Абу Шакур Ас-Солимийнинг ашъария таълимотига муносабати
Юртимиздан етишиб чиққан мутакаллим олимлар аҳли сунна вал-жамоанинг соф эътиқодий қарашларини баён қилиш билан бирга ўз давридаги турли адашган фирқа ва оқимларга ақлий ва нақлий далиллар воситасида раддиялар берганлар. Шунингдек, аҳли сунна вал-жамоанинг ақидавий таълимотларидан бири бўлган ашъария таълимотининг ҳам айрим қарашларига ўз муносабатларини билдириб ўтганлар. Мотуридия таълимоти асосчиси Абу Мансур ал-Мотуридийда (ваф. 944 й.) ашъария таълимотига нисбатан фикрлар учрамайди. Чунки бу даврда ашъария таълимоти ҳам, мотуридия таълимоти ҳам алоҳида ақидавий мактаб даражасига етмаган эди ва ушбу икки таълимотнинг ғоявий рақиблари, асосан муътазилийлар эди. Мотуридия таълимоти вакилларидан биринчи бўлиб Абул Йуср ал-Паздавийнинг (1030—1099 й.) ашъарияга нисбатан билдирган фикрларини учратишимиз мумкин. Чунки Паздавий ўз давридаги турли фирқа вакилларининг фикрлари билан яқиндан таниш бўлгани билан бир қаторда, Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг ҳам асарларини таҳлил қилган. Паздавий Ашъарийнинг асарлари ҳақида шундай фикр билдирган: “Бизнинг асҳобларимиз[1] “таквин” ва “мукавван” масаласида Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг фикрларини нотўғри деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун кимда ким Абул Ҳасан ал-Ашъарий хато қилган масалалардан воқиф бўлса ва унинг хатосини билса, унинг китобларидан фойдаланиши ва сақланишидан хавф йўқ. Чунки кўпгина уламоларимиз Ашъарий китобларини ўқиб турганлари сир эмас”[2].
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида эътироф этилганига қарамай, ушбу икки таълимот ўртасида ҳам ўзаро фарқ ва ихтилофлар мавжуд бўлган. Ҳатто кўплаб олимлар мазкур ихтилофли масалаларга бағишлаб китоблар ёзганлар. Масалан, ашъария вакили Тожуддин ас-Субкий (ваф. 1369 й.) “Табақот аш-шофиия ал-кубро” асарида шундай таъкидлаган: “Мен ҳанафий-мотуридийларнинг китобларини яхшилаб ўрганиб чиқдим ва биз билан ҳанафийлар ўртасидаги ўн учта ихтилофли масалаларни топдим. Бу ўн уч масалаларнинг олтитаси маънога оид, қолганлари лафзга оиддир. Лекин ушбу олтита маънавий масаладаги ихтилофлар мухолиф тарафни куфрга ёки бидъатга ҳукм қилмайди. Мен “Қасийда нуния” номли назмий рисоламда ушбу ихтилофли масалаларни жамладим ва бунга ашъарийларнинг ўзаро ихтилоф қилган масалаларини ҳам қўшимча қилдим”. Худди шу каби Камолиддин Аҳмад ал-Баёзий ал-Ҳанафий (ваф. 1672 й.)нинг “Ишорат ал-маром мин иборат ал-имом” асарида ашъария ва мотуридия ўртасидаги ихтилофлар сони элликта, Шайхзода Абдураҳим ибн Али (ваф. 1582 й.)нинг “Назм ал-фароид ва жамъ ал-фавоид фи баён ал-масоил аллатий вақоа ал-ихтилаф байнал-мотуридия вал-ашъария фил-ақоид” асарида қирқта ва “Қуррат ал-айн фи жамъ ал-байн” асарида йигирмата деб эътироф этилган.
Умуман олганда, XI—XII асрларга келиб ислом оламида муътазилийлар ва бошқа турли ақидавий таълимотларнинг инқирозга учраши натижасида ҳанафий-мотуридийлар билан шофиий-ашъарийлар ўртасида ҳам айрим ақидавий тортишувлар ва ихтилофлар кўзга ташланиши табиий ҳол бўлиб қолган эди. Бундай ҳолатни биз ашъарийлардан Имом ал-ҳарамайн ал-Жувайний, Фахриддин ар-Розий, мотуридийлардан эса Абул Муъин ан-Насафий, Нуриддин ас-Собуний ва Абу Шакур ас-Солимий каби олимларнинг асарларида учратишимиз мумкин.
