Our address

Tashkent Islamic University

International Cooperation Dept.

Head: Mr.: Khamidbek Khasanov

e-mail: tiuxab@mail.ru info@tiu.uz

tel.: +998-71-2449593

tel.: +998-71-2449593

fax.: +998-71-2440065

A.Kadiri 11, 100011,

Tashkent, Uzbekistan

Сайтнинг янги кўринишини қандай баҳолайсиз?
 
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner
Banner

 

 

Все о погоде - Pogoda.uz

www.dc.uz

 

  • Uzbek
  • English (United Kingdom)
  • Russian (CIS)
Bosh sahifa

 

Баркамол авлод – келажагимиз таянчи

Истиқлол фарзандлари чинакам маънода бахтли ёшлардир. Зеро, бугун уларнинг энг замонавий шароитларда ўқиб, билим олишлари, ҳунар ўрганишлари, асрлар давомида сайқал топиб келган миллий қадриятларимиздан баҳраманд бўлган ҳолда ўз қобилият ва иқтидорларини намоён этишлари учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Бу, шубҳасиз, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Бундай беқиёс ғамхўрликлар самараси туфайли ўғил-қизларимиз ҳавас қилса арзигулик, барча қулайлик ва шароитларга эга муҳташам ўқув биноларида илм олмоқдалар. Улардаги ўқув қуроллари ва жиҳозларини кўриб фахр ва ғурур ҳиссини сезади киши.

Ушбу мулоҳазалар кўнглимиздан ўтар экан, хаёлимизда "Бугун вояга етаётган ёшларимиз мустақиллик улуғ неъмат эканини, у қандай қўлга киритилганини тўла англаб етадиларми?" деган ҳақли савол пайдо бўлади. Ана шу саволларга ўрин қолдирмаслик учун Истиқлол тенгдошлари, уларнинг ортидан келаётган навқирон авлод вакиллари билан маънавий йўналишда доимий иш олиб боришимиз, тарғибот-ташвиқот ишларида ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор беришимиз зарур.

Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, республикамизда амалга оширилаётган маьнавий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар билан ёш авлодни доимо таништириб бориш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади. Бундай йўналишдаги тадбирларда мутасадди раҳбарлар, ўқитувчилар ва зиёлилар иштирокида “Мустақиллик ўзи нима?”, “Ватан, она замин тушунчаси”, шунингдек, халқимизнинг ўлмас миллий-маънавий анъаналари бўлган ота-онага ҳурмат, “устозлар ёди ва эъзози”, “яхшилик қилишга доимо шошилиш”, “эзгуликка интилиб яшаш”, “халқ фаровонлиги учун жонни фидо айлашни билиш” каби тушунчаларнинг мазмунини мурғак қалбларга жойлаш бугунги маънавий тарбиянинг долзарб масалаларидан қилиб белгиланди. Зеро, мамлакатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек, таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси[1].

Деярли ҳар куни дунёнинг турли бурчакларидан ўзбекистонлик йигит-қизларнинг спорт, мусиқа, тасвирий ва амалий санъат соҳасида эришаётган юксак натижаларидан бохабар бўламиз. Ёшларимизнинг дунёдаги энг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиши, хорижлик тенгдошлари орасида илмга чанқоқлиги, тиришқоқлиги билан ажралиб туриши бизни қувонтиради.

Улар эришаётган ютуқ ва муваффақиятлардан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аммо хотиржамликка берилиб бўлмайди. Бугунги глобаллашув шароитида, дунё тез ўзгараётган, турли давлатларнинг турлича манфаатлари ўзаро тўқнаш келаётган, бинобарин, ахборотлар хуружи авж олиб, ёшлар онги ва қалби учун мислсиз кураш тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда маънавий тарбия билан доимий равишда шуғулланишимиз, бу борада бўшлиқ пайдо бўлишига асло йўл қўймаслигимиз лозим. "Барчамизга аёнки, – деб таъкидлайди Президентимиз, – қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади"[2].

