Our address

Tashkent Islamic University

International Cooperation Dept.

Head: Mr.: Khamidbek Khasanov

e-mail: tiuxab@mail.ru info@tiu.uz

tel.: +998-71-2449593

tel.: +998-71-2449593

fax.: +998-71-2440065

A.Kadiri 11, 100011,

Tashkent, Uzbekistan

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner

 

 

Все о погоде - Pogoda.uz

www.dc.uz

 

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

 

Ислом манбаларида диний экстремизм ва

терроризмга қарши кураш масалалари

Терроризм муаммоси XX асрнинг охири, айниқса унинг сўнгги ўн йилида халқаро жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Терроризм Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, кўплаб минтақавий, халқаро, нодавлат ва жамоатчилик ташкилотлари, қонунчилик ва ижроия, ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус хизматлари учун ўта муҳим муаммога айланди. Шу боис, ушбу муаммонинг келиб чиқиш сабаб ва илдизлари сиёсатшунос, ҳуқуқшунос ва бошқа фанлар вакиллари томонидан ўрганилмоқда.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ғоят мураккаб, кўп қиррали ислом дунёсининг ажралмас қисмидир. Сир эмаски, дунёда етарли даражада расмий ва норасмий ҳаракатлар мавжуд. Улар ё исломнинг устунлигини тан олиш, ёки бошқача айтганда, барча динларга нисбатан муросасизлик, ёхуд исломдан тор миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг асоси сифатида фойдаланиш мақсадини маҳкам тутган ҳолда, исломни ўз сиёсий режаларига бўйсиндирмоқда[1].

Кадимги манбаларда суиқасдлар, доҳийлар ва ҳукмдорларнинг ўлдирилиши,  тахдидлар хавфи остида бирон-бир ҳаракатни содир этиш ёки тож-тахтдан воз кечишга мажбурлашлар батафсил ёритилган. Уларнинг кўпчилигини ҳозирги замон тушунчасидан келиб чиқиб, терроризм ва экстремизм сифатида таснифлаш мумкин. Мисол тариқасида араб босқинчиларига қарши курашган хоразмлик шаҳзода Ҳурзоднинг, Мовароуннаҳр султони Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилишини келтириш мумкин. Мирзо Улуғбекнинг ўлими Шайбонийлар сулоласининг хокимиятга келишига замин яратган. Бундай мисоллар нафақат Мовароуннаҳрда,  балки Шарқда, Европада ҳам ўзининг қонли изларини қолдирган. Масалан , Миср Араб Республикасида Анвар Садатга, Ҳиндистонда Индира ва Раджив Гандиларга нисбатан террорчилик ҳаракатлари уюштирилган. Афсуски, бундай ҳаракатлар давлатни эгаллаш мақсадида турли кўринишларда ҳалигача давом этиб келмоқда.

Сўнги йилларда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва тоифаларга тўхталсак. Улар диндан фойдаланиб, ғаразли мақсадларни кўзлаган холда жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамларнинг ноҳақ қони тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ ва диндорлар орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа» деб эълон қилган ҳолда бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар. Энг ёмони, улар ўз хатти-ҳаракатларини асослаш мақсадида ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларича тафсир ва таъвил қилмоқдалар.

Ислом дини ҳар қандай оғир шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Шу ўринда мукаддас манбаларга мурожаат  қилайлик: « ... Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир»[2].

Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади. Масалан: «Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни (тажовузкорларни) ёмон кўргай»[3].

XX аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм,  ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш, талқин этиш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди.  У кимнинг ва  ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс  жавобгар ҳисобланиб, тегишли  жазога тортилиши шарт.

