиллар билан уйғундир. Эътиқод барча динлар ва даврларда кишилик жамиятининг ижтимоий-маънавий ҳаётига таъсир этиб келган. Эътиқод ғоявий қурол вазифасини ўтаганини, мустақиллик, эрк ва озодлик учун курашда одамларни бирлаштирувчи, маънавий рағбатлантирувчи восита сифатида намоён бўлганини кузатиш мумкин.
Ислом педагогикасининг инсоният маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида яққол кўзга ташланади. Бинобарин, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Кўҳна тарихимизнинг қайси даврини эсламайлик, дин ҳар доим одамларни ўз-ўзини идора этишга, яхши хислатларни кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлаган. Ҳар бир алоҳида инсонга, оила, жамоа, минтақа, бир сўз билан айтганда, умумхалққа раҳнамо бўлган. Уни оғир-оғир синовларга бардош беришга, ёруғ кунларга интилиб яшашга даъват қилган, ишонтирган. Бундай даъват одамларга ўз навбатида куч-қувват бағишлаган, бир-бирига меҳру оқибатни оширган»[3].
Юқоридаги мулоҳазалар ҳам ислом педагогикасига алоқадор масалалар ва соғлом эътиқод тарбияси муаммолари ҳамиша долзарб бўлиб келганини кўрсатади. Илмий-педагогик изланишлар республикамизда кафолатланган эътиқод эркинлиги, ислом динининг мамлакат ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрни, турли диний экстремистик оқимларнинг ёшларимиз онги ва қалбини эгаллашга қаратилган тарғиботларига қарши ғоявий тарбиянинг янги ёндашувларини тадқиқ қилишга бағишланмоқда.
Чунки ҳар бир радикал диний оқим ўз ғояларини ёшлар онгига сингдириш ва бунда тарбия-тарғиботнинг хилма-хил услубларидан фойдаланиш тажрибасига эга. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг айрим ёшлари онгини ғаразли ниятлар билан заҳарлашга бетиним интилаётган «Ҳизб-ут-Таҳрир», «жиҳодчилар», акромийлар, нурчилар каби бундай оқимларнинг ғоявий тарғиботида ҳам яққол кўринди.
Шўролар тузуми даврида халқимиз диндан мажбуран узоқлаштирилган эди. Бундан ғаразли мақсадларини амалга оширишда фойдаланган турли экстремистик оқимлар ноқонуний диний таълим воситасида халқимиз орасида асрлар оша шаклланган қадриятларимизга зид тарбияни олиб бора бошладилар. Улар томонидан бузғунчи мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётган ғоявий тарғибот, фикрий тажовуз бундай урунишларнинг мазмун-моҳиятини илмий-педагогик асосда ўрганиш, дин ниқоби остида қилинаётган даъволарга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, энг аввало, болаларимизда илк кичик мактаб ёшидан бошлаб, соғлом эътиқодни тарбиялашни йўлга қўйишни тақозо қилмоқда. Бу эса эътиқод тарбияси масаласини педагогика ва диншунослик фанлари асосида одоб-ахлоқ нуқтаи назаридан интегратив тадқиқ этишни талаб этади. Мамлакатимиз бошланғич мактабларида эътиқод тарбияси муаммоларини илмий-педагогик таҳлил қилиш мана шу жиҳатларга кўра ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Бу борада Шарқ мутафаккирларининг ахлоққа оид илғор ғоялари муҳим тарбиявий аҳамиятга молик. Халқимиз таълим-тарбия жараёнида боболар меросидан, уларнинг пандномаларидан, халқ оғзаки ижоди материалларидан кенг фойдаланиш орқали болаларга миллийликка хос фазилатларни сингдириб, ёш авлодни аждодлари изидан боришга ўргатиб келган.
Абу Наср Форобийнинг «Бахтга эришиш ҳақида», Абу Али ибн Синонинг «Тадбир ал-манозил», «Ахлоққа оид рисола», Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Кайковуснинг «Қобуснома», Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-хақойиқ», Саъдийнинг «Гулистон», Воиз Кошифийнинг «Ахлоқи муҳсиний», Алишер Навоийнинг «Маҳбуб-ул-қулуб», Абдураҳмон Жомийнинг «Силсилатус заҳаб», «Баҳористон», Абдулла Авлонийнинг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» каби асарларида болалар тарбиясининг мазмуни, услублари, вазифалари атрофлича шарҳланиб, турли ҳаётий ривоятлар, ҳикоятлар асосида кўрсатилади.
