ДИНИЙ ГЛОБАЛЛАШУВНИНГ МАЗМУН ВА МОҲИЯТИ
Глобаллашув шароитида диний соҳа ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади. Ҳозирда тезкорлик, очиқлик, эркинлик тамойилларига асосланган интеграция жараёнларининг чуқурлашиб бораётгани барча соҳаларнинг ривожланиши учун кенг имкониятларни вужудга келтирмоқда. Шунингдек, бир томондан, янги ташкил топган давлатларда миллий ва диний ўз-ўзини англаш жараёнлари кечаётган бўлса, иккинчи томондан, маданиятлараро ўзаро таъсир кучайиб, жамият соҳалари доирасида глобал яхлитлашиш тенденцияси вужудга келмоқда.
Айни пайтда, турли сиёсий кучлар томонидан диний омилдан ғаразли мақсадларга эришишда янги усул ва воситаларнинг қўлланилаётгани диний экстремизм, терроризм муаммоларининг чуқурлашишига олиб келмоқда. Ушбу ҳодисаларнинг қисқа вақт мобайнида глобал характер касб этаётгани эса, ҳозирги даврда диний соҳа ривожланиши масаласини атрофлича тадқиқ этишга бўлган эҳтиёж тобора ошаётганини кўрсатмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Глобаллашув жараёни ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий омили ва сабаби хусусида гапирганда шуни объектив тан олиш керак – бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан шундай чамбарчас боғланиб боряптики, бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмаслигини тушуниш, англаш қийин эмас”[1].
Маълумки, глобаллашувнинг вужудга келиши ҳақида турли-туман қарашлар, ёндашувлар мавжуд. Уларнинг бирида глобаллашувда сиёсий омилнинг ўрнига алоҳида эътибор берилган бўлса[2], бошқасида иқтисодий жиҳатлар[3] ёки демографик жараёнларга[4] урғу берилганини кўриш мумкин. Шунингдек, улар орасида глобаллашув ахборот технологияларининг мислсиз такомиллашуви натижаси экани ҳақидаги ёндашув ниҳоятда устувордир. Албатта, ушбу ёндашувларнинг ҳар бири ўзининг рационал изоҳларига эга.
Шундай бўлса-да, “глобаллашув – бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви...”[5] экани ҳақидаги фикрдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, реал воқелик жаҳон саҳнидаги мавжуд динлар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ҳам интенсивлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса, диний йўналишдаги ўзаро алоқаларда барқарорликка эришиш зарурлигини англатади.
Ҳозирги даврда динлараро соғлом мулоқот жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида ҳамжиҳатлик ва бирликка эришишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Чунки диний глобаллашув жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида кечаётган интеграциялашув, универсаллашув, яхлитлашув жараёнлари билан узвий боғлиқ равишда ривожланмоқда. Масалан, жаҳон сиёсий ёки иқтисодий тизимига интеграциялашаётган турли цивилизация, маданият ва динга мансуб давлатларнинг глобал маконда муайян мавқега эришишлари кўп жиҳатдан улар эътиқод қиладиган динлараро соғлом мулоқотнинг барқарорлигига ҳам боғлиқ.
Шу ўринда, диний йўналишдаги глобаллашувнинг мазмунини аниқлаб олиш муҳим аҳамиятга эга. Айрим мутахассисларнинг фикрича, глобаллашув анъанавий динларнинг заифлашишига, ноанъанавий динларнинг эса кучайишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, улар глобаллашув шароитида диний маросимлар аҳамиятининг пасайиб бориши, айни пайтда, у ёки бу диннинг ижтимоий хизмат кўрсатишдаги ўрнининг мустаҳкамланиб боришини таъкидлайдилар[6].
Яна бир гуруҳ мутахассислар фикрларининг таҳлилидан диний глобаллашув, энг аввало, жаҳон ва анъанавий конфессиялар билан бирга инсоният учун кўп жиҳатдан номаълум бўлиб келган турли диний эътиқодларнинг ўзини намоён қила бошлагани билан изоҳланиши маълум бўлади[7].
Шунингдек, мутахассислар ислом дини номидан ўз ақидапаратслик ғояларини тарғиб этувчи айрим куч ва оқимлар томонидан глобаллашув ҳиндуий ва христианлар тарафидан исломга қарши уюштирилаётган агрессия тарзида баҳоланаётгани ҳақида ҳам ёзмоқдалар[8].
