Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик
жамиятини қуришда дин соҳасидаги сиёсат масалалари
Демократик ҳуқуқий давлат қуриш борасида республикамизда кенг миқёсли ишлар амалга оширилиб, бу йўналишда катта ютуқларга эришилди. Халқаро андозаларга жавоб берадиган ва миллий ўзлигимизни акс эттирадиган Конституция қабул қилинди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, жаҳон миқёсида эътироф этилган кўплаб халқаро декларация, конвенция ва ҳужжатларга қўшилди ва шундан келиб чиқадиган сиёсий ва ҳуқуқий қоидалар республикамизнинг сиёсий тараққиётида ва ҳуқуқий меъёрий тизимни ривожлантириш жараёнида инобатга олинмоқда. Лекин бу борада ҳали муайян муаммолар ҳам мавжуд. Чунки қисқа вақт мобайнида бундай ҳар томонлама ва чуқур ўзгаришларни амалга ошириш жуда қийин. Айни пайтда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, демократиянинг қамров доираси кенгайиб, ривожланиб бораётганини ва ҳар бир мамлакатда ўзига хос тарзда намоён бўлаётганини таъкидлаш зарур.
Демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш, баркамол авлодни шакллантириш – Ўзбекистон тараққиётини таъминлашнинг устувор йўналишлари сифатида амалга оширилмоқда.
Кўпгина ривожланган давлатларда фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришга муайян даражада эришилган бўлса-да, уни янада такомиллаштириш жараёни давом этмоқда. Фуқаролик жамияти тушунчаси асосида инсон эркинлиги, унинг барча кўриниш ва муносабатларда намоён бўлиши ғояси ётади. Хусусан, у иқтисодий соҳада хусусий мулкка эга бўлиш, сиёсий соҳада сиёсий ҳаётда иштирок эта олиш, ҳуқуқий соҳада тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий соҳада уюшмаларга бирлашиш, диний соҳада – виждон эркинлиги, маданий соҳада – маданий хилма-хиллик, миллатлараро ва ирқлараро муносабатларда – миллатлар, ирқларнинг тенглиги ва толерант муносабатда бўлиши, коммуникация соҳасида – ахборотларни эркин айирбошлаш ва сўз эркинлиги, мафкуравий соҳада – ғоявий хилма-хиллик, плюрализм, миграция соҳасида – инсоннинг яшаш жойини эркин танлаш, руҳий соҳада – инсон ҳурфикрлилиги ва фикрларнинг тенг ҳуқуқли рақобати асосида ривожланиши орқали амалга ошади, деб эътироф этилади. Воқеликда, амалиётда бу соҳаларда идеал ҳолатга муайян даражада яқинлашиш имкониятлари борлигини инсониятнинг тарихий тажрибаси кўрсатди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг дунёда энг ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилиш ҳамда фуқаролик жамияти ҳамда дунёвий, демократик адолатли ҳуқуқий давлатни шакллантириш мақсадини ўз олдига қўйди. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги замон цивилизациясига хос сиёсий фаолият ва уюшувнинг ўзимизга мос тизимлари, янги сиёсий институтлар ва технологиялар, жамият сиёсий ҳаётида қатнашишнинг асосий шакллари (икки палатали парламент, демократик сайловлар, референдумлар, умумхалқ муҳокамалари) яратилди. Бу борада жаҳонда ишлаб чиқилган, ривожланган демократик давлатларга хос бўлган кўппартиявийлик тизими, нодавлат ташкилотларнинг фаоллиги ва жамият ҳаётида ҳар томонлама қатнашиши мамлакатимизнинг ўзига хос вазиятига мос равишда рўёбга чиқмоқда.
Яқин ўтмишда хусусий мулк тақиқланган ва оқибатда иқтисодий фаолият эркинлиги йўқ қилинган эди. Инсон фаолияти ва моҳияти яхлитлиги нуқтаи назаридан иқтисодий эрксизлик бошқа соҳалардаги эркинликларнинг ҳам шаклланишига тўсиқ бўлди. Шунинг учун ҳам, яқин ўтмишда эълон қилинган эркинликлар кўп жиҳатдан рўёбга чиқмай декларация шаклида қолиб кетди. Шу сабабли республикалар мустақилликка интилди ва оқибатда истиқлолга эришди. Давлатимиз мустақиллиги миллатимизнинг энг юксак неъмати ва миллий эркинлигимизнинг асосидир.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қуриш ўтиш даври қийинчиликларини мумкин қадар камайтириш, турли ижтимоий иллатлар, адолатсизликларнинг олдини олиш йўли билан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон бир қатор бошқа давлатлар каби фуқаролик жамиятини қуришда инсоният аввал босиб ўтмаган, янги йўлдан бормоқда. Бу йўлда тоталитар тузум давридагидан фарқли равишда инсон фаоллиги, эркинлиги, ташаббуси ва ижодкор кучини ривожлантириш асосида фуқаролик жамияти қурилиши мўлжалланмоқда.