Шундай олимлардан XI асрда юртимизнинг Кеш воҳасида яшаб ижод қилган аллома Абу Шакур ас-Солимий ал-Кеший[3] ўзининг “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асарида мотуридия таълимотининг эътиқодий масалаларини баён қилиш билан бир қаторда, ашъария таълимотига бўлган ўз муносабатини ҳам билдириб ўтган. Солимий ашъария таълимоти қарашларини баён қилар экан, “...бу масалага ашъарийлар мана бундай муносабатда бўлади, аҳли сунна вал-жамоа эса бундай муносабатда бўлади, бошқа фирқалар бундай муносабатда” деб таъкидлайди. Баҳс юритиш жараёнида ҳар бир фирқанинг эътиқодий қарашини зикр қилиб, ўша масалага оид уларнинг далил-ҳужжатларини келтириб ўтади ва мотуридийларнинг ҳам шу масала ҳақидаги далилларини зикр қилади ҳамда бошқа фирқаларнинг келтирган далил-ҳужжатларига мотуридийлар тарафидан туриб жавоб беради. Солимий ўз навбатида мазкур асарида қандай масалаларга эътиқод қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигига доир ақоид фанидаги меъёрларни ҳам батафсил баён қилган.
Солимийнинг фикрича, ашъария таълимоти вакиллари аҳли сунна вал-жамоа таркибига кирмайди. Шу нуқтаи-назардан ашъария таълимотининг баъзи эътиқодларини хато, яна баъзиларини бидъат деб баҳолайди[4]. Аммо шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ўтган асрларда ҳам, ҳозирги даврда ҳам баъзи олимлар мотуридия ва ашъария ўртасида фақатгина лафзий фарқларни эътироф этганлар.
Солимий ўндан ортиқ эътиқодий масалаларда ашъария таълимотига ўзининг эътирозларини билдириб ўтган. Қуйида шу эътирозлардан айримларини келтирамиз:
– “Тамҳид” асарида келтирилишича, ашъарийлар эътиқоди бўйича, шариат даъвати етиб бормаган киши қайси динда ўлса ҳам, кофир ҳисобланмайди, агар бут-санамларга ибодат қилган бўлса ҳам узрли бўлади. Мотуридия эътиқоди бўйича: шаръий ҳукмларнинг вожиб бўлиши шариат даъватини эшитиш орқалидир. Лекин Аллоҳ таоло ва унинг ягоналигини таниш ақл воситасида далил келтириш билан ҳосил бўлади. Абул Ҳасан ал-Ашъарий ақлнинг Аллоҳни таниш воситаси эканлигини инкор этиб, Аллоҳни таниш ва шариат ҳукмларини билиш фақатгина шариат даъватини эшитиш орқали ҳосил бўлади. Бунда Аллоҳ яратган нарсаларга назар ташлаш (инсон ўз зеҳнидаги маълумотларни тўғри тартиблаш) ва тафаккур қилиш Уни танишга асос бўла олмайди, деб таъкидлаган[5]. Солимийнинг таъкидлашича, Абул Ҳасан ал-Ашъарий мазкур масалага ушбу тарзда ёндашганига сабаб, унинг ўзи аввал муътазилия фирқасига мансуб бўлган. Чунки муътазилия фирқаси яхши амаллар билан ёмон амалларнинг ўртасини ажратишда ақлни мутлақ ҳоким, яъни ақл нимани яхши деб билса, шу нарса шариатда буюрилиши керак ва ақл нимани ёмон деб топса, шариатда шу нарсадан қайтарилиши керак, деб ҳисоблаган. Абул Ҳасан ал-Ашъарий муътазилийларнинг бу масаладаги эътиқодларидан бутунлай воз кечиш маъносида ҳам юқоридаги фикрга келган бўлиши мумкин.