Шу ўринда Миср  Араб Республикаси  пойтахти Қоҳира шаҳридаги “ ал-Азҳар” университети Шариат ва қонун факультети умумий ҳуқуқ йўналиши мудири доктор Муҳаммад Абдулмунъим Абдулхолиқ “ Террорчилик жиноятлари: диний ва ҳуқуқий ёндашув” деб номланган монографиясида  диний экстремизм ва террорчилик, мутаассиблик хусусида шундай фикр билдирган: “... бу гуруҳлар қотиллик, бегуноҳларнинг қонини тўкиш, уларга қарши бўлганларни менсимаслик, оёқ ости қилишни гуноҳ деб ҳисобламайдилар. Улар қоронғуга беркиниб олиб, ўзлари тарбия кўрган жамиятга ҳужум қилишга тайёрланадилар. Бунинг сабаби улар жамиятни исломдан олдинги жоҳилия даврида яшаяпти, кофирлар яратган қонунларга амал қилганликлари учун бошлиқлари ҳам, уларга эргашганлари ҳам кофир, Европанинг илм-фани йўқолсин, Европанинг маданияти йўқолсин, деб нотўғри хулосага келганликларидир. Уларнинг эътиқоди бўйича бу жамиятни молу дунё, ёмонлик, шаҳватпарастлик ва бўлмағур орзуларга берилиш каби иллатлар билан суғорилган моддий олам бошқармоқда. Шу эътиқод уларга дунёнинг турли жойларида фитналар уюштириш, очкўзлик, кек сақлаш, сотқинлик, хиёнат, бошқаларнинг манфаатини ўйламаслик каби жиноятларни содир этиш имконини беради.

Мутаассиблик терроризм дегани эмас. Орадаги фарқи шундаки, мутаассиблик фақат ўз услублари билан жамиятнинг диний ва ахлоқий эътиқод ҳамда урф-одатларига зид мақсадларни илгари суради, аммо ҳуқуқий жиноят доирасига кирмайди, яъни қонунни бузмайди. Чунки қонун фикр ва ғояларни, модомики маълум бир жиноят кодексларига зид бўлмас экан, жиноят ҳисобламайди. Қонун ҳамма ахлоқий харакатларга ҳам жазо белгиламайди. Қонун ва ахлоқ бир-биридан ажратилган ва бир-бирига мувофиқ бўлмаган доиралардир. Ахлоқсизликларнинг ҳаммасини ҳам қонун  нуқтаи назарида жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди. Мутаассиблик ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, диний ёки жиноий бўлиши мумкин”[4].

Юқорида билдирилган фикрга асосланиб, ҳозирда  айрим мутаассиб гуруҳларнинг фаолиятларига нисбатан барча мусулмонлар учун муқаддас хисобланган  манбада келтирилган оятларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.

“Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”[5] .

Мазкур оятда фикримизча биринчи навбатда инсон Аллоҳ яратган одам ҳаётига қасд қилмаслиги, агар у қай тарзда бўлишидан қатъи назар бегуноҳ одамни ўлдирса, содир этган жинояти учун жаҳаннамда абадий қолиши таъкидланиб, жазонинг муқаррарлиги қайд этилади.  Шундай экан, бирон бир  инсон ўзганинг жонига қасддан тажовуз қилмаслиги  муқаддас ояти каримада  таъкидланганлигининг гувоҳи бўламиз. Миллий қонунчилигимиздан келиб чиқиб мазкур оятни талқин қилсак,  Ўзбекистон Республикасининг асосий қомуси Конституциянинг “ Инсон ва фуқароларнинг шаҳсий ҳуқуқ ва эркинликлари бобидаги 24—25-моддаларида яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик кафолатланиб, шу кафолатлар асосида амалдаги Жиноят Кодексининг 97- моддасида қайд этилишича қасддан одам ўлдириш ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш эса, яъни: а) икки ёки ундан ортиқ шахсни; г) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини; д) бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда; е) оммавий тартибсизликлар жараёнида; ж) ўта шафқатсизлик билан; к) миллий ёки ирқий адоват замирида; м) диний таассублар замирида; о) бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида; п) бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилса, ўн беш йилдан йигирма беш йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш  жазолари белгиланган.

Қуръони каримда таъкидланишича, “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” [6] .

Бу ояти каримада ҳам инсон биринчи навбатда яратиш, комиллик сари  интилиши, шу билан бирга, ўзидан кейинги авлодларга  ҳалол меҳнати орқали орттирган обрў ва эътибори, маънавий ва моддий бойликлари, фарзандларининг яхши амаллари билан ном қолдириши ҳақида фикр билдирилган. Бир вақтнинг ўзида инсон ўзи истиқомат қилган юртда бузғунчилик қилса, жумладан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 156, 159-4, 216, 242, 2441, 2442, 246-моддаларида кўрсатилган жиноий харакатлар учун беш йилдан 20 йилгача жавобгарликка тортилиши қайд этилган[7].

