Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби миллий-маънавий меросимизга бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Асрлар давомида халқимизнинг эътиқодини ўзида акс эттирган муқаддас динимиз асосидаги ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган маънавий бойлик изчил ўрганила бошланди. Бу ҳақда Юртбошимиз Ислом Каримовнинг шундай фикрлари бор: «Агар мендан, нега миллий қадриятларимиз шунча замонлар оша безавол яшаб келяпти, деб сўрашса, бу аввало, муқаддас динимиз ҳисобидан, деб жавоб берган бўлур эдим. Шу заминда ўтган неча-неча авлодлар диний эътиқодни юракда сақламаса, ислом фалсафасини ривожлантириб келмаса, биз бебаҳо ва бетакрор маънавий-руҳий меросдан маҳрум бўлиб қолардик»[1]. Мана шу бой меросни чуқур таҳлил қилиб, ҳаётга татбиқ этиш ва ўсиб келаётган баркамол авлод тарбиясида ундан самарали фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Шунингдек, Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: «Биз Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Замахшарий, Имом ал-Мотуридий каби мутафаккирларимизнинг қутлуғ меросидан бутун халқимиз, жумладан ёшларимиз ҳам баҳраманд бўлишига, уларнинг мана шундай маънавий муҳитда камол топишига, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан жой олишига шароит яратмоқдамиз»[2].
Тафсир илми инсон тафаккури ривожлангани ҳамда дунёда янгидан янги кашфиётлар кўпайгани сари замон ва маконга қараб вақти-вақти билан услуби ва ҳажми доимо ўзгариб келган. Ҳар бир илм арбоби ўзининг илмий салоҳияти ва давр талабидан келиб чиқиб, Қуръонни тафсир қилишга ҳаракат қилган. Шунинг учун турли даврларга оид фарқли мавзулардаги тафсирларни кўришимиз мумкин. Масалан, оятларни ҳадис орқали тафсир қилиш, тасаввуфий тафсир, фиқҳий тафсир ва ҳоказо. Фиқҳий тафсир деб, Қуръони каримнинг фиқҳий ҳукмларига, яъни ибодат ва муомалот жиҳатларига эътибор бериб, оятларни шарҳлаш ва улардан ҳукм олишга айтилади.
Одатда, фиқҳий тафсирларда ҳукмий оятларга кўпроқ эътибор қаратилади. Манбаларда дастлабки фиқҳий тафсир сифатида Имом Шофеъийнинг «Аҳком ал-Қуръон» тафсири кўрсатилади. Бундан ташқари мамлакатимиз илм аҳли орасида Муҳаммад Али Собунийнинг «Равоиъу-л-баён фи тафсири ояти аҳкоми-л-Қуръон» тафсири алоҳида ўринга эга.
Ўз даврида ислом илмларининг маркази ҳисобланган Бағдодда таҳсил олган ва ҳанафий олимларининг раҳбари лавозимига кўтарилган ҳамда умрининг охиригача бу вазифада қолган Абу Бакр Розий Жассос Ҳанафийнинг «Аҳком ал-Қуръон» асари ҳам бу соҳада ҳанафий олимлари томонидан доимо мурожаат қилинадиган энг мўътабар манбалардан бири ҳисобланади.
Абу Бакр Розий (305/907—370/981)[3] Рай шаҳрида дунёга келган. Олимнинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Али Розий, куняси Абу Бакр[4] ва лақаби Жассосдир. Абу Бакр Розий 65 ёшида Бағдодда вафот этган. Абу Бакр Розий ўз даврининг энг машҳур ҳанафий уламоларидан бири эди. Рай шаҳри Аббосийлар даврида мусулмон оламининг илмий, тижорат ва саноат марказларидан бири ҳисобланган. Мазкур шаҳардан кўплаб олим ва давлат арбоблари етишиб чиққан. Абу Бакр Розий йигирма ёшида Бағдодга кўчиб келган. Бағдодда замонасининг энг кучли ҳанафий фақиҳларидан ҳисобланган Абулҳасан Кархий ва Абу Али Шоший дарсларида иштирок этган ва фиқҳ илмини ўрганган. Кейинчалик у ўз устозлари вазифасини бажарган. Абу Бакр Розий умрининг охиригача Бағдодда ҳанафий олимларининг раҳбари бўлиб қолади. Ундан дарс олиш учун турли мамлакатлардан кўплаб одамлар Бағдодга келади. Уларнинг аксари машҳур олим бўлиб етишган.
Абу Бакр Розий ҳадисшунослик, фиқҳшунослик ва тилшунослик каби соҳалар билан бир қаторда тафсиршуносликда ҳам етук олим ҳисобланган.
Абу Бакр Розийнинг тафсир илмига оид «Аҳком ал-Қуръон» асари Қуръони каримдаги ўзига хос ҳуқуқ тизимини ажойиб тарзда ёритиб берганлиги билан бундан кейин ҳам бу соҳада тадқиқот олиб борувчилар учун муҳим манба сифатида алоҳида ўрин тутади. Чунки ушбу асар ҳанафий фиқҳи соҳасида илк асарлардан бири бўлишига қарамасдан ҳали тадқиқотчилар томонидан алоҳида тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Жассос Ҳанафий эса, ўз даврида моҳир ҳуқуқшунос, мужтаҳид олим, айни пайтда кучли муфассир ва муҳаддис ҳисобланган.