Тарбияли, одоб-ахлоқли, ватанпарвар – маънавиятли бўлиш учун бир кун эмас йиллар керак. Фақат мактаб эмас, бу борада, оила, маҳалла ҳам тенги йўқ куч эканини эсдан чиқармаслик зарур. Дарсдан кейин болалар тарбияси асосан улар қарамоғида бўлади. Ёшлар ўртасидаги ўзаро муносабат, ҳуқуқбузарлик, кийиниш маданиятига эътиборсизлик, оилалардаги салбий ҳолатларнинг олдини олишга мазкур тарбия ўчоқлари ҳам бефарқ бўлмасликлари лозим. Тарбия жараёнига етарлича эътибор бермаслик маҳсули эртага жиноят, беҳаёлик, турли диний экстремистик оқимларга кириб кетишлик ёки ғоявий таъсирларга тушиб қолишлик, жамиятимизда нолойиқ инсонларнинг пайдо бўлишига, оилаларнинг фарзанд доғидан куйишига сабаб бўлади. Улар нафақат оиласига, жамиятга, унда яшаётган турли миллат ва дин вакилларига, осуда ҳаётга, фаровон турмуш тарзига, тинчликка рахна солувчи кишиларга айланадилар.

Демак, аҳлоқ инсоннинг маънавий қиёфасини белгиловчи сифатдир. Аҳлоқнинг таърифи қандай, аҳлоқийликнинг мезони нималарда ифо-даланади? — деган саволлар туғилади. Бу ижтимоий онгнинг муайян шакли сифатида кишиларнинг юриш-туришини, уларнинг жамият олдидаги бурчи, масъулияти, ўзаро алоқалари, ижтимоий меҳнатга муносабатлари сингари ҳаракатларини тартибга солувчи меъёрий қоидалар мажмуидан иборатдир.

Кишиларнинг хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи меъёр ва тамойиллар тизими бўлмиш аҳлоқ этикадан – илми ахлоқдан, яъни аҳлоқ назариясидан фарқланади.

Ахлоқ илми бир бутун фандан иборат бўлиб, турли қисмлар ва умумий қоидаларни ўз ичига олади. Шу умумий қоидаларни хотираларида сақловчилар унинг қисмларини ўрганишга ҳаракат қиладилар, кўнгилда сақлаб, ўзгаларга ҳам сингдиришга муяссар бўладилар. Умумий аҳлоқий қоидалардан бири, ҳадисда келтирилган "Ўзинг учун суйган нарсани, бошқалар учун ҳам суй" деган ҳадиси шарифда чиройли айтилган. Мана шу ҳикматда энг соғлом аҳлоқий фазилат ўз ифодасини топган. Бу умуминсоний аҳамиятга эга бўлган аҳлоқий фазилат ва маънавий қадрият ҳамдир. У бошқа кишилар билан муомалада қилинадиган амални, авваламбор ўзингга татбиқ этиш лозимлигини ифодаловчи талабдир.

Ҳадисда келтирилишича, “Нажот – ростгўйликдадир”3. Болани алдаш мумкин эмас. Чунки, ахборот тизими тобора ривожланиб бормоқда. Кўпгина оилалар замонавий телекоммуникация ва Интернет воситаларидан фойдаланишади. Ота-она йўғида болалар телевизор кўрмайди, дунёдаги нарсалардан бохабар бўлгиси келмайди, деб айта олмаймиз. Чунки, ўсмир болалар қизиқувчан бўлади.

Ҳозирги кунда мухлислар эътиборига ҳавола қилинаётган турли жанрлардаги ижод намуналарининг туб моҳияти, мазмуни ёшлар маънавиятини нимага етаклаши ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, улар томоша қилаётган санъат асарлари ўғил-қизларга нимани ўргатишига эътиборли бўлишимиз лозим.