Диний глобаллашувга кўп қутбли дунё тартибининг шаклланиши билан ўзгариб бораётган геосиёсий жараёнларнинг таъсири катта экани ҳақидаги ёндашув ҳам эътиборга молик. Хусусан, В.Немыченков: “... эндиликда геосиёсий қарама-қаршиликлар аксарият ҳолларда турли маданиятларни юзага келтирган динлар ва конфессияларга доир цивилизациявий атамаларда баён этилмоқда”[9], — деб ёзади.
Диний соҳада глобаллашувнинг тавсифи келтирилган ушбу фикрлар турли фан соҳалари мутахассислари томонидан илгари сурилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида реал воқеликнинг у ёки бу жиҳати акс этганини таъкидлаш жоиз.
Шундай бўлсада, ҳозирда моҳиятан инсоният маънавий маданиятининг муҳим қисми бўлган дин глобаллашув таъсирида бўлган бошқа ижтимоий институтлар қаторида ўзига хос ички қонуниятлари асосида ривожланиб, умумбашарий аҳамиятга молик жараёнларда ўз аксини топмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бизнингча, диний глобаллашув, бир томондан, жаҳондаги барча мавжуд динларнинг глобал маконда ўз ўрнига эга бўлишга интилишининг кучайиши, иккинчи томондан, айрим сиёсий кучларнинг диннинг таъсирчан функциясидан ғаразли мақсадларни амалга оширишнинг механизми сифатида фойдаланиш ҳолларининг авж олиши билан характерланади.
Айни пайтда, диний глобаллашув феноменида ажратиб кўрсатилаётган ушбу икки тенденция инсоният тараққиётига таъсири нуқтаи назаридан ижобий ва салбий йўналишларда кечмоқда.
Маълумки, сўнгги йилларда диний омилдан экстремистик, халқаро террористик ҳаракат ва оқимлар кенг фойдаланмоқда. Таҳлил диний соҳага бевосита дахлдор ушбу глобал ҳодисаларнинг тобора чуқурлашиб ва кенг қамров касб этиб бораётганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, бугун дунё бўйича 500 га яқин террорчилик ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Биргина 2009 йил 25 октябрда Ироқнинг Бағдод шаҳрида амалга оширилган террорчилик хуружи оқибатида 130дан зиёд киши ҳаётдан кўз юмган. Бир йил мобайнида бутун Ер юзида содир этилган терактлар ва уларнинг оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони бир неча ўн мингни ташкил этмоқда.
Айни пайтда, замонавий терроризмнинг, бир томондан, тобора шафқатсиз, ғайриинсоний моҳият, иккинчи томондан, ақлга сиғдириш қийин бўлган жуғрофий кўламлар касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлаш муҳим[10].
Глобаллашув жараёнларининг тез суръатларда ривожланишини таъминловчи асосий омил – замонавий ахборот коммуникация технологиялари ҳам бузғунчи кучлар томонидан ғаразли мақсадлар доирасида кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, манбаларда келтирилишича, сўнгги йилларда террористик ташкилотлар ва уларнинг ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишга қаратилган веб-сайтларнинг сони бир неча баробарга ошган. Хусусан, 10 йил аввал бундай сайтлар 20 та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб турли сегментларда жойлаштирилган ушбу вайронкор ресурсларнинг сони 5000 дан ортиб кетган[11]. Яна бир манбада террористик мазмундаги сайтларнинг аксарият қисми Ғарб мамлакатлари, хусусан АҚШ сегментларида жойлашгани қайд этилган[12].
Шунингдек, ҳозирги кунда, дунёнинг турли минтақаларидаги ислом дини ниқоби остидаги террористик ташкилотлар фаолияти айрим исломий характердаги ноҳукумат тузилмалар томонидан мафкуравий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани[13] ҳам мусулмон дунёси тўғрисида салбий тасаввур ва тушунчаларнинг пайдо бўлишига омил бўлмоқда.
Албатта, ушбу иллатлар келтираётган моддий ва маънавий зарарларга доир факт ва рақамларни яна келтириш мумкин. Бироқ, баён қилинган далилларнинг ўзи ҳам муаммонинг нақадар жиддий эканини англаш учун кифоя қилади.
