Our address

Tashkent Islamic University

International Cooperation Dept.

Head: Mr.: Khamidbek Khasanov

e-mail: tiuxab@mail.ru info@tiu.uz

tel.: +998-71-2449593

tel.: +998-71-2449593

fax.: +998-71-2440065

A.Kadiri 11, 100011,

Tashkent, Uzbekistan

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner

 

www.dc.uz

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

 

ДИН ФАЛСАФАСИ: МОҲИЯТ, МУАММОЛАР ВА ВАЗИФАЛАР

 

Дин ҳамиша кишиларни ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибатга, хайр-саховат ва яхшиликка, ҳимматлилик ва мурувватлиликка даъват этган, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва ҳамжиҳатликни улуғлаган. Бундай ғоялар ва унга асосланган амалий хатти-ҳаракатлар эса адолат тамойиллари устуворлигига, бағрикенглик анъаналари ривожига, гуманистик моҳиятга эга ҳаётий идеаллар шаклланишига замин яратиб, ижтимоий алоқалар ва ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланишига, тинчлик ва тотувликка, инсон баркамоллиги ва жамиятнинг барқарор тараққиётига замин яратган. Шу нуқтаи назардан қараганда, Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт ғайриинсоний кўринишга эга бўлади, асрлар давомида дин негизида шаклланган, халқ ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган қадриятларнинг барчаси рад этилишига олиб келади. Натижада инсон ўзининг ички дунёси, ҳис-туйғу ва қарашлари, таяниб-суяниб турадиган пойдеворидан маҳрум бўлиб, ота-онасини ҳам, ўз миллати, халқи ва Ватанини ҳам танимайдиган аянчли ҳолатга тушиб қолади[1].

Президентимизнинг қайд этилган ва методологик аҳамиятга эга мулоҳазалари диннинг ижтимоий ҳодиса сифатидаги моҳиятига эски андозалардан холи ёндашиш, уни доимий ривожланиб борувчи тизим сифатида ўрганишни таъминлаш ҳаётий-амалий аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Ушбу масалаларни муваффақиятли ҳал этишда дин фалсафасининг алоҳида ва ўзига хос ўрни бор.

Маълумки, илм-фан ривожланишининг илк босқичларида диншунослик алоҳида ва мустақил фан сифатида ривож топди. Аммо узоқ тараққиёт давомида диншунослик сертармоқ соҳага — дин феноменининг хилма-хил қирраларини тадқиқ этадиган фанларни ўзида бирлаштирган тизимга айланди. Бугунги кунда мустақил мақомга эга бўлган динлар тарихи, дин социологияси, дин психологияси, дин феноменологияси каби фанларнинг мавжудлиги бунга далил бўла олади. Бу диншуносликнинг яхлит тизим сифатидаги ривожи конкрет фанлар тараққиёти билан узвий боғлиқ ҳолда кечаётганини, улар ўртасида интеграциялашув мавжудлигини кўрсатади.

Диншунослик доирасида фанларга хос дифференциациялашув ҳам давом этмоқда. Бу диншунослик таркибида диннинг конкрет намоён бўлиш шаклларини тадқиқот предметига айлантирган ва кўплаб мустақил фанларни ўзида бирлаштирган йўналиш (тармоқ)ларнинг юзага келишига замин яратмоқда. Масалан, бугунги кунда Қуръоншунослик, ҳадисшунослик, фиқҳ каби бир қатор фанларни ўзига қамраб олган исломшунослик диншуносликнинг алоҳида тармоғига айланиб улгургани фикримизнинг исботи бўла олади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, дин фалсафасининг мустақил фан сифатида шаклланиши, бир томондан, фалсафий билимлар, иккинчи томондан, диншуносликнинг тармоқлашуви ва мазкур жараёнда юзага келган интеграциянинг ҳосиласи ҳисобланади.

Тафаккур шаклларидан бўлган тушунчалар матн ва мақсад моҳиятидан келиб чиқиб, турлича мазмун касб этади. Масалан, “психология” тушунчаси фаннинг номини ҳам, ушбу фаннинг тадқиқот объекти бўлган руҳият, руҳий жараёнларни ҳам ифодалайди. Худди шунингдек, “фалсафа” тушунчаси бир ўринда фан, иккинчи ҳолатда дунёқараш шаклини англатиши мумкин. Айни пайтда, тушунчалар кенг ва тор маъноларда ҳам қўлланилади. “Дин фалсафаси” тушунчаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Хусусан, кенг маънода у дин ҳақидаги фалсафий қарашларни англатади. Бундай талқинда дин фалсафаси фалсафа каби қадимий илдизларга эга бўлиб, асрлар давомида дин, унинг моҳияти, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида шаклланган хилма-хил фалсафий қарашлар, ёндашувлар ва таълимотларни қамраб олади.