Айрим енгил-елпи ёзилган ва эфирда такрор-такрор берилаётган "ижод" намуналари ўсиш, шаклланиш палласидаги ўсмир-ёшлар дидини чархлаш ўрнига ўтмаслаштиради, албатта. Фарзандларимизда оддий инсоний фазилатлар, самимий туйғулар мустаҳкамланишида мусиқа, кино санъатининг ҳам ҳаётий таъсири борлигини эътироф этиш жоиз. Бинобарин, оилада ҳам, жамиятда ҳам болалар, ўсмир-ёшлар доим тақлид қилишга мойил эканини унутиб бўлмайди. Бу уларнинг дунёни ўрганишга, ҳамма нарсани билиш ва уддалашга бўлган эҳтиёжи билан ҳам боғлиқ. Шу билан бирга, томошабинда ҳам ўз маънавиятига, дидига нисбатан масъуллик ҳисси бўлмоғи даркор. У нимани томоша қилиш, эшитиш ёки ўқишни танлай билиши ҳам керак. Чунки араб мақолларида келтирилганидек, “Ёшликда олинган илм-тарбия тошдаги нақш кабидир4”.

Шунинг учун ҳам ота-она ўз фарзандини бадиий китоб, газета-журнал ўқишга, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган фильмларни кўришга, қўшиқларни эшитишга ёшлигиданоқ ўргатиб борса, шунингдек, касб-ҳунарга рағбатлантириб, илмли, соғлом эътиқодли қилиб тарбияласа, у кўр-кўрона бошқаларга эргашмайди, ўз қарашларига эга бўлади. Шунинг учун ҳам такрор айтамизки, бола тарбияси учун ота-она масъул.

Таъкидлаш жоизки, дунёдаги фаол фуқаролик позициясига эга бўлган инсонларнинг Интернетдаги бузғунчи сайтлар ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётгани борасидаги ҳақли фикрлари халқаро жамоатчилик томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

“Аssociated Press” ахборот агентлиги маълумотига кўра, бугунги кунда 4 миллиондан ортиқ веб-ресурслар ўз мижозларига вояга етмаганлар иштирокида суратга олинган шаҳвоний расмларни тақдим қилмоқда. Сўнгги беш йилда Интернет тармоғидаги порноконтингент тўрт маротабага кўпайган. Болалар порнографияси бор сайтларда исталган вақтда 750 мингдан ортиқ ахлоқан бузуқ ҳолатдаги болалар суратларини топиш мумкин. Европа глобал тармоғида бузғунчи сайтлар мавжудлиги ҳамда вертуал фирибгарликлар таъсирига тушиб қолиши мумкинлигини инобатга олмаган ёшлар турли сайтларга “сайр қилиши” туфайли руҳий ва ҳатто жисмоний саломатлигига зиён етказувчи ахборотлар домига тортилаётганидан кўпчилик ташвишда5.

Г.Торонинг: “Энг нозик ниҳоллар ҳам тошдан қаттиқ ерни, қояларни ёриб ўсиб чиқади. Яхшилик ҳам худди шундай. Ҳеч қандай тиғ, ҳеч қандай қурол инсон саховатини қудратига тенг кела олмайди. Унга қарши туролмайди”6, деган фикрлари таълим-тарбияга ёшликдан эътибор беришга ундайди. ” Ўзбекистонда узлуксиз таълим мазмуни ва тарбия тизими орқали ўқувчи ёшлар, талабаларда Ватани, халқига содиқлик ва меҳр-муҳаббат, миллий ғурур, миллатлараро мулоқот маданияти, инсонпарварлик, мустақил, эркин ва теран фикрлилик, ташаббускорлик, фидойилик, юксак масъулият ва бурч, қалби поклик, мустаҳкам иродалилик каби комил инсон учун зарур бўлган характер сифатлари махсус, илмий асосда шакллантириб борилади.

