Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner

 

www.dc.uz

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

 

Мўғуллар даврида тафсир илми ва муфассирлар

Мўғуллар истибдоди юртимиз учун қанчалик вайронкор бўлмасин, илму фан, маданият, дину диёнатни аждодларимиз маънавияти ва онгидан йўқота олмади. Ўша даврда ҳам илмий-бадиий асарлар яратилиб, кейинги авлодга етказилди, китоблар таълиф этилиб, шогирдлар чиқарилди ва энг эзгу ахлоқий қадриятларни сақлаб қолинди. Натижада, мўғул ҳукмдорларининг ўзлари ҳам бу юксак маданият ва ахлоқ олдида бош эгишга мажбур бўлдилар. Ана шундай даврда биргина Мовароуннаҳрнинг ўзида Қуръон тафсири билан махсус шуғулланган ўнлаб олимлар етишиб чиққани ҳозирда маълум бўлмоқда.

— XII асрнинг иккинчи XIII асрнинг биринчи ярмида яшаган хоразмлик фақиҳ, муфассир, наҳвшунос, тилшунос ва арузшунос олим Абул Ҳасан Али ибн ал-Ироқ ас-Синорий 555/1160 йилда Хоразмда таваллуд топган бўлиб, бир қанча илмларни ўрганган. Тафсирга оид «Шамāҳир ад-дурар фҝ тафсҝр ал-Қур’āн» («Қуръон тафсиридаги дурлар шодаси»), фиқҳга доир «Фаǜл ал-видоайн ал-мунтази ан китāб танзҝҳ аш-шариа» («Шариат софлигини таъминлаш китоби ҳақидаги икки ажратилган келишувнинг фазилати») каби асарлари мавжуд[1]. Ул зот Хоразмнинг Мазонада қишлоғида 617/1220 йилда вафот этган.

— Абул Жанноб Нажмуддин Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ар-Розий ал-Ҳайвақий (540/1145-618/1221) хивалик сўфий, фақиҳ, муҳаддис ва муфассир олим бўлиб, Хоразмда илм олган, тариқатга оид билимларни ўрганган ва тасаввуфнинг пири комили даражасига етишган. Унинг асарлари орасида «Тафсҝр ал-Қур’āн ал-карҝм» (12 жилдли Қуръони карим тафсири), «Рисāла ал-ңā’им ал-хā’иф мин лавма ал-лā’им» («Маломатчиларнинг маломатларидан қўрқувчи овворалар ҳақида рисола»), «Рисāла ат-турһқ» («Тариқатлар ҳақида рисола»), «Фавāтиң ал-жалāл ва фавā’иң ал-жамāл» («Жалолнинг остоналари ва Жамолдан уфураётган хушбўй атирлар») кабилари мавжуд[2].

— XIII асрда яшаб ижод этган самарқандлик фозил имом, дея танилган фақиҳ, муфассир, муҳаддис, мутакаллим, жадал (баҳс-мунозара) ва усул илмлари олими Ҳисомуддин Муҳаммад ибн Усмон ибн Муҳаммад (VII/XIII аср) ал-Улёбодий. Манбаларда унинг 628/1231 йилда ҳаёт бўлгани айтилади. Устозлари орасида Маждиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Устуршоний зикр қилинади. Ал-Устуршоний орқали унинг устозлари силсиласи қуйидагича: ал-Устуршоний – Заҳируддин Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бухорий – аз-Заҳир ал-Ҳасан ибн Али ал-Марғилоний – ал-Бурҳон ал-Кабир Абдулазиз ибн Умар ибн Моза – Шамсул аимма ас-Сарахсий – Шамсул аимма ал-Ҳалвоий – Абу Али ан-Насафий – Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл – ас-Субазмуний – Абу Абдуллоҳ– Абу Ҳафс ал-Бухорий – Имом Муҳаммад – Имом Абу Ҳанифа.

Унинг бир қанча шогирдлари бўлиб, улар орасида «ал-Фуǖһл ал-имāдия» асари муаллифи Абдураҳим ибн Имодиддин ҳам санаб ўтилган[3].