Шарқ мутафаккирларининг соғлом эътиқод тарбияси ҳақидаги илмий меросини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш тарбия жараёнини такомиллаштиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Собиқ шўро педагогикасида ушбу мавзудаги тадқиқотлар даҳрийлик мафкураси таъсирида бир ёқлама кўриниш олган эди. Ўша даврда жамиятда ҳукмронлик қилган коммунистик мафкуранинг ёшлар тарбиясига кучли таъсир ўтказиши табиий эди.
Мустақилликнинг илк кунларидан ёшларимизни, энг аввало, маънан соғлом, истиқлол ғояларига садоқатли, соғлом ва мустаҳкам эътиқод соҳиблари этиб тарбиялаш масалаларига катта эътибор қаратилди. Президент Ислом Каримов асарларида бу мавзу атрофлича таҳлил этилган. Хусусан, дин ва давлат муносабатлари, ҳуқуқий-демократик давлатдаги таълим-тарбия тизимининг маънавий юксалишида диннинг ўрни масалаларида чуқур илмий-амалий хулосалар акс этган.
Мустақиллик йилларида дин, унинг жамият ҳаётидаги ўрни билан боғлиқ масалалар А.Азимов, С.Абдуллаев, Ш.Ёвқочев, М.Имомназаров, И.Каримов, Ғ.Кароматов, Р.Обидов, А.Рахманов, У.Уватов, О.Юсупов, М.Қаҳҳорова, У.Қобилов каби қатор олимларнинг[4] асарларида ҳам кенг таҳлил этилган. Уларда миллий истиқлол мафкурасини шакллантиришда диний бағрикенгликнинг ўрни, динни сиёсийлаштиришнинг олдини олиш, турли диний экстремистик ва ислом фундаментализми ғояларини тарғиб этувчи кучларга қарши кураш билан боғлиқ мавзулар атрофлича ўрганилган. Россиялик шарқшунослар Н.Жданов ва А.Игнатенколарнинг[5] ишларида тадқиқотимиз мавзусига оид маълумотлар келтирилган. Шунингдек, Ғарб олимлари – К.Армстронг, М.Кауфман, Г.Корнелл, Д.Тэйлор[6]ларнинг, Шарқ уламолари Абу Муқотил Самарқандий, Имом Таҳовий, Имом Ғаззолийларнинг мавзуга оид асарларида муҳим илмий-таҳлилий хулосалар берилганини таъкидлаш жоиз[7].
Ўзбекистон педагоглари ва психологлари С.Аннамуратова, Р.Аҳлиддинов, С.Булатов, А.Жабборов, А.Зуннунов, М.Иномова, Ҳ.Йўлдошев, В.Каримова, У.Махкамов, О.Мусурмонова, С.Нишонова, М.Носиров, Н.Ортиқов, М.Очилов, Э.Сеитхалилов, Ғ.Шоумаров, Т.Қурбонов, М.Қуронов, Ш.Қурбонов, Э.Ғозиев, О.Ҳасанбоеваларнинг тадқиқотларида соғлом эътиқод шаклланиши учун муҳим бўлган эстетик, ахлоқий, миллий-маънавий, психологик масалалар ишлаб чиқилган[8].
Бироқ турли радикал оқимлар, уларнинг ёшлар тарбиясига таъсирини тадқиқ этиш ўзига хос илмий-педагогик аҳамият касб этади. Уларнинг бузғунчи фаолияти, хатти-ҳаракатларига қарши тура оладиган соғлом эътиқод тарбиясини шакллантириш муаммолари педагогик тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган.
Биз маънавий ҳаётимизни мусулмон оламида чексиз эҳтиром қозонган Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий каби аждодларимиз номи, ҳаёти ва фаолияти билан боғлаймиз, чунки уларнинг азиз номлари, бебаҳо мероси ислом дини билан чамбарчас ва узвий боғланиб кетган. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда динни илм сифатида ўрганиш, тарбия жараёнида ундан оқилона ва унумли фойдаланишга катта эътибор берилмоқда.