Мамлакатимизда ўқувчи ёшлар дунёқарашини тарбиялаш масаласига бағишланган айрим тадқиқотларда эътиқод тарбияси муаммосига ҳам мурожаат қилинмоқда. Д.Мирзажонова ва М.Умаровалар бу ҳақда шундай ёзадилар: «Соғлом дунёқараш ҳамда эътиқодни ёшлар онгида шакллантиришнинг қуйидаги асосий объектив шарт-шароитлари ва омилларини ажратиш мумкин:

а) ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий муҳит;

б) соғлом ғоялар;

в) сиёсий онг ва ҳуқуқий маданият;

г) ёшларнинг маълумоти даражаси;

д) янгича, илғор фикрлашга ўтиш;

е) ота-оналар саводхонлиги;

ж) боболар ва момолар тарбияси7.

Бошланғич синф ўқувчиларида соғлом эътиқодни тарбиялашда оила ва оила аъзоларининг роли етакчилик қилади. Шу сабабли биз кичик ёшли ўқувчиларда эътиқод тарбиясини энг муҳим омил сифатида эътироф этамиз. Халқимиз қадим-қадимдан оилани муқаддас даргоҳ, янги авлод тарбия қилинадиган асосий тарбия ўчоғи, деб билади. Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни катта экани халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади» деган ҳикматида ҳам ўз ифодасини топган.

Соғлом эътиқодлиликни шакллантириш юртимизда асрлар давомида шаклланган ислом динида эътиқод тарбиясининг мазмунига махсус тўхталиш зарурлигини тақозо қилади.

Ўқувчиларда виждонийликни тарбиялаш – соғлом эътиқодни шакллантиришнинг марказий вазифаси бўлиб, ундан мақсад ҳар бир болада ўзининг ўқувчилик, фарзандлик, ватанпарварлик, бўлажак фуқаролик бурчларини мукаммал англашига ва уларга амал қилишга, доимо ва ҳамма жойда ростгўй бўлишга, миллий одобга, ватанпарварликка, миллатлараро тотувликка, динлараро бағрикенгликка, миллий ғурурга интилиш ва унга зид хатти-ҳаракатни таний билиш ҳамда уларга қарши туриш, ваъда берса мукаммал бажаришга, билмаган ҳолда хато ёки гуноҳ қилса, дарҳол ўзи кечирим сўрай олишга, ёлғончилик, тутуруқсизлик, субутсизликни доимо, ҳамма жойда қоралашга қодирликни шакллантиришдан иборат.

Бизнинг менталитетимиз диний-миллий асосларига кўра, фарзандларни турли ноўрин ва нотўғри хатти-ҳаракатлардан сақлаш, ақл-заковатли, ор-номусли қилиб тарбиялаш оила масъуллари учун мажбуриятдир. Бу масъулиятнинг қанчалик муҳим ва юксаклигини таъкидлаб, Муҳаммад Пайғамбар оила бошлиқларига қарата шундай деган эдилар: «Сизларнинг ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагиларга масъулдир»8.

Оилани муқаддас билиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Зеро, америкалик философ Ж.Сантаяна таъкиджлаганидек6 “Оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир”9. Оила муҳити қанчалик мусаффо бўлса, унда тарбия топган фарзандлар ҳам шунчалик пок ва беғубор бўладилар. Фарзандлар гўзал ахлоқли, одобли бўлишлари учун эса, аввало, улар оилада, мактабда ва кўпчилик орасида тўғри тарбияланиши керак.

Демак, фарзанд тарбияси келажак авлод бахтли-саодатли бўлишининг асоси бўлгани учун ҳам бу масала доимо муҳим аҳамият касб этади.

Ҳадисларда келтирилган яна бир ҳикматда: “Гўзал аҳлоқли киши шу гўзал аҳлоқи сабабидан нафл намоз ва нафл рўза тутувчилар ҳамда кечаларда ибодат қилувчилар даражасига кўтарила оладилар", – дейилади.