Олим 628/1231 йилнинг ражаб ойида «Матла ал-ма‘āнҝ ва манба ал-мабāнҝ фҝ-т-тафсҝр ал-Қур’āн» («Қуръон тафсири ҳақидаги дастлабки маънолар ва асосий манбалар») номли бир неча жилддан иборат тафсирни ёзишга киришган. Мазкур тафсир қуйидагича бошланади:

الحمد لله الذي انزل القرآن هدى وبيانا الخ

Мазмуни: «Қуръонни ҳидоятга чорловчи ва баён этувчи қилиб нозил қилган Аллоҳ таолога барча ҳамду санолар бўлсин».

Фатвога бағишланган «Кāмил ал-Фатāвā» («Фатволар бўйича мукаммал асар»), ислом ҳуқуқшунослигига оид «Фавā’ид ал-фиқҳ» («Фиқҳдаги фойдалар»)[4] асарлари ҳам маълум ва машҳур бўлган.

Муҳаққиқ ва фозил олим Жамолиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмий аш-Шофиий (ваф. 635/1238 й.). Ўзи шофиий мазҳабига мансуб, хоразмлик бу олим тафсирга доир «Мултақāт ал-ма‘āлим фҝ-т-тафсҝр» асарини ёзган. Муфассир олимлар ҳаёти ва ижодига бағишланган «Табақāт ал-муфассирҝн» китобида айтилишича, ал-Хоразмийнинг мазкур асари олимлар орасида бениҳоя қадрланади. Ҳатто кўплаб муфассирлар унга таянадилар ҳамда ундан ривоятлар келтирадилар[5].

Сирожиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдулмажид ал-Қарнабий аз-Зоҳидий улуғ имом, ҳофиз, муфассир, муфтий, воиз, чуқур тадқиқ ва таҳқиқ этувчи олим бўлган[6]. Олимлар аз-Зоҳидий шаънини юксак қадрлаб, ҳатто унинг замонасида у билан ҳанафий мазҳабининг буюк илмий салоҳияти якун топган, ҳам дейишган. У Бухорода Шамсул аимма ал-Кардарийдан таълим олган ва ўзи ҳам кўплаб илм толибларига сабоқ берган. Жумладан, «ал-Қания» асари муаллифи Мухтор аз-Зоҳидий ва «ал-Ңақā’иқ ал-манǜума»нинг шарҳи муаллифи Маҳмуд каби олимлар ундан илм олганлар[7]. Сирожиддин аз-Зоҳидий Бухорода 656/1258 йил рамазон ойида вафот этган ва Калобоздаги «Жаннат» қабристонида дафн этилган[8].

Абул Маҳомид Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Довуд ал-Луълуий ал-Афшанжий ал-Бухорий (627/1230-671/1272) етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, мутакаллим, адиб, усулшунос олим бўлган. У Бухорода 627/1230 йилда туғилган.  671/1272 йилда мўғулларнинг Бухорога қилган босқини пайтида қатл этилган[9]. «Ал-Жавāҳир ал-муǘиа» асарида айтилишича, унинг жасади қатл этилганлар орасида топилмай қолган[10].

Абул Маҳомид ал-Афшанжий калом ва жадал илмларида моҳир бўлган. Ал-Марғилонийнинг шогирди Бурҳонул ислом аз-Заранжарий, бундан ташқари Муҳаммад ибн Абу Жаъфар ат-Термизий[11], Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдулмажид ал-Қураший, Сирожиддин Муҳаммад ибн Аҳмад, Бадриддин Хоҳар зода Муҳаммад ибн Маҳмуд, Шамсул аимма Муҳаммад ал-Кардарийнинг шогирди Ҳамидиддин Али аз-Зарир каби буюк устозлардан таълим олган. «Ал-Манзума ан-Насафия»ни шарҳлаб «Ңақā’иқ ал-манǜума» асарини ёзган. Мазкур асар кўплаб олимларнинг эътиборига тушиб, мутолаа қилинадиган манбага айланган[12].