– Ашъария эътиқодига кўра, пайғамбарлар ва расуллар каби хос инсонлар хос фаришталардан ва авом (илмсиз, оддий) инсонлар авом фаришталардан афзалдирлар. Мотуридия эътиқодида пайғамбарлар ва расуллар каби хос инсонлар хос фаришталардан ва оддий фаришталар оддий инсонлардан афзалдирлар. Чунки оддий инсонлар ўртасида фисқ ва куфр каби қабиҳ амаллар содир бўлади. Аммо авом фаришталар тарафидан бу каби қабиҳ амаллар содир бўлиши мумкин эмас. Фаришталарда жинс, нафс бўлмайди, улар доимо Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан машғул бўладилар. Фаришталар Аллоҳ таолонинг маъсум бандалари ҳисобланади[6].
– Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг таъкидлашича, Аллоҳ таолонинг саккизта зотий сифатлари қадимийдир, улар: “ҳаёт”, “қудрат”, “илм”, “калом”, “самъ”, “басар”, “ирода” ва “қадим”. Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан бошқа сифатлари “қудрат” ва “илм” сифатлари тақозо қилувчи сифатлар жумласига киради. Қудрат сифати таркибига кирувчи сифатлар феълий сифатлар бўлиб, уларнинг барчаси қадимий эмас. Ашъарийлар ва карромийлар айтади: “Аллоҳ таоло махлуқларини яратмасидан олдин унинг “холиқ” деган сифати бўлмаган”. Солимий уларнинг бу эътиқодини хато деб баҳолайди[7]. Мотуридия эътиқодида Аллоҳнинг барча зотий ва феълий сифатлари азалийдир. Солимий айтади: “Мазкур масала бўйича ашъария таълимотига мансуб бир киши билан мунозара қилиб қолдим. У айтди: “Сиз, ҳанафийлар наздида таҳорат билан намоз ибодати шундан иборатки, бирларингиз сув оқадиган тарнов остида туриб олиб юзи ва икки қўлини тирсагигача ва икки оёғини намласа, сўнгра кабутарнинг тезагини тўшаб ва унинг устига чиқиб форсча (намознинг битта рукни бўлган такбири-таҳримани адо қилиш учун) “Худойи бузруг” деса ва бир оятни, яъни “ مُدْهَامَّتَانِ (Мудҳамматан)”[8] оятини форсча “Барги сабз” деб қироат қилса, сўнг сукут қилган холда рукуъ ва сажда қилса ва ташаҳҳуд миқдорича ўтирса, мана шу сизларнинг ҳузурингизда намоз ибодати ҳисобланади. Яна сизлар, ушбу масалаларда Абу Ҳанифага ва унинг асҳобларига эргашдик, деб даъво қиласизлар”. Солимий бу ашъария вакилининг юқоридаги эътирозларига жавоб бериб айтади: “Сиз, ашъарийлар Аллоҳ таоло махлуқларни яратмасидан олдин холиқ, раззоқ ва маъбуд бўлмаган ва ҳозирда Аллоҳ таоло ғофур, яъни гуноҳларни кечирувчи, мусиб – савоб берувчи, муоқиб – жазо берувчи эмас, Расулуллоҳ (с.а.в) бугунги кунда ҳам ва ваҳийдан олдин ҳам расул бўлмаган ва гуноҳ билан мўминларнинг имони камаяди деб эътиқод қиласизлар. Сизларнинг бу эътиқодингиз бўйича, Аллоҳ таоло олдин рабб ва маъбуд бўлмаган, сўнг рабб бўлган ва Расулуллоҳ (с.а.в) ваҳийдан олдин расул бўлмаган, сўнгра расул бўлган ва вафотларидан кейин расулликдан четлатилган ҳамда мўъмин кишининг имони кулиш ва шу каби амаллар билан камайиши мумкин бўлиб чиқади. Сизларнинг мана шу нотўғри эътиқодларингиз юқорида фаръий масалалар бўйича бизга билдирган эътирозларингизга жавоб бўлишга кифоя қилади”[9]. Бундан кўринадики, Солимийга ҳанафий мазҳабида ибодатдаги фаръий масалаларда, яъни таҳоратда ният қилиш фарз эмас, гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги нажас эмас, намозда энг камида бир оят миқдорида қироат қилиш фарз ва Имом Абу Ҳанифа наздида форсча қироат қилиш мумкин деган масалаларда эътироз билдирилган. Ваҳоланки, мазкур масалаларнинг далиллари фиқҳий китобларда батафсил келтирилган. Аллома ҳам ашъария таълимотига мансуб кишининг эътирозларига жавобни: “Сизларнинг бизларга нисбатан билдираётган фаръий масалалардаги эътирозларингизга қуйидаги нотўғри эътиқодларингиз кифоя қилади”, деб қисқача қилиб айтади. Маълумки, ислом шариатида ижтиҳодга лойиқ бўлган мужтаҳид фаръий масалаларда хато қилса ҳам, ҳақиқатни топиш мақсадида қилган ижтиҳодига бир савоб берилади, диннинг асослари бўлган эътиқодий масалаларда ижтиҳод қилиш мумкин эмас ва хато қилган кишининг хатоси ҳам кечирилмайди[10].