Дин фалсафасининг тор маънодаги талқинларида эса муайян хилма-хиллик мавжуд. Масалан, дин фалсафаси дин таянадиган умумий ғоялар ва тамойилларнинг рационал жиҳатларини тадқиқ этиш билан шуғулланади, деган қарашлар бунга мисол бўла олади[2]. Дин фалсафаси фалсафий усуллар ва тушунчалар ёрдамида динни ўзига хос ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида ўрганувчи мустақил фан ҳисобланишини инобатга олсак, бундай талқинлар унинг предметининг ҳаддан ташқари торайтирилишига олиб келишини англаш қийин эмас.

Дин дин фалсафасининг билиш предмети ҳисобланиши, яъни “дин ўзи нима?” деган саволга жавоб излаши бир қарашдаёқ аниқдек туюлса-да, аммо ушбу ҳодисанинг талқини ҳамма вақт ҳам бир хил эмаслигини қайд этиш лозим. Зеро, дин, бир томондан, умуман, ўзининг моҳияти нуқтаи назаридан, яъни мавҳум, метафизик маънода, иккинчи томондан, ўзининг конкрет намоён бўлиш шакли, хусусий ҳолатида тадқиқ этилиши мумкин. Ушбу икки ёндашув маълум маънода бир-бирини тўлдиради. Зеро, биринчи ҳолатда диннинг моҳияти ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилинса, динга хос бўлган хусусиятлар ҳамиша конкрет шакл, кўринишларда намоён бўлишини инобатга олсак, иккинчи ҳолатда умуман динга хос хусусиятларни чуқурроқ англаш мумкин бўлади.

Дин фалсафаси ўз предметини ўрганишда таянадиган методология конкрет фалсафий тизим, таълимотнинг ўзига хослиги билан белгиланади. Шундай экан, диннинг фалсафий талқинини мантиқий асослаш билан бирга билишнинг адекватлигини таъминлаш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Маълумки, билиш назариясида адекватлик деганда “...нарса ва ҳодисаларнинг хоссалари ва алоқаларини унинг объектив мазмунига тўғри келадиган, аниқ ва мос қилиб ифодалаш”[3] тушунилади.

Билишнинг ҳақиқий (адекват)лигини таъминлашда олинган натижаларнинг мантиқий ва назарий жиҳатдан зиддиятли бўлмаслиги гносеологиянинг муҳим қоидаларидан бири ҳисобланади. Аммо умуман тўғри бўлган мазкур қоида конкрет фалсафий тизим, таълимот доирасида яратилган ва унга зид бўлмаган, унинг асосий талабларидан ташқарига чиқмайдиган дин ҳақидаги қарашларни адекват деб ҳисоблашга замин яратади. Бундай ҳолатда биз дин ҳақидаги билимлардан кўра ушбу конкрет фалсафий тизим, таълимот ва унинг динга бўлган муносабати ҳақида кўпроқ билимга эга бўламиз. Чунки тадқиқотчининг шаклланиб бўлган қарашлари ва ёндашувлари таъсирида диннинг ўзи эмас, балки унга бўлган муносабат ёритилади. Демак, дин фалсафасида мантиқий зиддият йўқ бўлган хулоса, қарашларни ҳақиқат, деб қабул қилиш етарли эмас. Ҳақиқат деб қабул қилинган билимларда диннинг моҳияти акс этиши лозим. Шундагина дин фалсафасидан дин ҳақидаги аҳамиятли назарий умумлашма ва хулосаларни кутиш мумкин. Бунда объективлик тамойилига риоя қилиш ниҳоятда муҳим.

Объективлик тамойили дин фалсафасининг ўз предметига реал мавжуд ҳодиса сифатида қараш, тан олишни талаб этади. Бироқ объективликни холислик билан чалкаштириш керак эмас. Холислик тадқиқотчининг ўрганаётган предметидан муайян даражада бегоналашувига ва шу туфайли унинг етарлича англанмай қолишига замин яратишини инобатга олсак, дин фалсафаси нуқтаи назаридан объективлик ва холислик бир хил мазмунга эга эмаслиги ойдинлашади.