— «Ал-Бурҳон ан-Насафий» номи билан машҳур бўлган, муҳаддис, муфассир, мутакаллим, ҳаким, усул олими, фозил имом саналган Абул Фазоил Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ҳанафий. Тахминан 600/1204 йилда таваллуд топган. Илмул хилофга оид «ал-Муқаддима фҝ-л-хилāф» ва «Талхҝǖ ат-тафсҝр ал-кабҝр» («Фахриддин ар-Розийнинг катта тафсири талхиси») асарлари мавжуд[13]. Унинг яна «ал-Фуǖһл фҝ-л-жадал» («Диалектика фасллари»), «Матла ас-са‘āдат» («Саодат гулшани»), «Шарң ал-ишāрāт ли Ибн Сино фҝ-л-мантиқ ва-л-ңикма» («Ибн Синонинг мантиқ ва ҳикматга оид ишоралар асарининг шарҳи»), «Шарң ар-рисāла ал-қудсия би алтихā ал-бурҳāния ли-л-Ғаззāлҝ» («Ғаззолийнинг муқаддас рисола асарига шарҳ»), «Шарң манша ан-наǜар фҝ-л-мантиқ» («Мантиқ илмида нуқтаи назарнинг шаклланиши масаласига шарҳ»), «Шарң қистāс ал-мизāн фҝ-л-мантиқ» («Мантиқ илмидаги энг адолатли мезон асарига шарҳ») каби асарлари ҳам мавжуд[14].

684/1285 йилда Имом ал-Барзолийнинг илм беришига ижозат берган. Олим Боғдодга бориб, 687/1289 йилнинг зул ҳижжа ойида вафот этган. Имом аз-Заҳабий ал-Фавтийдан ривоят қилиб, уни қиёсий ҳуқуқшунослик ва фалсафада замонасининг ёлғиз тақводор олимларидан эди ҳамда у 687/1289 йилда вафот этган, дейди[15]. Абдулҳай ал-Лакнавийнинг «ал-Фавā’ид ал-баҳия» асарида айтилишича, олимнинг илми каломга оид мазкур асари «ал-Ақā’ид ан-Насафия» номи билан машҳур бўлиб, уни ат-Тафтазоний шарҳлаган (аз-Зарқоний ва бошқалар айтган). Машҳур «Кашф аǜ-ǜунун» асарида эса, у 538/1144 йилда вафот этган Абу Ҳафс Умар ан-Насафий дейилган[16].

Ал-Жомий айтади: Али ал-Қори унинг вафотини 689/1290 йил деб беради[17]. Имом аз-Заҳабий эса, унинг вафотини 684/1286 деб беради. Муаррих олимлардан ал-Ёфиий, ибн ал-Имод ҳам худди шу маълумотни ривоят қиладилар. Лекин 687/1289 йилда вафот этгани тўғрисидаги маълумот тўғрироқдир ва барча манбалар ҳам шу санани кўрсатади. Дафн этилган маскани Хайзуронийада бўлиб, Абу Ҳанифа мақбараси қуббаси остидадир[18].

Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср Ҳофизуддин ал-Кабир ал-Бухорий 615/1218 йилда Бухорода туғилган. У бир қанча илмлар соҳиби, улуғ шайх сифатида танилган. Ундан Ҳисомуддин Ҳусайн ас-Сиғноқий, Аҳмад ибн Асъад ал-Харифъаний, Абдулазиз ибн Аҳмад ал-Бухорий, Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Бухорий, Шамсиддин Маҳмуд ал-Калобозий ал-Фарзийлар илм олганлар. «ал-Жавāҳир ал-муǘиа»да ёзилишича, Шамсул аимма ал-Кардарий ва Абул Фазл Абдуллоҳ ибн Иброҳим ал-Маҳбубийдан таълим олган[19]. 693/1294 йил шаъбон ойида вафот этган ва Калобозда отаси олдида, Имом Абу Бакр ибн Тархон қабрига яқин жойда дафн этилган. Али ал-Қорий уни имом, раббоний илмларини билувчи олим, зоҳид, тақводор обид, турли илмларни ўзида жамлаган фақиҳ, мударрис, фозил, қози, етук муҳаддис, нозик муфассир, дея сифатлайди.