Диний экстремизм таҳдиди реал хавфга айланган ҳозирги даврда диний-маънавий қадриятларни шиорлардан фарқлашга ўргатишни, соғлом эътиқод тарбиясини болаликнинг илк йилларидан бошлаш зарур. Зеро, Президент Ислом Каримов таъкидлаганларидек, «... бугунги мураккаб маънавий-мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимиз, ҳаёт тарзимизга зид бўлган маънавият, маданият байроғи остида кириб келаётган зарарли ғоялар ва таҳдидларнинг моҳиятини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Фақат ана шундай асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин»[9].
Илмий адабиётларда кўпқиррали, мураккаб «эътиқод» тушунчасининг таърифи, мазмуни масаласида якдил хулосаларни учратиш қийин. Эътиқоднинг асл моҳиятини англаш учун унинг этимологиясига мурожаат қилиш билан бирга дин ниқоби остида тақдим этилаётган турли ғаразли талқинлар таҳлилига эътибор бериш лозим. Мустақиллик йилларида илмий адабиётларда эътиқоднинг тор синфий, атеистик талқинидан воз кечилди, унинг янги қирралари кашф этилди. Шу билан бирга тарбия натижасида шаклланишига алоҳида урғу берила бошланди.
Эътиқоднинг моҳиятини тушунишда унинг психологик, фалсафий талқинлари муҳим аҳамиятга эга. Эътиқод муайян ғоя, дунёқарашга ҳис-ҳаяжонли ёндашув маъносида имонга яқин туради. Аммо эътиқод тушунчасида фақат ижобий жиҳатларнигина кўриш тўғри эмас. Ижобий ва салбий мазмунга эга эътиқод шакллари ўртасида яна бир маънавий-руҳий ҳодиса – эътиқодсизликнинг ҳам мавжудлигини эътироф этиш лозим.
Масалага педагогика нуқтаи назаридан ёндашилганда имон ҳам, ватанпарварлигу миллий ғурур ҳам туғма эмаслиги, уларнинг қандай тушунтирилиши ва қандай тушунилишига, содда қилиб айтганда, турли шаклларда амалга ошириладиган тарбияга боғлиқ эканини унутмаслик шарт.
«Эътиқод бу – шахсни ўз қадриятлари тизимидан келиб чиқиб ҳаракатга қўзғатадиган англанган эҳтиёж»[10]. Эътиқод – ишонч билан қараш; тил ва дил билан иқрор қилиш шаклида ҳам талқин қилинади[11].
«Эътиқод (араб. “иътиқодун” – ишонч, иймон, амин бўлиш) – инсон фаолияти учун маънавий асос, йўл-йўриқ ва мўлжал бўлиб хизмат қилувчи, ақл, ҳис ва ирода воситасида англанган билимлар, ғоя ва тасаввурлар ифодаси бўлган тушунча. Эътиқод инсоннинг вояга етиши жараёнида шаклланади. Билим ва ғоялар инсоннинг ҳам ақли, ҳам қалби билан ўзлаштириб олингандагина эътиқодга айланади»[12].
Адабиётларда «соғлом эътиқод» тушунчасининг илмий таърифи ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Бизнингча, миллий ва умуминсоний қадриятлар устуворлиги тамойилига таянадиган, тараққиётга йўналтирилган эзгу ва бунёдкор ғояларга ишончга асосланган эътиқод шаклига соғлом эътиқод дейилади.
Бошланғич синф ўқувчиларида соғлом эътиқодни тарбиялашда оила ва оила аъзоларининг таъсири етакчилик қилади. Шу сабабли биз кичик ёшли ўқувчиларда эътиқод тарбиясини энг муҳим омил сифатида эътироф этамиз.
Соғлом эътиқодни шакллантиришнинг назарий масалаларини кўриб чиқиш асрлар давомида шаклланган ислом динида эътиқод тарбиясининг мазмунига махсус тўхталиш зарурлигини тақозо қилади.