Давлат, жамият ва инсон муносабатлари аввал мустабид тизим даврида аксилгуманистик, яъни инсонни камситувчи шаклда қаралар эди. Инсон давлат ва жамиятнинг заиф бир бўғини сифатида қаралиб, инсон манфаатлари давлат ва жамият манфаатлари амалга ошиши учун қурбон қилиниши мумкин эди. Ижтимоий гуруҳлар манфаатлари ҳам давлат манфаатлари амалга ошиши учун қурбон қилинар эди. Яъни давлатда мустабид, нодемократик жамият шаклланган эди. Эндиликда, мустақил мамлакатга айланган Ўзбекистон демократик, гуманистик жамият қурилиши йўлидан бормоқда. Бу борада жамиятнинг барқарор ривожланиши асосида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тадрижий ва тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар туб, сифатий ўзгаришларнинг асосини ташкил этади.
Диний тафаккурнинг сиёсийлашув жараёни глобал миқёсда, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда экстремизмнинг кенг тарқалган шакли бу диний экстремизмдир. Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашда давлатимизнинг дин соҳасидаги илмий асосланган сиёсати катта аҳамиятга эга. Барча ривожланган давлатлар демократия, инсонпарварлик ва дунёвийлик тамойилларига амал қилади. Уларда виждон эркинлиги ҳуқуқий кафолатланган бўлиб, толерантлик (бағрикенглик) ҳал қилувчи тамойил сифатида эътироф этилади.
Толерантлик, бағрикенглик муносабати барча ижтимоий гуруҳлар ва шахслар орасида амалга оширилган тақдирдагина дунёвий давлат ва жамият барпо этилиши мумкин. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш дунёвий демократик давлат қуришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Шундай экан, дунёвий давлатни ўз идеали таркибига асос қилиб қабул қилмайдиган ижтимоий гуруҳлар, сиёсий партиялар давлат ҳокимиятига эришиш учун бўладиган демократик, кўппартиявий рақобатда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, инсонпарварлик тамойили бузилиши учун «қонуний» йўл сақланиб қолган бўлади. Ўзбекистон Республикасида дин соҳасидаги сиёсат қонунийлик, демократия, дунёвийлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойиллари асосида олиб борилмоқда. Конституция ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда диннинг давлатдан ажратилгани, виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатлангани ҳамда диний экстремизмга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари ифодаланган.
Диний экстремизм конфессиялараро муносабатлардаги муаммолар асосида пайдо бўлмаслиги учун инсонларнинг диний эътиқодидан қатъи назар тенгҳуқуқлилиги қонуний равишда кафолатланганлиги катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси асосида ушбу тенгҳуқуқлилик таъминланган. Конфессиялараро муносабатларда инсон эркинлигини таъминлаш учун виждон эркинлиги ва толерантлик тамойили ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Фуқаролик жамиятида ҳар бир инсон истаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслиги мумкин. Бу инсон руҳий эркинлигининг ҳал қилувчи тамойили ва ажралмас хусусиятидир. Шу сабабли фуқаролик жамиятини қурувчи барча давлатларда виждон эркинлиги тамойили Конституция даражасида кафолатланган. Ўзбекистон Конституцияси 31-моддасига биноан “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Ўзбекистон Республикасида бундай кафолатларнинг таъминлангани мустақил мамлакатимизда дунёвий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига биноан миллий ва диний руҳдаги сиёсий партиялар ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланган. Жаҳон ҳуқуқшунослик фани тажрибаси асосида қабул қилинган бу қоида давлатимизда миллий ва диний асосда низо пайдо бўлишининг олдини олиш учун хизмат қилувчи конституциявий кафолатдир.
Жамият барқарорлигига тўсиқ бўлувчи диний экстремизм иллатидан ташқари яна бири терроризмдир. Бу ҳодисага давлатимиз ўзининг ижтимоий ва сиёсий тараққиёти давомида дуч келди. Бундай террористик фаолиятда баъзи юртдошларимиз ҳам иштирок этмоқда. Ўзбекистонда бундай фаолият тақиқланганлиги ва уни олиб борувчи ташкилотлар тарқатилиши давлатимиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган. Диний экстремизм ва терроризм ғоялари таъсирига берилганлар ҳар қанча уринмасинлар халқимизнинг келажакка бўлган ишончи, эътиқодини оёқости қилолмайдилар ҳамда ўзбек халқини ўзи танлаб олган демократик тараққиёт йўлидан қайтара олмайдилар. Зеро, халқимиз ислом динидан ўзларининг қабиҳ сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган бузғунчи кучларнинг асл мақсадини англаб етди ва мамлакатимизда олиб борилаётган виждон эркинлиги, диний бағрикенглик ва демократияга асосланган дунёвий давлат қуриш сиёсатини тўла қўллаб-қувватламоқда.
Б.Каримов,
Фал.ф.д., проф.,
ЎзР ФА Фалсафа ва ҳуқуқ институти
