Олимлар томонидан шайх, пешқадам аллома, ер аҳлининг устози, илоҳий калом таржимони, фиқҳ ва усул ал-фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмлари меросхўри, муҳаққиқ олимларнинг машҳури, дея таърифланган Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий. Насафлик бу олим серқирра илм соҳиби бўлган ва бизгача ислом ҳуқуқи, ақида, тафсир соҳасига оид 13 та асари етиб келган. Уларнинг аксарият қисми нашр этилган бўлиб, узоқ йиллардан бери дарслик сифатида ўқитиб келинмоқда. Улардан «Тафсҝр ан-Насафҝ» ҳанафий мазҳабига оид энг мўътабар ақлий тафсирлардан саналиб, қайта-қайта чоп этилган ва юртимиз ҳамда хорижий диний таълим муассасаларида ўқитилади. Ан-Насафий 710/1310 йилда вафот этган.

Бир қанча илмларда моҳир бўлган олим Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Бухорий. У ўз амакаси Муҳаммад ал-Моймарғий ҳамда Ҳофизуддин ал-Кабир Муҳаммад ал-Бухорийдан илм ўрганган. Бу икки олим ҳам ўз навбатида Шамсул аимма ал-Кардарийнинг шогирдлари саналади. Алоуддиннинг Ҳофизуддин ал-Бухорий орқали устозлар силсиласи қуйидагича: Шамсул аимма ал-Кардарий – Бурҳониддин ал-Марғиноний – Нажмуддин Умар ан-Насафий – Абул Йуср Муҳаммад ал-Баздавий – Исмоил ибн Абдуссодиқ – Абдулкарим ал-Баздавий – Абу Мансур ал-Мотуридий – Абу Бакр ал-Жузжоний – Муҳаммад аш-Шайбоний – Абу Ҳанифа.

Ундан Қивомуддин Муҳаммад ал-Кокий, Жалолуддин Умар ибн Муҳаммад ал-Хаббозий ва бошқалар фиқҳ илмини ўрганганлар. Алоуддин ал-Бухорий 729/1329 йилда вафот этган[20]. «Ал-Кашф» асари муллифи олимнинг вафотини 730/1330 йил деб беради[21]. Лекин бу икки маълумот ўртасидаги фарқ катта бўлмай, деярли тафовут уйғотмайди.

Унинг эътироф этилган бир қанча асарлари мавжуд. Жумладан, «ал-Кашф ала тафсҝр ал-Кашшāф» («ал-Кашшоф»га тафсирини очиш»), «Кашф ал-асрāр» («Сирларни очиш»). Ушбу иккинчи санаб ўтилган асар усул ал-фиқҳ соҳасига оид «Уǖһл ал-Баздавҝ»нинг энг катта шарҳларидан бири бўлиб, у жуда фойдали ва маълумотлар кенг баён этилгани билан бошқаларидан ажралиб туради[22]. Олимнинг «Кашф ал-асрāр»дан кейин ёзилган яна бир китоби «ат-Таңқҝқ» бўлиб, у «ал-Мунтахаб ал-Ңисāмҝ»нинг шарҳи ҳисобланади. Мазкур асар «Ислом биноларини бир тартибга келтириб қўйган Аллоҳга ҳаму санолар бўлсин» дея бошланади. Олимнинг бу икки китоби ҳам усул ал-фиқҳ олимлари наздида мўътабар саналиб, уларга кўплаб мутааххир олимлар таянадилар.

— Содруш шариа номи билан танилган Убайдуллоҳ Содруш шариа ал-асғар ибн Масъуд ибн Тожуш шариа Маҳмуд ибн Содруш шариа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий (ваф. 747/1346 й.). У манбаларда фақиҳ, муҳаддис, муфассир, наҳв ва луғат олими, адиб, мутакаллим, қадри баланд, мавқеи улуғ, илм ва одоб билан озуқаланган, отасидан илмни мерос қилиб олган, имом, аллома, шариат қонунлари ҳимоячиси, фиқҳий масалалар муаммоларини ечувчи, усул ал-фиқҳ ва фуруъ ал-фиқҳнинг кучли билимдони, нақлий ва ақлий илмлар соҳиби, дея таърифланган. У илмни бобоси Тожуш шариа Маҳмуд ибн Содруш шариадан, у отаси Содруш шариадан, у отаси Жамолуддин ал-Маҳбубийдан, у шайх имом, муфтий Имом Зодадан, у Имодуддиндан, у отаси Шамсул аимма аз-Заранжарийдан, у Шамсул аимма ас-Сарахсарийдан, у Шамсул аимма ал-Ҳулвоийдан, у Абу Али ан-Насафийдан, у Муҳаммад ибн ал-Фазлдан, у Абу Муҳаммад ас-Субазмунийдан, у Абу Абдуллоҳ Абу Ҳафс ас-сағирдан, у Абу Ҳафс ал-кабирдан, у Муҳаммад аш-Шайбонийдан, у Абу Ҳанифадан олган.