“10.Одамлар орасида шундай кимсалар (ҳам) борки, ўзлари: «Аллоҳга имон келтирдик», дейдида, сўнг Аллоҳ йўлида озорланса, одамларнинг (бу) фитналарини Аллоҳнинг азобидек билур. Қасамки, агар Раббингиз (томони)дан ғалаба келса, шубҳасиз улар: «Албатта, бизлар сизлар билан бирга эдик»,  дерлар. Ахир, Аллоҳ (барча) одамларнинг дилларидаги нарсаларни яхши билувчи эмасми?! 12. Кофир бўлганлар имон келтирганларга: «Сизлар бизларнинг йўлимизга эргашингиз, гуноҳларингизни биз кўтарурмиз»,  дейдилар. Ҳолбуки, уларнинг гуноҳларидан бирор нарсани кўтара олувчи эмасдирлар. Албатта улар ёлғончидурлар. 13. Албатта, улар ўзларининг юк (гуноҳ) ларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта, қиёмат кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғон)лари тўғрисида сўралурлар”[8].

Ушбу оятларга дунёвий қонунчилик назари билан қарайдиган бўлсак, биринчи навбатда, жавобгарликка тортилган  ақидапарастлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида «Аллоҳга имон келтирдик», дейишсада,  амалга ошираётган ҳаракатлари  бузғунчиликдан,  фитна-фасоддан иборат бўлиб, юртимиздаги осойишталикка рахна солишдан бошқа нарса эмаслигини инкор этиб бўлмайди. Албатта, бу ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилганларида улар,  биз Аллоҳ йўлида озорландик деб  қилган ғайриқонуний ҳаракатларини беркитишга уринадилар, аммо бу ҳаракатлар ва ёлғонлари учун қиёматда Яратган ҳузуридаги жавобгарликларидан хеч қачон қочиб қутилмасликлари бу инкор этиб бўлмайдиган хақиқатдир.

“У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқув солди. (Улардан) бир гуруҳни ўлдирурсиз, бир гуруҳни асир олурсиз”[9]. Бу оятда фирқаларга ёрдам берган, бузғунчилик ташкилотларига аъзо бўлган шахслар содир этган  жиноятлари учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан  амалдаги қонунчилик (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, виждон эркинлиги тўғрисидаги, Жиноий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар) асосида таъқиб остига олинишлари, уларнинг қидириб топилиши, суд ҳукмига кўра жиноятлари учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиб  озодликдан маҳрум этилишлари, айрим ҳолларда таъқиб жараёнида кўрсатган қаршиликлари учун жиноят жойида  отиб ўлдирилиши ҳеч кимга  сир эмас.

“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”[10].

Ақидапарастлар  содир этаётган жиноятлари учун жавобгарликка тортилар эканлар,  жамоатчиликни, расмий имом хатибларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларини  қоралаш мақсадида турли фисқу-фасодлар тарқатиб, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётир, виждон эркинлиги таъминланмаётир ва бизни ноҳақ қийноққа солишаяпти деган иддаоларни  тарқатишмоқда. Бу туҳматлар албатта  нотўғри эканлигини аслият исботлашига қарамай, бу бўҳтонларни четдан туриб уюштираётган ва қўллаб-қувватлаётганлар бу  дунёда қонун асосида жавобгарликка тортилишлари муқаррар бўлса, охират куни  тегишли жавобини берадилар.

“Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар”[11], “Лаънатга дучор бўлган ҳолларида, (у пайтда) улар қаерда топилсалар, ушланурлар ва қириб ташланурлар”[12]. Мазкур оятда ҳам, бевосита пайғамбаримиз давридаги бузғунчилик акс эттирилишига қарамай, бугунги кунда ҳам бу ҳаракатлар давом этмоқда. Жумладан, ақидапараст бузғунчилар, турли миш-миш тарқатиб юрувчилар ўз ҳаракатлари учун  жамиятда инкор этиладилар ва улар билан  биз  содир этган жиноятлари  учун  ёнма-ён тура олмаймиз ва амалдаги қонунчилик асосида улар ушланиб айрим ҳолларда қириб ташланурлар.