Абу Бакр Розийнинг устозлари Абу Саҳл Зажжож ва Абу Ҳасан Кофий бўлиб, фиқҳ илмини Аҳмад ибн Мусо Хоразмий, Муҳаммад ибн Яҳё Журжоний, Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий, Абу Ҳасан Заъфароний, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар кабилардан олган.
Абу Бакр Розийнинг ҳаёти ва асарлари ҳақидаги маълумотлар тарихий манба ва адабиётларда ихчам тарзда келтирилади. Масалан, Абу Саъид Самъонийнинг “Китоб ал-ансоб”[5], Ибн Қутлубуғонинг “Тож ат-тарожим”[6], Лакнавийнинг “ал-Фавоид ал-баҳийя”[7], Қурашийнинг “ал-Жавоҳир ал-музия”[8], Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун”[9], Заҳабийнинг “Сияр ал-аълом ан-нубало”[10], Зириклийнинг “ал-Аълом”[11], Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфат ал-фуқаҳо», Шамсуддин Заҳабийнинг «Тазкират ал-ҳуффоз», Ибн Касирнинг «ал-Бидоя» каби асарлари шулар жумласидандир. Шунингдек, турк олими Мевлит Гунгорнинг «Жассос ва Аҳком ал-Қуръон»[12] номли тадқиқотида асар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилган, аммо уларда «Аҳком ал-Қуръон» асарида ҳанафий мазҳаби фиқҳий ҳукмларининг таҳлили алоҳида объект сифатида олинмаган.
Абу Бакр Розийнинг илмий мероси қуйидагилардан иборат:
1. Шарҳ ал-Жомеъ ал-кабир ли Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний.
2. Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир ли Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний.
3. Шарҳ ал-Маносик ли Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний.
4. Шарҳ Мухтасар ал-фиқҳ ат-Таҳовий.
5. Шарҳ Осор ат-Таҳовий.
6. Мухтасар Ихтилаф ал-фуқаҳо ли-т-Таҳовий.
7. Шарҳ Адаб ал-Қозий ли ал-Хассоф.
8. Шарҳ Мухтасар ал-Кархий.
9. Шарҳ ал-Асма ал-ҳусна.
10. Жавобот ал-масаил.
11. Аҳком ал-Қуръон.
12. Усул ал-фиқҳ.
Абу Бакр Розий «ал-Фусул фи-л-усул» ни ўзининг машҳур китоби «Аҳком ал-Қуръон»дан ҳам аввал ёзган. Муаллиф ўз китобида фақат фиқҳий масалаларни зикр қилиб ўтади. Аммо усул ал-фиқҳ масалалари келганда кенг шарҳ қилади.
«Ал-Фусул фи-л-усул» асари ҳанафий мазҳаби бўйича ёзилган энг асосий китоблардан биридир. Шу билан бирга, бу китоб ҳанафийларнинг бу борадаги аввалги китобларидан бири бўлиб, кўпчилик асосан шу китобга суяниб иш кўрган. Абу Бакр Розий «ал-Фусул фи-л-усул»ни ўзининг машҳур шайхи имом Кархийнинг вафотидан кейин ёзган. Бу китоб унинг илмий тажрибалари ва фаолиятининг хулосаси сифатида юзага келган ва ҳанафий мазҳабидаги усул ал-фиқҳнинг тожига айланган.
Абу Бакр Розий Қуръони каримнинг фақатгина ҳукмий оятларини тафсир қилган.
Хулоса қилиб айтганда, тарихда яшаб ижод этган олимлар ҳаёти ҳамда улар қолдириб кетган илмий меросларини ўрганиш кишилик жамиятининг юксалиши ва камол топишига кўмак бўлар экан, Абу Бакр Розий каби буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросларини тадқиқ этиш тадқиқотчи олимларимиз олдида турган долзарб вазифалардан биридир.
Бурҳониддин Аҳмедов,
Тошкент ислом университети тадқиқотчиси.
[1] Каримов И.А. Миллий истиқлол мафкураси халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. Т.: Ўзбекистон, 2000. Б. 35.
[2] Каримов И.А. Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда. Т.: Ўзбекистон, 1999. Б. 12.
[3] Хайруддин Зириклий. Ал-Аълом. VIII жилдли. Байрут: Дор ал-илм лил-малайин, 1998. Б. 171.
[4] Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абул-Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий, Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия. II жилдли. Хайдаробод: 1332/1913. Б. 89.
[5] Абу Саъид Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Тамимий. Китоб ал-ансоб. V жилдли. /Абдуллоҳ Умар Борудий таҳрири остида. Байрут: Дор ал-фикр, 1419/1998. Б. 125.
[6] Қосим ибн Қутлубуғо. Тож ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафия. 1862. Б. 63.
[7] Лакнавий Муҳаммад Абдулҳай Ҳиндий. Ал-Фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафия. II жилдли. Қоҳира: 1324/1906. Б. 87.
[8] Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абул-Вафо Муҳаммад ибн Муҳаммад Мисрий, Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия. II жилдли. Хайдаробод: 1332/1913. Б. 211.
[9] Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. II жилдли. Истанбул: 1360-62/1941-43. Б. 47.
[10] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр ал-аълом ан-нубало. Байрут: Муассасатур-рисола, 1992. Б.98.
[11] Хайруддин Зириклий. ал-Аълом. VIII жилдли. Байрут: Дор ал-илм лил-малайин, 1998. Б. 168.
[12] Mevlit Gungor. Cassos ve Ahkamu’l Kur’an. Ankara.: 1989. Б. 37.




