Глобаллашув узлуксиз ўзаро таъсирда бўлган кўплаб тиллар, дунёқарашлар, маданиятларнинг мавжудлиги шароитида юз бермоқда. Бу ўз навбатида, турли динлар ўртасида ҳам ўзаро алоқаларни тақозо этади. Шунинг учун, ҳозирда диний ташкилотлар фаоллиги ортиб бормоқда. Улар инсониятни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш жараёнида иштирок этишга тобора кўпроқ интилмоқдалар. Чунки пайдо бўлаётган глобал муаммолар, вужудга келаётган таҳдидларни жаҳон ҳамжамияти аъзоларининг конструктив ҳамкорлиги орқали ҳал этиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирда динларнинг бир-бири билан яқиндан ҳамкорлик қилиши объектив заруриятдир. Албатта, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар диний соҳадаги глобаллашувнинг позитив жиҳатларини характерлайди.
Айтиш мумкинки, динлараро соғлом мулоқотни ўрнатиш диний соҳада кечаётган глобаллашувнинг муҳим йўналишини ташкил этади. Чунки миллатлар ва халқларнинг турли динларга мансублиги умумий манфаатларни рўёбга чиқариш учун диний йўналишда ҳам мулоқотни тақозо этади. Зеро, акс ҳолда диний асосдаги зиддиятлар иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жиҳатдан оғир оқибатларга олиб келиши барчага маълум. Демак, динлараро мулоқот ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳал этишда улкан аҳамият касб этади. Зеро, мулоқот туфайли бошқа диний таълимотлар ва конфессионал бирликлар ҳақидаги нотўғри тасаввурларга барҳам бериш, баъзи диний жамоалар томонидан сунъий равишда “душман қиёфаси”ни яратишга уринишга ўрин қолдирмаслик, турли дин доирасидаги хатти-ҳаракатларга ишонч ва ҳурмат асосида ёндашиш, динлараро ва этнослараро муносабатларда уйғунликка эришиш ва табиийки, сиёсий зиддиятларни тугатиш имконияти пайдо бўлади.
Динлараро ва конфессиялараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва бу борада барқарорликка эришишда халқаро ташкилотлар муҳим ўрин тутади. Ҳозирда динлараро соғлом мулоқотни рағбатлантириш цивилизациялараро мулоқотни таъминлаш тизимининг узвий таркибий қисми сифатида БМТ, Европада Ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти каби тузилмалар фаолиятидан кенг ўрин эгаллаган. Бу йўналишда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йилни “Халқаро бағрикенглик йили”, 2000 йилни “Халқаро жаҳон маданиятлари йили”, 2001 йилни “БМТ шафелигидаги цивилизациялараро мулоқот йили”, 2001—2010-йиллар оралиғидаги даврни эса Халқаро нозўравонлик маданияти ва сайёрамиздаги болалар манфаати йўлида тинчликни таъминлаш ўн йиллиги, деб эълон қилингани глобал диний ҳаётдаги асосий ижобий ўзгаришлардан ҳисобланади.
Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг Ислом конференцияси ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги ҳар йили имзоланадиган резолюцияси ҳам бу йўналишдаги муҳим тадбирлардан саналади. Ушбу резолюцияга мувофиқ 2001 йил май ойида Бутунжаҳон диний ва маънавий етакчилар саммити чақирилиб, БМТ қошидаги диний вакиллар Кенгаши таъсис этилди. Бундан ташқари, Европа Кенгаши Парламентлар Ассамблеяси томонидан “Ислом цивилизациясининг Европа маданиятига қўшган ҳиссаси” тўғрисида илгари сурилган тавсиялар ҳам динлараро соғлом мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги глобал аҳамиятга молик ишлар сирасига киради.
Динлараро мулоқотга кўмаклашувчи турли ноҳукумат халқаро ташкилотлар орасида Диний эркинлик халқаро Ассоциацияси (МАРС) ҳамда унинг мамлакатлардаги бўлимлари алоҳида ўрин тутади. Ушбу Ассоциация турли диний эътиқод эгаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида очилган бўлиб, ҳозирда диний конфессияларнинг ўзаро тенг мулоқоти учун қулай шароитларга эга кенг миқёсдаги форумлар шаклида фаолият олиб боради.