“Айтинг: “Биз қилган гуноҳ тўғрисида сизлар масъул бўлмассиз ва сизлар қилаётган амаллар тўғрисида бизлар масъул бўлмасмиз”[13]. Ҳар бир ақли расо инсон  ўз  ҳаракатларини ақлан тушуниб содир этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ҳуқуқимизга кўра, ҳар бир шахс аниқ содир этган ғайриқонуний ҳаракат учун жазонинг  муқаррарлиги суд ҳукмига кўра таъминланади. Ҳеч кимнинг ноҳақ айбланишига йўл қўйилмайди. Суд адолат принципларига асосланиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва аниқ далиллар асосида хукм чиқаради. Бу чиқарилган ҳукмнинг асослилиги назорат, кассация ва аппеляция тартибида юқори суд инстанциялари томонидан кўриб чиқилади. Шу билан бирга бир шахс содир этган жиноятга  бошқа шахс ёки унинг яқинлари (агар албатта жиноятга алоқадор бўлмаса) масьул бўлмайди ва жавобгарликдан озод этилади.

Юқорида  келтирилган фикрлар юридик жиҳатдан асосланган, лекин бу йўналишдаги масалаларга диний уламолар, олиму-фузалоларнинг фикрларини ақида асосида асосламасак фикримиз адолатдан йироқ бўлишини назарда тутган ҳолда, муқаддас калималар ва олимларимиз фикрларини келтирамиз.

Ақидапарастлик, терроризм, экстремизм каби иллатлар  Қуръон оятлари ва ҳадисларда “фасод” — “бузғунчилик”, “ғулу”, “чуқур кетиш”, “ъунф”— “зўравонлик” сингари иборалар билан ифода этилади.

Демак, ислом таълимотида бу борада муносабат белгиланган. Динда ўртача йўл тутиш тамойилидан четга чиқиш юқоридаги номлар билан аталиб, диндан оғиш сифатида қаралади.

Муслим ривоятига кўра, Пайғамбар (с.а.в.) “Ўртачалик чегарасидан чиққанлар ҳалокатга учрабдилар” деб уч марта айтган эканлар[14].

“Аллоҳ сизларга енгилликни истар ва қийинликни истамас”[15].

“Албатта дин енгилдир. Кимки, динни оғирлаштирса, дин унга ғолиб келади. Осонлаштиринг, яқинлаштиринг ва хушхабар беринг”[16].

“Динда чуқур кетишдан сақланинг. Сизлардан олдингилар динда чуқур кетишдан ҳалок бўлганлар”[17].

“Мусулмон учун ўз биродарини қўрқитиши ҳалол эмас”[18].

“Ким ўз биродарига темир нарса билан ўқталиб ишора қилса, уни фаришталар лаънатлайдилар”[19].

Ҳозирги кунимизда зўравонлик, ақидапарастлик каби тушунчалар терроризм ва экстремизм сифатида аталади. Халқаро ислом ташкилотлари ушбу ибораларга таъриф беришиб, Қуръони каримда зикр этилган бузғунчиликларнинг уларга мос эканлигини кўрсатишади.

Ислом олами уюшмаси Ислом фиқҳи кенгашининг Макка баёнотида терроризм қуйидагича таърифланади:

“Терроризм бу кишилар, жамоалар ёки давлатларнинг инсон дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкини тортиб олиш, йўлларда қўрқитиш, йўлтўсарлик қилиш, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари билан якка, ёки жамоавий тарзда жиноятчилик режасини амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш, ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол-мулкларини хавф-хатарга қўйишдир. Шу билан бирга, бунга яна атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки оммавий мулк, юрт ва табиий бойликларни хавф- хатарга қўйиш киради. Буларнинг барчаси Ер юзида фасод бўлиб, Аллоҳ Қуръони каримда мусулмонларни бу ишдан қайтарган: “Ер юзида фасод (бузғунчилик)ни истаманг. Албатта Аллоҳ фасодни ёқтирмас”[20].