– Ашъарийлар фикрича, пайғамбар ва расуллар ваҳийдан олдин пайғамбар ва расул бўлмаганлар ва куфрдан бошқа гуноҳ ишлардан маъсум бўлмаганлар. Шунингдек, вафотларидан кейин ҳам пайғамбар ва расул бўлмайдилар. Солимий ашъарийларнинг бу эътиқодига қуйидагича эътироз билдиради: “Агар пайғамбарлик гуноҳ ва хато билан завол топиши жоиз бўлса, имон билан куфрнинг ўртасида фарқ қолмайди. Чунки пайғамбар бўлмаган кишини пайғамбар деб имон келтирадиган киши кофир бўлади ва ўз навбатида пайғамбар бўлган кишининг пайғамбарлигини инкор қилган киши ҳам кофир бўлади. Уларнинг бу эътиқодига кўра битта шахс пайғамбар бўлган вақтида унга имон келтириш ва пайғамбарликдан четлатилган вақтда уни инкор қилиш вожиб бўлади”[11].
– Абул Ҳасан ал-Ашъарий айтади: “Биз Аллоҳ таолони Расулуллоҳ (с.а.в) орқали таниймиз”. Мотуридия уламолари айтади: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в) ни Аллоҳ таоло орқали таниймиз, яъни Расулуллоҳ (с.а.в)га Аллоҳ таоло ато қилган мўъжизалар воситасида у зотнинг хақ расул эканига эътиқод қиламиз”. Солимий бу ўринда қуйидаги ривоятни келтиради: “Ҳаммод ибн Аби Ҳанифа отасидан сўради: “Биз Аллоҳни Муҳаммад (с.а.в.) воситасида таниймизми ёки Муҳаммад (с.а.в.)ни Аллоҳ воситасида таниймизми?” Абу Ҳанифа ўғлидан “ўзинг нима дейсан?” – деб сўраганида, ўғли Ҳаммод жавоб берди: “Менинг қалбимда шундай фикр туғилдики, биз Аллоҳни Муҳаммад (с.а.в.) воситасида таниймиз, чунки у зот бизларни шунга далолат қилган”. Абу Ҳанифа айтади: “Бу хато фикрдир. Биз Муҳаммад (с.а.в.)нинг пайғамбар эканини Аллоҳ воситасида танидик. Бунинг далили шуки, кофирлар расулуллоҳни танимадилар, шунинг учун инкор қилдилар. Лекин улар бир яратувчиси борлигини биладилар, шунинг учун баъзилари санамларни илоҳ қилиб олган бўлсалар, баъзилари қуёш, ой ва юлдузларни илоҳ қилиб олганлар. Баъзилари, бу нарсалар Аллоҳнинг ҳузурида шафоатчиларимиз бўлади, дейдилар. Шундан маълум бўладики, улар Аллоҳни танийдилар, Расулуллоҳни эса фақатгина мўъжиза билангина эътироф этадилар. Мўъжиза эса Аллоҳ таоло тарафидан берилади. Шунинг учун Расулуллоҳни мўъжиза сабабли Аллоҳ воситасида танийдилар”[12].
