Хожа Муҳаммад Порсо ва унинг илмий мероси
Амир Темур ва Темурийлар даврида ислом дини мамлакатдаги маънавий бирлик, маданий юксалиш, адолатни ўрнатиш ва уни сақлашда катта аҳамият касб этди. Тасаввуф, айниқса, нақшбандия тариқати бу давр маънавиятининг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилди. Нақшбандия таълимоти исломга таянган ҳолда ахлоқий поклик, меҳнатга интилиш ва билим эгаллашга кенг йўл очиб берувчи ғояларни тарғиб қилиб, маънавий-ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин эгаллади. Нақшбандия тариқати Баҳоуддин Нақшбанд, Ёқуб Чархий, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Аҳрор каби вакиллари шу даврда яшаб ижод этдилар.
Улардан бири, ўз замонасининг етук олими Хожа Муҳаммад Порсо ҳаёти ва унинг илмий мероси ислом манбашунослигида муҳим ўрин эгаллайди.
Манбаларда келтирилишича, алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорий (746—822/1345—1420)дир. Хожа Муҳаммад Порсо Бухорода туғилгани сабабли, унинг исми-шарифига “ал-Бухорий” нисбаси қўшилган, кенг оммага эса Порсо номи билан танилган[1].
Хожа Муҳаммад Порсо Баҳоуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси мақомига эга бўлган ва Марказий Осиёда нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда тарғиботчиси сифатида танилган. Олим Ш.Зиёдовнинг фикрига кўра, унинг Марказий Осиё тасаввуф илми ривожининг реформаторларидан бири бўлганлиги кенг тадқиқотчиларга маълум бўлиб бормоқда[2]. Манбаларни таҳлил қилган ҳолда шуни айтиш мумкинки, унинг ҳаёти ва илмий фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ҳанузгача тўлиқ ёритилган эмас.
Олим М. Ҳасановнинг илмий изланишлари натижасига кўра ҳам “Туҳфат уз-зоирин” китобида Хожа Муҳаммад Порсо Баҳоуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси бўлгани, Баҳоуддин Нақшбанд ўзининг бу шогирдига катта умид билан қарагани ва унинг тарбиясини ўз назоратига олгани ҳақида айтиб ўтилган[3]. Асарда келтирилган мисоллар Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирдига нисбатан ҳурмат ва эътиқоди кучли бўлганини кўрсатади.
Хожа Муҳаммад Порсо фақат тасаввуф илми билан шуғулланиб қолмай, ижтимоий ҳаётда ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Фахриддин Али ас-Сафийнинг «Рашаҳот» асаридаги маълумотларга кўра, Хожа Муҳаммад Порсо ўша даврдаги сиёсий воқеаларга алоқадор бўлган. Унинг фаолиятидан Амир Темурнинг фарзанди Муҳаммад Жаҳонгирнинг ўғли Халил Мирзо, шунингдек, Хуросон шоҳи Шоҳрух яхши хабардор эдилар. Порсо Шоҳрух билан турли масалалар бўйича ёзишмалар ҳам олиб борган[4].
Хожа Муҳаммад Порсонинг бой илмий мероси тасаввуф манбашунослигида бениҳоя қадрлидир. Унинг асарларини таҳлил қилиб, уларни мазмунига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин.
1. Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган асарлар: Рисолаи Қудсия. ЎзР ФА ШИ, инв №25/7/VII, Мақомати Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. ЎзР ФА ШИ, инв №2520/I, Рисола. ЎзР ФА ШИ, инв №2520/ VI
2. Тасаввуф тарихига оид асарлар: Фасл ал-хитоб ли-васл ал-аҳбоб. ЎзР ФА ШИ, инв №1449/I, Рисолаи кашфия. ЎзР ФА ШИ, инв №8183/ VI, Таҳқиқот. ЎзР ФА ШИ, инв №1411.
3. Хожа Алоуддин Атторга бағишланган асар. Мақомати Хожа Алоуддин Аттор. ЎзР ФА ШИ, инв №2520II
4. Қуръони каримга ёзилган тафсир:Тафсир.ЎзР ФА ШИ, инв №2180
5. Муридлар учун ёзилган асар: Рисола дар одоби мурид. ЎзР ФА ШИ.
6. Фатвога оид асар: Фатво.ЎзР ФА ШИ,инв №3100/X.
7. Васиятнома. Васиятнома. ЎзР ФА ШИ, инв №1676/XI
Мазкур асарлардан ташқари ЎзР ФА ШИда унинг бошқа асарлари ҳам мавжуд. Шу билан бирга, ЎзР ФА ШИда Хожа Муҳаммад Порсонинг қўли теккан ва ўз муҳрини босган бошқа муаллифларнинг асарлари ҳам сақланмоқда. Хожа Муҳаммад Порсонинг шахсий кутубхонаси бўлгани, унда ўз замонасининг машҳур асарлари тўплангани ва шу кутубхона муҳри билан кўплаб асарлар ёзилгани ҳақида тадқиқотчиларимиз ўз илмий изланишларида айтиб ўтишган[5].