Убайдуллоҳ Садруш-шариа бобоси Тожуш шарианинг ислом ҳуқуқига оид «ал-Виқāя» асарини шарҳлаган. Сўнгра «ал-Виқая»ни қисқартириб, «ан-Ниқāя мухтаǖар ал-Виқāя» деб номлаган. Усулул фиқҳга оид «ат-Танқҝҳ» ва унинг шарҳи «ат-Тавǜҝҳ»ни ёзган.

Ушбу олимлар сулоласининг аждод ва авлодлари қабрлари Бухорода. Бироқ бобоси Тожуш шариа ва онасининг бобоси Бурҳонуддин Кирмонда вафот этиб, у ерда дафн қилинганлар[23].

«Ибн ат-Туркмоний» номи билан машҳур бўлган, ақлий ва нақлий илмлар билимдони, ҳадис, тафсир, ҳисоб-китоб, шеър, тарих илмларида моҳир олим – Алоуддин Али ибн Усмон ибн Иброҳим ал-Моридиний (ваф. 750/1349 й.). Унинг қуйидаги асарлари мавжуд: «Буҳжатул ма‘āриб бимā фҝ-л-Қур’āн мина-л-ғарҝб». Олимнинг мазкур тафсирига Бурҳонуддин Иброҳим ибн Мусо ал-Каркий ал-Ҳанафий (ваф. 853/1449 й.) ҳошия ёзган. Бундан ташқари, «ал-Мунтахаб фҝ-л-ңадҝǒ ва-л-муталиф ва-л-мухталиф», «Китāб аз-зуафа ва-л-матрһкҝн», «ал-Жавҳар ан-нақҝ фҝ радд ала-л-байҳақҝ», «Мухтаǖарул маңǖал фҝ-л-калāм ва-л-мадан фҝ уǖһл ал-фиқҳ»[24].

Ҳидоят белгиси, сара муфтийлар мағизи, тариқат сирларининг билимдони, ҳақиқат эшикларини очувчи, дея таърифланган, XIV аср муфассир, фаҳиқ, муҳаддис олими Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Али Абу Тоҳир Ҳофизуддин ат-Тоҳирий. У Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тожуш шариа ал-Маҳбубийдан илм олган. Унга Содруш шариадан 745/1345 йил зул қаъда ойида Бухорода тасаввуфда пирликка ижозат берилган. Абу Тоҳир 776/1375 йил шаъбон ойининг охирида «Фасл ал-хитоб» муаллифи Хўжа Порсо Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳофизийга изн берган. У бу пайтда йигирма ёшда эди[25].

Камолуддин Абдураззоқ ал-Коший (ваф. тахминан 730/1330 й.) улуғ машойихлардан. У олим, тасаввуф, тариқат ва шайхликда амал қилувчи фозил, турли илмларда моҳир бўлган. «ат-Тафсҝр фҝт-тавҝлāт», «Иǖтилāңāт ас-суфия», «Шарң ал-Фуǖһǖ», «Шарң Манāзил ас-сā’ирҝн» ва бошқа асарларни ёзган[26].

Қози, аллома Алоуддин ат-Туркмоний ал-Ҳанафий (ваф. тахминан 750/1349 й.) муфассир олим бўлган. У Қуръони каримга тафсир ёзган бўлиб, ушбу тафсирга аллома Иброҳим ибн Мусо ал-Куркий аш-Шофиий[27] ҳошия битган (ваф. 853/1449 й.)[28].