– Ашъарийлар ва муътазилийлар муқаллиднинг имонини тўғри деб ҳисобламайдилар. Мотуридияда эса, агар муқаллидда тасдиқ бўлса унинг имони саҳиҳ ҳисобланади. Абу Шакур ас-Солимий айтади: “Қози Шайхул-ислом Абу Саид ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Санжарий ал-Балхийнинг “тақлид қилувчининг имони имон ҳисобланадими ёки йўқми?” деган фатвога ўз қўли билан ёзган жавобини кўрдим. Қози айтади: “Аллоҳ таолони танишда бирон киши тақлид қилмаган, чунки Аллоҳ таолонинг борлигига далолат қилувчи далиллар жуда кўп. Ашъарийлар айтади: Банда Аллоҳ таолони барча сифатлари билан таниса тақлид чегарасидан чиқади”[13].
– Ашъарийлар имонда истисно қилишни тўғри деб биладилар. Яъни уларнинг эътиқодига кўра, “мен агар Худо хоҳласа, мўминман”, дейилади. Мотуридияда имонда истисно қилинмайди ва “Мен айни дамда ҳақиқатан мўминман”, деб айтиш тўғри бўлади.
– Жабарийлар, ашъарийлар ва мутақошшифа фирқалари, тоқатдан ортиқ нарсани таклиф қилиш (юклаш) тўғри, дейдилар. Бунга “Наҳл” сураси, 90-оятни далил қилиб келтирадилар:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإحْسَنِ
Маъноси: Албатта, Аллоҳ адолатга ва эзгу ишлар қилишга буюради.
Уларнинг таъкидлашларича, Аллоҳ ушбу ояти орқали бандаларини адолат қилишга буюрмоқда ва “Нисо” сураси, 129-ояти орқали эса, адолат қилиш тоқатдан ортиқ нарса экани таъкидланмоқда:
وَلَنْ تَسْتَطِيعُوا أَنْ تَعْدِلُوا بَيْنَ النِّسَاءِ
Маъноси: Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатли (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз.
Ашъарийлар юқоридаги икки оят орқали шариатда инсоннинг тоқатидан ортиқ ишга ҳам таклиф қилиниши мумкин, деган ақидани илгари сурганлар. Солимий ашъарийларнинг бу эътиқодлари ҳам нотўғри эканини ақлий ва нақлий далил-ҳужжатлар орқали исботлаб берган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Абу Шакур ас-Солимий ўз давридаги бошқа фирқалар билан баҳслар олиб бориш билан бир қаторда, ашъария таълимотини уларнинг асарлари орқали ўрганиш билан чегараланмасдан, бевосита ашъарийлар билан ҳам илмий баҳс-мунозаралар олиб борган. Демак, Солимийнинг “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асарини мотуридия таълимотини ҳимоя қилувчи асар сифатида баҳолаш ўринлидир. Шунингдек, бу асар бугунги кунда пайдо бўлган айрим экстремистик кайфиятдаги адашган оқимларга қарши курашда ҳам катта аҳамият касб этиши табиий.
[1] Бу ерда IХ асрнинг иккинчи ярми — Х асрнинг биринчи ярмида яшаган катта ҳанафий уламолари назарда тутилмоқда.
[2] Аҳмад ибн Авдуллоҳ ал-Ҳазбий. Ал-Матуридия: дирасатан ва тақвиман. – Ар-Риёд: Дор ас-самиий, 2000. – Б. 116.
[3] Примов С. Ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид” китобида ақл тушунчаси // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – 2009. – № 2. – Б. 102-105.
[4] Солимий Абу Шакур. Ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид. Самарқанд. Демурф матбааси. 1908. – Б. 117. (Бундан кейин: Солимий. Тамҳид).
[5] Солимий. Тамҳид. – Б. 27.
[6] Солимий. Тамҳид. – Б. 35.
[7] Солимий. Тамҳид. – Б. 38.
[8] “Ар-Роҳман” сурасининг 64-ояти.
[9] Солимий. Тамҳид. – Б. 124.
[10] Мулла Жийван ал-Ҳиндий. Нур ал-анвор. – Қозон: 1906. – Б. 245.
[11] Солимий. Тамҳид. – Б. 141.
[12] Солимий. Тамҳид. – Б. 181-182.
[13] Солимий. Тамҳид. – Б. 143.




