Билиш предметини тушунишда субъективлик тамойили ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тамойил билиш предметига у ёки бу шаклда дахлдорликни талаб этади ва унга нисбатан юзага келиши мумкин бўлган нохолис муносабатнинг олдини олишга хизмат қилади.

Умуман олганда, ўрганилаётган предметнинг реаллиги объективликни, уни тушуниш зарурати субъективликни талаб этади. Аммо ушбу икки тамойилдан фақат бири устувор аҳамият касб этмаслиги лозим. Хусусан, тарих ва замонавий воқелик объективлик тамойилининг мутлақлаштирилиши динга салбий муносабатни, унинг ашаддий танқидини келтириб чиқаришини кўрсатади. Субъективлик тамойилининг устуворлиги эса диннинг муайян шаклига алоҳида эътибор туфайли умуман дин феноменига хос хусусиятларнинг назарга олинмаслигига ва билиш натижаларининг бир ёқлама бўлиб қолишига олиб келади. Демак, иккала тамойилнинг ҳам ўз ҳолича қўлланилиши динни адекват англаш жараёнига зиддир. Бундан дин фалсафаси ҳақиқатан ҳам дин феноменини билишга ҳаракат қилар экан, у том маънода диндан ташқарида бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги хулоса келиб чиқади. Чунки дин фалсафасининг мақсади динни объектив ҳам, субъектив ҳам талқин этиш эмас, балки уни адекват назарий тадқиқ этиш, таҳлил қилиш ва тасвирлашдан иборат. Бу охир-оқибатда фалсафий-диний тадқиқотлар натижаларининг умуман ва барча учун тушунарли ҳамда аҳамиятли бўлишига замин яратади. Ягона фалсафий тилнинг бўлиши эҳтимолдан ниҳоятда узоқ бўлса-да, билиш натижаларининг бошқалар учун ҳам тушунарли бўлишини таъминлаш ниҳоятда муҳимлигини таъкидлаш зарур.

Дин фалсафаси мустақил фан сифатида ривож топаётган ҳозирги даврда у ўрганадиган муаммолар ичида унинг мақоми ва ўзига хос хусусиятларини аниқ белгилаб олишга ёрдам берадиган динни фалсафий тадқиқ этишнинг усуллари масаласини ҳал этиш алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда диннинг моҳиятига турлича ёндашувлар ва уларга асосланган турфа таърифлар мавжуд. Бу тадқиқот методологияси хилма-хиллигининг табиий ҳосиласи бўлиши баробарида диннинг ижтимоий ҳодиса сифатидаги ўзига хослигини кўрсатувчи фалсафий таърифни ишлаб чиқиш ва уни шакллантиришга ёндашув тамойиллари мазмунини аниқлаш ҳам дин фалсафасининг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Шунингдек, диннинг онтологик ва гносеологик асослари ва манбаларини тадқиқ этиш билан боғлиқ бўлган масалаларда умумэътироф этилган методологик базани шакллантириш ҳам дин фалсафаси олдида турган муҳим муаммолар сирасига киради.

Диннинг моҳиятини англаш унга хос хусусиятларнинг тизимли таҳлил қилиниши билан узвий боғлиқ. Шу маънода диний дунёқараш, онтология, гносеология, тафаккур ва тилнинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш, бу борада мавжуд бўлган қарашлар ва ёндашувларда якдилликка эришиш ҳам дин фалсафасининг долзарб муаммоларидан ҳисобланади.

Дин фалсафаси учун улкан аҳамиятга эга муаммолар қаторида худо ҳақидаги теистик таълимотларнинг мазмуни, уларнинг юзага келиш сабабларини тадқиқ этиш, диний фалсафанинг мазмуни ва ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, мазкур йўналишдаги қарашларни қиёсий ўрганиш билан боғлиқ масалалар мавжудлигини ҳам қайд этиш зарур.

Дин фалсафаси ҳақида гап кетар экан, уни динни фалсафий англашнинг ўзига хос шакли бўлган диний фалсафа (фалсафий теология)дан фарқлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Дин фалсафаси масалалари билан махсус фан – теология кўпроқ шуғулланади”[4], деган хато қарашларнинг мавжудлиги ҳам бу масалага алоҳида эътибор бериш зарурлигини кўрсатади. Араб тилидаги адабиётларда “диний фалсафа” маъносида “ал-фалсафа” сўзи ишлатилишини эслатиш жоиз.