Умуман олганда, диний соҳадаги глобал ўзгаришлар турли цивилизациялар қадриятларини мувофиқлаштириш ва кенг миқёсларда динлараро мулоқотни таъминлашга конструктив ёндашув моделини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Ушбу долзарб вазифани самарали бажаришда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан бирга жаҳон динларининг ҳам бу жараёнда фаол иштироки талаб этилади.
Глобал миқёсда диний жараёнлар барқарорлиги кўп жиҳатдан давлат даражасида бундай муносабатларнинг тўғри йўлга қўйилганига боғлиқ. Давлат органлари ва диний уюшмаларнинг демократик асослардаги ўзаро ҳамкорлиги орқали маҳаллий кўламдаги динлараро муносабатлар тартибга солинади. Шу маънода, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ибратли ишлар амалга оширилгани бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакатимизда барча эътиқод вакилларига тенг имкониятлар, шарт-шароитларнинг яратилгани юртимизнинг диний глобаллашув жараёнларида ижобий маънода кенг иштирок этишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Биргина, АЙСЕСКО ташкилоти томонидан 2007 йилда Тошкент шаҳрининг ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани Ўзбекистоннинг диний интеграция жараёнида тутган муносиб ўрнини характерлайди.
Хулоса қилиб айтганда, биринчидан, диний глобаллашув турли маданият ва цивилизациялар ўртасида умумий манфаатлар доирасида ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Иккинчидан, диндан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолларининг олдини олиш глобал миқёсда диний ҳаётни тартибга солиш мақсадида қабул қилинаётган қарорларнинг ижросини таъминлаш механизмларининг реал воқелик талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилишига боғлиқдир.
Камол Камилов,
Тошкент ислом университети
“Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий
ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси тадқиқотчиси.
[1] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: Маънавият, 2008. Б. 111.
[2] Қаранг: Гаджиев К.С. Введение в геополитику. М.: ЛОГОС, 2000. С. 432.; Глобализация и моделирование социальной динамики. М.: Институт социальных наук, 2001. С. 237.; Крылова И.А. Проблема безопасности России в контексте глобализации. М: Институт философии РАН, 2001. С. 94.; Глобализация и моделирование социальной динамики. \ Отв. ред. Николаев В.Р. М.: Институт социальных наук, 2001. С. 212 .
[3] Қаранг: Геогенезис: философия и методология геоэкономики и геофинансов. Научный альманах высоких гуманитарных технологий. \ Под. ред. Ивановой Г.М. М.: НАВИГУТ, 2003. С. 250 .
[4] Қаранг: Практическая демография \ Под. ред. Л.Л.Рыбаковского. М.: ЦСП, 2005. С. 164.; Рыбаковский Л.Л. Миграция населения. Три стадии миграционного процесса. (Очерки теории и методов исследования). М.: УФН, 2000. С. 164.
[5] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: Маънавият, 2008. Б. 111.
[6] Қаранг: Алексеева Т. «Реванш кочевников» или ценностное осмысление глобализации // «Космополис», 2003. № 2 (4). С . 41-46.
[7] Гордеев К. Глобализация против христианства. http://www.zaistinu.ru/skrest/sk/100 shtml.; Аскеров Э. Колонка редактора. http://www.qutb.org.; Сидеров В. Глобализм – последний этап попытки колонизации Православного Востока. http://www.zaistinu.ru/news/global/sid 250102.shtml.; Подберезский И.В. Вызовы глобализации. http://www.religare.ru.
[8] Қаранг: Игнатенко А. Убийственная благотворительность - http://www.i-r-p.ru/page/stream-trends/index-9774.html.
[9] Немыченков В. Использование религиозного фактора в целях разложения стран с традиционной культурой. // Вестник Мирового общественного форума «Диалог Цивилизаций» 2004, № 3. С. 103.
[10] Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари: Ўқув қўл. / Масъул муҳаррир А.С.Очилдиев. Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2008. Б. 115.
[11] Қаранг: Количество террористических сайтов за 10 лет выросло на 2 порядка - http://www.securitylab.ru/news/308574.php.
[12] Қаранг: Количество сайтов террористических организаций выросло в сотни раз - http://www.rian.ru/society.
[13] Бу ҳақда қаранг: Александр Игнатенко. Убийственная благотворительность. http://www.i-r-p.ru/page/stream-trends/index.html.
