Ислом дини тарқала бошлагач, ижтимоий-иқтисодий ва диний фаолиятни қамраб олувчи ахлоқий қонунлар мажмуасини ишлаб чиқишга эҳтиёж туғилди. Бунинг учун Қуръон ва сунна асос қилиб олинди, натижада мусулмонларнинг моддий ва маънавий, ижтимоий ва шахсий ҳаётини тартибга солиб турувчи тарбия тизими вужудга келди.
Биз ўз тадқиқотимизда ушбу меъёрларнинг педагогик мазмунига, мусулмонларнинг шахсий ҳаёт ва муомаласидаги билим, кўникма ҳамда малакаларига алоҳида эътибор қаратишни лозим топдик. Зеро, миллий бирлик ва маънавий жипсликка салбий таъсир кўрсатувчи таҳдидларнинг олдини олиш учун кучли иродали, имони мустаҳкам инсонни тарбиялаш талаб этилади.
Ёшларни соғлом эътиқодли қилиб тарбиялаш вазифаси ҳамма вақт жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган ва у ҳар бир даврда замон талабларидан келиб чиқиб ҳал қилинган. Фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялашни хоҳлар эканмиз, бу борада тўпланган бой тажрибага мурожаат қилишимиз лозим.
Аждодларимиз эътиқод тарбиясининг негизи сифатида ахлоқий учлик: ўй, ният-сўз-иш бирлигини яратишган. Мисол учун, «Авесто»даги шундай фикрлар, яъни эзгу ният, сўз ва иш бирлигини жамият ҳаётининг устувор ғояси сифатида талқин этилгани бизнинг бугунги маънавий идеалларимиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлиқ мустаҳкам ҳаётий асосга эга экани айниқса эътиборлидир[13].
Ислом таълимоти миллий тарбия тизимига янги мазмун олиб кирди. Хусусан, Қуръони карим ота-она, фарзандлик бурчи, ватанпарварлик ҳақидаги суралари билан катта педагогик аҳамиятга эга.
Мовароуннаҳр педагогикасида эътиқод тарбияси қатор асарлар билан бойиди. Ушбу асарлар ўз даврининг «Одобнома»лари эди.
Собиқ шўролар даврида инсонлар эътиқоди синфий, партиявий исканжалар орасида тутилган бўлса, истиқлол туфайли юртимизда эътиқод эркинлиги қонуний асосда таъминланди. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни[14] бу борадаги эркинлик кафолатига айланди. Ҳозир мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи фуқароларнинг ўз урф-одатларига амал қилишлари учун барча шарт-шароит мавжуд.
Эътиқод тарбияси муайян фазилатларга таяниши туфайли ўқувчиларга яхши-ёмон сифатлар, уларнинг намоён бўлиши ҳақида батафсил билимлар беришга асосланади ва бу орқали ғоявий тарбиянинг энг яхши анъаналарини тиклашга хизмат қилади.
Юртимиз истиқлолга эришгач, маънан ва жисман соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш орқали кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш бирламчи вазифа этиб белгилаб олинди. Бу, биринчи навбатда, таълим муассасаларида тарбия йўналишларининг педагогик асосларини такомиллаштиришни, давр талабидан келиб чиқиб, ғоявий тарбиянинг барча имкониятларидан тўла фойдаланишни тақозо қилади.
Илёс Мирзиётов
педагогика фанлари номзоди.[1] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. – Б. 28.
[2] Каримов И.А. Ватан саждагоћ каби муќаддасдир. – Т.: Ўзбекистон, 1995. – Б. 241.
[3] Ўша манба. – Б. 206.
[4] Абдуллаев С.С. Ўзбекистонда эътиќод эркинлиги ва ислом: Фалс. фан. номз. ... дис. автореф. – Тошкент, 2002; Ёвќочев Ш.А. Политизация религии и проблема религиозного экстремизма: Автореф. дис. ... канд. полит. наук. – Тошкент, 1993; Караматов Ѓ.С. Ислом фундаментализми ва унинг ижтимоий- сиёсий моћияти: Фалс. фан. номз. ... дис. автореф. – Тошкент, 1999; Каримов И. Иймон ва инсон. – Тошкент: Фан, 1991; Обидов Р. Иймон ва эътиќод. – Тошкент: Мовароуннаћр, 2005; Юсупов О.О. Умуммиллий ѓоя: шаклланиш омиллари ва муаммолари. Фалс.фан.номз. ... дис. автореф. – Тошкент, 2000; ва бошқ. (адабиётлар рўйхатига қаранг).