Демак, диний фалсафа онтологик, гносеологик, космологик, ижтимоий ва бошқа муаммоларни диний дунёқараш тамойилларидан келиб чиқиб талқин этади. Муқаддас ёзувлардаги ғоялар, диний таълимотнинг асосини ташкил этувчи қоидалар бундай талқинларнинг назарий манбаини ташкил этади[5].

Қайд этилган хусусиятлар диний фалсафа ва дин фалсафаси ўртасида ўзаро яқинлик ва ўхшашлик борлигини кўрсатади, албатта. Улар ўртасидаги ўзаро ўхшашлик ҳар иккаласининг асосий эътиборни диннинг моҳиятига қаратишида, боғлиқлик эса диний фалсафанинг фалсафий тафаккур натижалари, усулларига таянишида яққол кўринади. Аммо бу мустақил мазмунга эга ушбу тушунчаларни айнанлаштириш, уларни синонимлар сифатида ишлатиш учун асос бўлмаслиги керак. Зеро, диний фалсафа қанчалик фалсафий бўлишидан ва ўз хулосаларини қанчалик мантиқ ва рационал билиш қоидаларига таянган ҳолда исботлашга ҳаракат қилишидан қатъи назар, энг аввало ва ўз моҳиятига кўра эътиқодга таянишини ёддан чиқармаслик зарур.

Ҳар қандай фан ўз тадқиқот предмети ва вазифаларига эга. Ижтимоий тараққиёт доимий равишда улар ўрганадиган масалалар кўламига ўзгартишлар киритиши, мунтазам ўрганилиб келинган муаммоларнинг янги қирраларини намоён қилиши мумкин. Бу, айниқса, доимий ўзгариш ва ривожланишда бўлган инсон ва жамият ҳаётининг турли томонларини ўрганадиган ижтимоий-гуманитар фанларда яққол кузатилади.

Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида янгиланиш кечаётган ҳозирги даврда бундай ўзгаришлар кўламли характер касб этиши, табиий. Бу ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-мафкуравий янгиланиш, ўсиш ва юксалиш жараёнини бошдан кечираётган, буюк келажак пойдеворини қураётган республикамиз илм-фанига ҳам тегишлидир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, дин фалсафаси олдида бир қатор долзарб вазифалар турганини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, дин фалсафаси ривожига буюк аждодларимиз ва дунё халқлари олимларининг қўшган ҳиссасини, динни фалсафий англашнинг турли шакллари ўртасидаги ўзаро таъсир ва бойиш жараёнини ҳар томонлама объектив ва илмий ёритиш унинг фан сифатидаги ривожланиш босқичларини, унга хос қонуниятларни чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.

Диний соҳага хос замонавий зиддиятлар ва уларни ҳал этиш йўллари, диний тоқатсизлик кўринишларининг моҳияти ва олдини олиш йўлларини тадқиқ этиш, юзага келадиган муаммоларни прогноз қилиш ва зарур чораларни кўриш диннинг йўналтирувчилик қудрати ва салоҳиятидан жамият тараққиёти ва инсон камолоти йўлида унумли фойдаланишга йўл очади. Ушбу вазифаларнинг ижобий ҳал қилиниши дин фалсафасининг янгиланишига, мустақил фан сифатида изчил юксалиш йўлидан боришига хизмат қилади.

Абдувоҳид Очилдиев,

фалсафа фанлари доктори, профессор.

 

В статье проанализированы содержание понятий “философия религии” и “религиозная философия”, место этих дисциплин в системе религиоведческих наук, значение принципов объективности и субъективности в решении проблем философии религии. Рассмотрены также актуальные задачи, стоящие перед философией религии на современном этапе общественного развития.

 

The article is dedicated to the systematic research of the significance of terms “philosophy of religion” and “religious philosophy”, the role of those disciplines in religious studies, problems constituent to philosophy of religion, the value of objective and subjective maxims in such researches. Furthermore, several tasks of philosophy of religion in present stages of social development are also revealed.

 



[1] Қаранг: Каримов И. Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: Маънавият, 2008. -Б. 93—94.

[2] См.: Томпсон М. Философия религии. -М.: ФАИР-ПРЕСС, 2001. -C. 6,10.

 

 

[3] Фалсафа. Қомусий луғат. -Т.: Шарқ, 2004. -Б. 14.



[4] Фалсафа. Қомусий луғат.-Т.: Шарқ, 2004. -Б. 112.

 

 

 

[5] См.: Основы религиоведения. -М.: Высшая школа, 2001. -С. 271.