Хожа Муҳаммад Порсонинг йирик асарларидан бири «ат-Таҳқиқот» («Тасаввуф истилоҳлари ҳақида рисола») асари бўлиб, у ҳақда батафсил тўхталиб ўтсак. «Ат-Таҳқиқот» асари ЎзР ФА ШИда қўлёзма рақами инв. №1411 остида сақланади. Қўлёзманинг 6 та нусхаси мавжуд. Нусхалардан энг қадимийси Зайнуддин Муҳаммад ибн Қутбиддин Аҳмад томонидан 1045/1635 йилда кўчирилган. Муаллиф асарни форс тилида ёзган бўлишига қарамасдан, унда арабий жумлалар ҳам кузатилади. Асарда мавзулар алоҳида бобларга ажратилмаган, балки кўрилаётган масала қизил сиёҳ билан белгилаб кетилган. №5465 инв.рақами остида сақланаётган бошқа нусханинг муқаддима қисмида асарда ёритиб берилган мавзулар ажратилиб, тартиблаб чиқилган. Асар нусхалари мазмунида деярли фарқ йўқ. Фақат ёзилиш услуби ҳар хилдир. Асарда хаттот томонидан айрим жойларда изоҳлар келтирилганини кўриш мумкин.
Асар ўзининг илмийлиги ва мураккаблиги жиҳатидан бошқа асарлардан ажралиб туради. Унда тасаввуфий маърифат, тасаввуфий тушунчалар, тафсир илми, ҳақиқат, мақом, каромат, Қуръон оятлари, ҳаж амаллари, тариқат масаласи, тавҳид, ислом арконлари (намоз, рўза, закот), дил тушунчаси, вужуд баёни каби масалалар Муҳаммад Порсонинг ўзи таҳқиқ қилган фикрлари орқали тасвирланган. Асарда Ибн Арабий (1165—1240)га ҳам алоҳида фасл ажратилган бўлиб, унинг ваҳдатул-вужуд ҳақидаги тасаввуфий қарашлари муаллиф томонидан шарҳлаб берилган[6]. Муаллиф ўша даврда муҳим бўлган масалаларни очиб беришга ҳаракат қилган. Шу сабабдан асар ҳозирги кунгача ўз қимматини йўқотгани йўқ.
Хожа Муҳаммад Порсонинг машҳур рисолаларидан яна бири «Рисолаи қудсия» («Қудсий калималар ҳақидаги рисола») асаридир. Хожа Алоуддин Аттор илтимоси билан ёзилган бу асарини Порсо Баҳоуддин Нақшбанд айтган ва ўз қулоғи билан эшитган қудсий калималарни шарҳлашга бағишлаган бўлиб, бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Бу сўзлар (уларнинг) муборак оғизларидан чиққан сўзлардан бир томчисигина бўлиб, бу заиф банда…бу қудсий калималардан баъзиларини садоқат ва иродат юзасидан табаррукона ва иршод сифатида қаламга олиб юрарди»[7].
Порсо «Рисолаи қудсия» асарида нақшбандия тариқатининг вакили, Хожа Али Рометаний номи билан машҳур бўлган Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Алининг (ваф. 1321) Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, сулуки, қилган ишлари, айтган сўзлари ва кўрсатган кароматларини ўз ичига олган «Мақомати Хожа Нақшбанд» («Хожа Нақшбанднинг ҳаёт йўллари») номли йирик асари ҳақида биринчилардан бўлиб маълумот берган.
Асарда Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, унинг хизматлари ва маънавий олами ҳамда нақшбандия тариқатининг асослари очиб берилган. Унда ноёб маълумотлар келтирилгани сабабли у тасаввуф бўйича муҳим манба ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, тасаввуф, унинг тарихи ва жамиятга кўрсатган таъсири, ижтимоий асослари, энг муҳими юртимиз маънавий ҳаётида тутган ўрнига оид масалаларни тадқиқ этиш долзарб мавзулардан саналади. Ҳозирги вақтгача мамлакатимизда тасаввуф олимлари ва уларнинг асарларига оид олиб борилган тадқиқотлар асосан тариқатларга бағишланган эди8. Тасаввуфий асарлар ҳақида чуқур изланишлар олиб борилган эмас. Шу сабабли, бу мавзуни ёритиб, илм аҳлига етказиш тадқиқотимизнинг асосий мақсадларидан биридир.
Севара Каримова,
Тошкент ислом университети аспиранти.
[1] Маънавият юлдузлари. О.Бўриев, М.Ҳасанов. Хожа Муҳаммад Порсо. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001. Б. 200.
[2] Зиёдов. Ш. Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонаси. //Диншунослик фанларининг долзарб муаммолари. Т.: ТИУ. 2009. Б. 107,108.
[3] Маънавият юлдузлари. О.Бўриев, М.Ҳасанов. Хожа Муҳаммад Порсо. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 2001. Б. 201.
[4] Ўша манба. Б. 203.
[5] Зиёдов Ш. Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонаси. //Диншунослик фанларининг долзарб муаммолари. Т.: ТИУ. 2009. Б. 106—114.
[6] Тарихий манбашунослик муаммолари.//Республика илмий-амалий анжумани материаллари //.Н Хидирова. Хожа Муҳаммад Порсонинг тасаввуф тарихига оид асарлари. Т.: 2003. Б.85.
[7] Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум. Баҳоуддин Балогардон. Т.:Ёзувчи,1993.Б. 4—7.
8 Н. Комилов, “Тасаввуф” I—II китоб. Т., Ёзувчи, 1996—1999 й. М.Ҳасаний. “Баҳоуддин Балогардон”, Т., Ёзувчи, 1993. Э.Каримов. “Суфийские тарикаты в центральной Азии XII—XV вв. Автореф.канд.дисс.”




