[5] Игнатенко А. Халифы без халифата. – М.: Наука, 1998; Жданов Н. Игнатенко А. Ислам на пороге XXI века – М.: Политиздат, 1989.
[6] Armstrong Karen A. History of God. Random Hous. 1994. –466 p.; Armstrong Karen. Islam. Random Hous.2000; Karen Armstrong. A. History of God. Random Hous. 1994; Karen Armstrong. Islam. Random Hous. 2000; Kaufmann M. Skew- Tolerant Circuit. Paperback. Publishers. 2000; Cornell G. Fundamentals. Fifth Edition In Stock. Paperback.Prentice Hall.2000; Taylor D. «Are you tolerant?» (Should you be?): Deconstructing the gospel of tolerance// Christianity today. 1999.
[7] السمرقندي ابو مقاتل..كتاب العالم و المتعلم. السورية: حلب 1972؛ الامام الطحاوي. العقيدة الطحاوية. الرياض 1992؛ الامام الغزالي. خلق المسلم.. بيروت: المكتبة الاسلامية، 1989.
[8] Ќаранг: Зуннунов А. Педагогика тарихи. -Тошкент: Шарќ, 2004; Йўлдошев Ҳ., Булатов С. Устоз ва шогирд одоби. -Тошкент: Ўзбекистон, 2005; Каримова В. Оила психологияси. -Тошкент: Фан ва технология, 2008; Махкамов У. Ахлоќ-одоб сабоќлари. -Тошкент: Фан, 1994; Мусурмонова О. Оила маънавияти – миллий ғурур. -Тошкент: Ўқитувчи, 1999; Нишонова С. Шарќ Уйғониш даври педагогик фикр тараќќиётида баркамол инсон тарбияси: Пед. фан. докт. ... дис. автореф. -Тошкент: ЎзПФИТИ, 1998; Ортиқов Н. Маънавият: миллий умуминсоний қадриятлар. -Тошкент: Ўзбекистон, 1997; Шоумаров Ғ. Бир минг бир саволга психологнинг бир минг бир жавоби. -Тошкент: Меҳнат, 2000; Ќурбонов Ш., Сеитхалилов Э., Ќуронов М., Аћлиддинов Р., Мажидов Н. Миллий истиќлол ѓоясини шакллантиришда ташкилий-услубий ёндашувлар (Кадрлар тайёрлаш миллий дастури вазифалари доирасида). - Тошкент: Академия, 2002; Қурбонов Т. Ота бўлиш осонми: ёҳуд ўғил болаларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг маънавий-педагогик асослари. -Тошкент: Маънавият, 2007; Ќурбонов Ш. Сейтхалилов Э. Ответственность образования в предупреждении и преодолении вызовов современности. -Тошкент: Академия, 2003; Ғозиев Э. Психология. -Тошкент: Ўқитувчи, 2003; Ҳасанбоева О. Одобнома: 1-4 – синфлар учун ўќитиш методикаси. -Тошкент: Билим, 2003.
[9] Қаранг: Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. – Б. 126-127.
[10] Убеждение. Психология. Словарь. /Под общ. ред. А.В. Петровского, М.Г.Ярошевского. –2-е изд., испр. и доп. – М.: Политиздат, 1990. – С. 413.
[11] Hozirgi o‘zbek tili so‘zlarining izohli lug‘ati /A.Nurmonov, S.Zaynobiddinov va boshq. – T.: Sharq, 2001. – Б.59.
[12] Эътиқод //Миллий истиќлол ғояси: асосий тушунчалар, тамойиллар ва атамалар. /Қисқа изоҳли тажрибавий луғат. – Т.: Янги аср авлоди, 2002. – Б. 173-174.
[14] Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўѓрисида (янги таћрири). Ўзбекистон Республикасининг Ќонуни. – Т.: Адолат, 1998.
