Хулоса қилиб айтганда, юртимиз тарихи, аждодларимиз илмий-маънавий мероси бениҳоя бой эканки, мўғулларнинг ҳукмронлиги даври бўлишига қарамай, турли илмларда, жумладан, тафсирда ҳам сезиларли из қолдирган забардаст алломалар етишиб чиққан. Уларнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти ва илмий асарлари келгусида кўплаб тадқиқотларга асос бўлади. Демак, авлодларга қолгани ушбу меросни чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва уни ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янада бойитиб, халққа етказишдир.

Давронбек Махсудов,

тарих фанлари номзоди.

 

 



[1] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси / З.И.Мунавваров таҳрири остида. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. (Бундан кейин: Ўрта Осиё олимлари қомуси) – Б. 151.

[2] Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Б. 158-159.

[3] Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фавāид ал-баҳия фҝ тарāжим ал-ңанафия. Қозон: ал-Хизона босмахонаси. 1903. (Бундан кейин: Ал-Фавāид ал-баҳия фй тарāжим ал-ңанафия.) – Б. 72.

[4] Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Б. 213.

[5] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирҝн. – Б. 52 б.

[6] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирҝн. – Б. 52 б.

[7] Ал-Фавāид ал-баҳия фй тарāжим ал-ңанафия. – Б. 191.

[8] Муҳйиддин Абулқодир ал-Қураший. Ал-Жавāҳир ал-муǘиа фҝ табақāт ал-ңанафия / таҳқиқ Дуктур Абдулфаттоҳ Муҳаммад ал-Ҳулув. (Бундан кейин: Ал-Жавāҳир ал-муǘи’а фҝ табақāт ал-ңанафия) 3 жуз. Ҳажр, 1993. – Б. 55-56.

[9] Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Б. 65.

[10] Ал-Жавāҳир ал-муǘи’а фҝ табақāт ал-ңанафия. 3 жуз. Ҳажр, 1993. – Б. 450.

[11] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирйн. – Б. 54 а.

[12] Ал-Фавāид ал-баҳия фй тарāжим ал-ңанафия. – Б. 191-192.

[13] Ал-Жавāҳир ал-муǘи’а фй табақāт ал-ңанафия. 3 жуз. Ҳажр, 1993. – Б. 351.

[14] Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Б. 363.

[15] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирйн. – Б. 65 б.

[16] Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фавāид ал-баҳия фй тарāжим ал-ңанафия. Қозон: ал-Хизона босмахонаси, 1903. – Б. 240; «Кашф аǜ-ǜунун» 4/94.

[17] Ал-Фавāид ал-баҳия фй тарāжим ал-ңанафия. – Б. 191-192.

[18] Ал-Жавāҳир ал-муǘи’а фҝ табақāт ал-ңанафия. 3 жуз. Ҳажр, 1993. – Б. 351.

[19] Ал-Жавāҳир ал-муǘи’а фҝ табақāт ал-ңанафия. 3 жуз. Ҳажр, 1993. – Б. 337.

[20] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирҝн. – Б. 60 а.

[21] Ал-Фавāид ал-баҳия фҝ тарāжим ал-ңанафия. – Б. 114.

[22] Ал-Фавāид ал-баҳия фҝ тарāжим ал-ңанафия. – Б. 114.

[23] Ал-Фавāид ал-баҳия фҝ тарāжим ал-ңанафия. – Б. 132-136.

[24] Абдулҳай ал-Лакнавий. Ат-Талиқāт ас-сания ала ал-Фавā’ид ал-баҳия. Қозон: ал-Хизона босмахонаси, 1903. – Б. 150.

[25] Ал-Фавāид ал-баҳия фҝ тарāжим ал-ңанафия. – Б. 235.

[26] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирҝн. – Б. 60 а.

[27] Ушбу аллома Курк шаҳрида яшаган, кейинчалик Қоҳирага кўчиб ўтган. “Кашф аǜ-Ǜунун”да ал-ҳанафий нисбаси билан берилган. Лекин шунга қарамай, Курк шаҳрида шофиий мазҳабидагилар кўп бўлгани боис ҳам у шофиий мазҳабида бўлган бўлиши мумкин.

[28] Аҳмад ал-Аднаравий. Табақāт ал-муфассирҝн. – Б. 63 б.