Демак, гўзал аҳлоқ исломда инсонга хос яхши фазилат ва баркамолликнинг ифодаси ҳисобланади. Чунки кечалари нафл намоз ўқиш, нафл рўза тутишнинг савоби шу кишининг ўзи учун фойдалидир. Унинг учун бу амалларинг савоби охиратда бўлади. Аммо гўзал аҳлоқнинг фойдаси шу оламда бошқалар учун ибратли ишларда ифодаланади. Гўзал аҳлоқ соҳибининг баркамоллиги жамиятда бошқа одамлар учун сабоқ бўлиб хизмат қилади, унинг амалий хатти-ҳаракатлари бошқалар учун ибратдир. Шу боисдан гўзал ахлоқнинг фойдаси, ўзи ва бошқалар учун ҳам тааллуқлилиги уқтирилади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ёшлар ўртасида маънавий тарбияни янада мустаҳкамлашимиз, тарғибот-ташвиқот ишларида йигит-қизларнинг бугунги дунёқараши, билими, хабардорлик даражаси ва албатта, қизиқишлари, талаб-эҳтиёжларини тўла ҳисобга олишимиз муҳимдир. Чунки улар – миллатнинг келажаги, бугунги бунёдкорлик ишларимизни эртага ишонч ва эътиқод билан давом эттирадиган, янги юксак марраларни эгаллай-диган ворисларимиздир.

Зотан, виждони соф, эътиқоди соғлом, сабр-бардошли ўқитувчининг ҳам, ўқувчининг ҳам, ота-она ва фарзанднинг ҳам юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлиши юқорида таъкидлаб ўтилган эзгу мақсадларимизга ҳамоҳангдир.

 

Илёс Мирзиётов,

педагогика фанлари номзоди.

 

В данной статье подробно рассуждается об огромном значении воспитания молодого поколения в духе любви к родине, гуманизма, межнационального согласия и религиозной толерантности в наши дни, и особенно для будущего, а также об основных факторах и способах выполнения данной злободневной задачи – крайне важной для развития нашей науки и нашего общества.

Автор статьи, предлагая нашему вниманию широкую информацию о мерах, осуществлявшихся и осуществляющихся в этом направлении в нашей стране в годы независимости, приводит точные цифры и жизненные доводы. А также он с особенной гордостью отмечает всемирно известные достижения в этой сфере; вместе с тем в статье отдельно приведены полезные рекомендации, предложения для лиц и учреждений, ответственных за обучение и воспитание молодого поколения.

The article touches upon one of the most fundamental present-day issues, such as training the younger generation in the spirit of patriotism and religious tolerance as well as certain factors leading to the realization of these intentions.

The author of the article provides detailed information on the results of measures implemented in this direction throughout the period after the independence of the republic. There are also some recommendations and suggestions for those who bear responsibility for the upbringing and education of the youth.


[1] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: Маънавият, 2008. Б. 62.

[2] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: Маънавият, 2008. Б. 116.

3 Минг бирҳадис.

4 Халидов Б.З. Учебник арабского язқка. Т., 1981. Б. 105.

5 Ахлоқсизликка қарши. Жамият” газетаси, № 38 (155). 2009. –Б. 14.

6 Торо Г. Тафаккур гулшани. Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. Б. 58.

7 Мирзажонова Д., Умарова М. Ўсмирларда миллий истиқлол ғояларини ҳамда мафкуравий тасаввурларни шакллантиришнинг қулай имкониятлари // Тошкент: Uzluksiz ta’lim: Ilmiy-uslubiy jurnal, 2002.–3-сон. –Б. 49.

8 Муҳйиддин ан-Нававий. Риёз ас-солиҳин. Байрут. 1996. Б. 248.

9 Сантаяна Ж. Тафаккур гулшани. Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. Б. 399.