Миср Ислом тадқиқотлари кенгашининг таърифига кўра, терроризм бу “бегуноҳ кишиларни қўрқитиш,  ҳаётлари учун зарур нарсаларни бузиш, моллари, эркинликлари, инсонийлик ҳуқуқларига Ер юзида фасод қилиш билан тажовуз қилишдир.

Бутунжаҳон ислом уламолар кенгаши раиси Юсуф Қарзовий шундай дейди: “Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) видолашув ҳажида қилган ваъзларида одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир. Исломда “мақсад воситани оқлайди” деган тамойил йўқ”[21].

Шайх Тантовий айтадики, “Терроризм ва диний экстремизм инсониятнинг жони ва мулкига қасд қилишдир”[22].

Юқоридаги далиллардан кўриниб турибдики, ислом манбаларида зўравонлик, бузғунчиликка эмас, балки инсонпарварлик, осонлик, енгиллик яратишга аҳамият қаратилади. Ушбу диний қадриятларни илмий нуқтаи назардан ўрганиш, уларни тушуниш кишиларнинг масъулиятлари ҳисобланади.

Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган  долзарб масала эмас, бу муаммога буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, унинг салбий оқибатларига ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериб келганлар. Жумладан, буюк аждодларимиздан бўлган жиззахлик Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний ўзининг милодий 1228 (ҳижрий 625) йилда ёзган “Китоб ал-фусул” асарида боғийлар, яъни бузғунчи, давлат ва жамиятга қарши чиққанлар хусусида кенг фикр юритган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар. Биз ҳам бу фикрга қўшилган ҳолда, юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир деган фикрдамиз.

Абдумутал Закурлаев,

Тошкент ислом университети

Ислом ҳуқуқи кафедраси доценти,

юридик фанлар номзоди, исломшунос.



[1] Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари. -Т.:  Ўзбекистон, 1998.  -Б.447.

[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -ТИУ нашриёт -матбаа бирлашмаси,

-Т.:  2004 . «Моида» сураси, 32-оят. (Бундан кейин Қуръони карим  маъноларининг таржима ва тафсири)

[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири . «Бақара» сураси, 190-оят.

[4] Муҳаммад Абдулмунъим Абдулхолиқ. Террорчилик жиноятлари: диний ва ҳуқуқий ёндашув. –Қоҳира, 1999.        -Б. 289.

[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Нисо сураси, 93-оят.

[6] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Қасас” сураси, 77-оят

[7] Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси. -Т.: Адолат, 2001. 408б.

[8] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Анкабут” сураси, 10, 12, 13-оятлар.

[9] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Аҳзоб” сураси, 26-оят.

[10] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Аҳзоб” сураси, 58-оят.

[11] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.  “Аҳзоб” сураси,  60-оят.

[12] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Аҳзоб” сураси, 61-оят.

[13] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.  Сабаъ» сураси, 25-оят.

[14] Имом Муслим. Саҳиҳ Муслим. -Байрут: Дор ал-маърифа.2005. 16-жуз, Илм китоби, 2-боб. -Б.437.

[15] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Бақара” сураси, 185-оят.

[16] Имом Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. -Дамашқ : Дор ал-улум ал-инсония, 1993. 28-боб. -Б.23.

[17] Имом Насоий. Сунан ан-Насоий.  –Ар-Риёд: Дор ас-салам лин-нашр ват-тавзиъ,1999. Ҳаж йўриқномалари китоби. 216-боб, 3059-хадис. -Б.420.

[18] Абу Довуд. Сунан. –Байрут:  Дор ал-юср ва дар  ал-Манҳаж, 2010. 5-жуз, Адаб китоби, 95-боб, 4965-хадис.           -Б.458.

[19] Имом Муслим. Саҳиҳ Муслим. –Байрут: Дор  ал-маъриф, 2005. 16-жуз. Яхшилик китоби, 35-боб. -Б.385.

[20] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Қасас” сураси, 77-оят.

[21] “Ислом онги” журнали. №437. -Қоҳира. Апрель. 2002 й.

[22] “Ислом онги” журнали. №437. -Қоҳира. Апрель. 2002 й.